25-сон

alt

Муносабат

Зиммамиздаги масъулият янада ортади

Президент ташрифидан руҳланган сурхондарёлик «Адолат»чилар шундай дейишмоқда

Мамлакатимизнинг барча вилоятларида каби, Сурхон заминида ҳам истиқлол йилларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Қадимий маданият ва деҳқончилик ўчоғи, инсоният тамаддунига бе­қиёс ҳисса қўшган, дунёда камдан-кам учрайдиган ўсимлик олами ва табиатига эга, бағрикенг инсонлар яшайдиган бу маконда рўй бераётган ижобий ўзгаришларнинг ҳам шоҳидлари, ҳам иштирокчилари эканлигимиздан фахрланамиз, албатта.

Ахир фақат кейинги йилларнинг ўзида 525 миллиард сўмлик маблағ сарфланиб барпо этилган «Тош­гузар — Бойсун — Қум­қўрғон» темир йўли бутун мамлакатимиз, қолаверса, Марказий Осиё миқёсида тарихий аҳамиятга эга воқеа бўлди, Собиқ шўро даврида фақат ҳарбийларнинг ёпиқ қалъасига айланган Термиз шаҳри йигирма йил ичида таниб бўлмас даражада гўзаллашиб кетди. Яқин йиллар ичида Термизда бунёд этилган 10 минг томошабинга мўлжалланган замонавий стадион, замонавий «Бахт уйи» мажмуаси, Меҳрибонлик уйи, Термиз давлат университетининг муҳташам биноси, янги-янги мактаб, лицей ва коллежлар, тиббиёт ва маданият масканлари... Ўтган беш йил давомида вилоятимизда иқтисодий ўсиш суръатлари ўртача 8,7 фоизни ташкил этди. Бу йиллар мобайнида қишлоқ хўжалигидаги ўсиш 123 фоизга етди. Иқтисодиётнинг муҳим тармоғи бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ҳудудий маҳсулот таркибидаги улуши беш йил ичида 63,9 фоиздан 73,8 фоизга етди, бу эса мамлакатимиздаги энг юқори кўрсаткичдир. Вилоятимиз иқтисодиётига жалб этилган инвестиция ҳақида гапирганда, сўнгги беш йил ичида умумий қиймати 70 миллиард 600 миллион сўмлик 18 та лойиҳа амалга оширилганини таъкидлаб ўтиш кифоя.

Афсуски, эришилган ютуқларга қарамасдан, вилоят экспорт таркиби асосан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан иборат бў­либ қолмоқда. Демак, даврнинг ўзи вилоятда саноат корхоналарини янада ривожлантириш, экспортбоп маҳсулотлар тайёрлаш, таркибий ўзгаришларни янада жадаллаштириш, ишлаб чиқаришни диверсификация қи­лиш масалаларини кун тартибига қўй­моқда.

Бошқача айтадиган бўлсак, партиямизнинг сай­ловолди дастурида белгиланган вазифалар­ни аниқ ва изчил тарзда амалиётга татбиқ эта боришимиз лозим. 

Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Юртбошимиз вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш кўр­саткичларини чуқур таҳлил қилган ҳолда бугунги куннинг долзарб вазифалари хусусида ҳам куюнчаклик билан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Хусусан, фермер хўжаликларини замон талабларига мос равишда ривожлантириш, уларга барча шарт-шароитлар яратиб бериш, имтиёзли кредитлар билан таъминлаш, солиқ юкини камайтириш каби масалалар шулар жумласидандир.

Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида  умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига қамраб олиш борасидаги ишларнинг аҳволи ҳақида ҳам сўз юритар экан, келажагимиз давомчилари бўлган ёшларимизнинг пухта таълим олишлари, касб-ҳунар эгаси бўлиб етишишлари хусусида ҳам фикрларини баён этди.

Дарҳақиқат, бугун замон шиддат билан ўзгармоқда. Бу ўзгаришлар эврилишларида Ўзбекистонни янада ривожлантириш йўлида ёшларимиз билимли, ҳу­нарли, ўз ишининг устаси бўлмоқликлари учун барчамиз масъул, албатта.

Айниқса, қиз болаларни ўқитиш, уларнинг маълум касб-ҳунар эгалари бўлишларига кўмаклашиш бугуннинг муҳим вазифалари сира­сига киради. Чунки қўлида ҳунари бўлган қиз бола ҳеч қачон бировга қарам бўлмайди, оиласини тебратишга, фарзандлари тарбиясига доим тайёр бўлади.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати сифатида Президентимизнинг сўзларини диққат билан тингладим. Бу нутқ биз депутатлар зиммасига катта масъулият ҳам юклайди. Ўзбекистон «Адолат» СДП вилоят Кенгаши фаоллари ҳамда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари сессиядаги ушбу маърузани яна бир бор ўрганиб, олдимизда турган вазифаларни қатъий белгилаб олдик. Маҳаллалар, корхона ва ташкилотларда бўлиб, маъруза юзасидан сиёсий ўқиш, семинарлар ташкил этишни бошлаб юбордик.

Сулув ҲАМИДОВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП Сурхондарё вилоят

Кенгаши раиси,

халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати

===========

 

Ижро ҳокимиятларида нима гап!

Маданият уйи эмас, тўйхона керакми?

Бу саволга Янгиқўрғон туман ҳокимлиги ва халқ депутатлари туман Кенгашидаги энг кўп – 20 та ўринни эгаллаб турган «ХДП»чилардан жавоб кутиб қоламиз

Бундан икки йил муқаддам юртимизда аҳолининг маданий дам олиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида «2011-2015 йилларда маданият ва истироҳат боғларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари дастурини тасдиқлаш тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 322-сонли Қарори қабул қилинган эди.

Хўш, ушбу ҳужжатга мувофиқ жойларда, хусусан, Янгиқўрғон туманида Давлат дастурининг бажарилиши қандай кечмоқда?

Янгиқўрғонда бўлганимизда туман марказида жойлашган маданият ва истироҳат боғининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва боғ фаолиятини янада такомиллаштириш режаси ишлаб чиқилгани хусусида маълумот олдик. Режага кўра Ўзбекистон Республикаси архитектура ва қурилиш қўмитаси томонидан ишлаб чиқилиб, тасдиқланган намунавий лойиҳа асосида мазкур боғнинг ҳудуди, типи ва бошқа ҳужжатлари тайёрланиши, қурилиш ишлари ҳам ана шу лойиҳада кўзда тутилган ҳолда бошланиши лозим экан. Гарчи ҳозирга қадар ўша лойиҳанинг ўзи бўлмаса-да, туман ҳокимининг ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Баҳодир Кўпайсиновнинг таъкидлашига қараганда, мазкур боғда 2011 йилнинг дастлабки ойларидан буён анча-мунча ишлар амалга оширилган, шунга яраша маблағ ҳам сарфланган. Бу яхши, албатта. Бироқ бизнингча, ҳали мукаммал лойиҳаси тайёр бўлмаган объектга маблағ сарфланиши, режасиз иш бажарилиши ўзини оқламаса керак. Ахир кун келиб, бажарилган ишлар лойиҳа талабига мос келмай қолиши ҳам мумкин-ку.

Ҳужжатларда мазкур маданият ва истироҳат боғининг майдони 5 гектар деб кўрсатилган. Бироқ айни вақтда боғ ичида фаолият олиб бораётган ва яқин йилларда қуриб битказилган савдо ҳамда умумий овқатланиш бинолари ҳам шу майдон доирасида эканлиги кейинчалик қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб бориш учун монелик туғдирмасмикин? Зеро, бу биноларнинг аксари боғ майдонига орқа ўгирилган ҳолда қурилган. Айниқса, бу ердаги умумий овқатланиш шохобчаларининг таом тайёрлайдиган, идиш-товоқ ювадиган хоналари ва чиқиндилар ташланадиган  жойлари боғ ҳовлисидан ўрин олганлиги дам олувчиларга ноқулайлик туғдирмайдими?

Дарвоқе, туман ҳокимлиги томонидан тасдиқланган яна бир ҳисоботда  боғни кесиб ўтган Намангансой ҳамда сунъий кўл тозаланганлиги ҳам айтилади. Лекин бу гапга ишониш мушкул: сунъий кўлнинг бугунги аҳволи анчайин ачинарли.

Бундан ташқари, боғ директори томонидан 4 та аттракцион, чархпалак, «Вертолёт», кема, 3 та «ракета» таъмирланиб бўялганлиги, «Юра парки» ҳайвонларининг ҳайкаллари ҳамда боғ дарвозаси ўрнатилганлиги айтилади. Аммо бугун бу ерга ташриф буюрган дам олувчи узоқ вақтдан буён айланмайдиган «Чархпалакни», аксари ишламай ётган аттракционларни ҳамда анча йиллар муқаддам қурилган боғ дарвозасини кузатиши мумкин, холос.

Янгиқўрғон туманидаги баъзи қишлоқ маданият уйлари бинолари «Тегсанг, тўкиламан» деб қалтираб турибди. Мисол учун, «Зарбдор» қишлоғида жойлашган маданият уйи биноси 1988 йилда қурилган бўлиб, 16 мингдан зиёд аҳолига маданий хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган. Икки қаватли бу ҳашамдор бинонинг ичига киришга одам қўрқади. Қоп-қоронғи зал, йиллар давомида қаровсиз ташлаб қўйилган 450 ўринли томошагоҳ, ҳувиллаб ётган тўгарак хоналари, сўппайиб турган пианино, биттагина рубоб, тўрт-бешта қийшайган стол-стул... Шунга қарамасдан маданият уйи мутасаддисининг заррача иштибоҳсиз «Рақс, пианино, доира ва рубоб тўгаракларимиз мунтазам ишлаб турибди», деб туриши кишини мутаассир этади.

Туманнинг Заркент қишлоғида жойлашган маданият уйи 1936 йилда қурилган. «Суяги» бутун бу бинони 2005 йили хусусий тадбиркор О. Ҳайитбоев сотиб олган эди. Шундан бери кераксиз турган бино ҳозирда реконструкция қилиниб... тўйхонага айлантирилмоқда!

Тумандаги Ўзак қишлоқ маданият уйи биносида 200 ўринли томоша зали мавжуд эди. Бу бино 2005 йилда тадбиркор В. Тўхтасиновга сотилди. Сезиб турганингиздек, ҳозирда бу жой ҳам тўйхона!..

Ҳолбуки маданият уйлари кишилар дунёқарашини юксалтирадиган, одамларга руҳий-маънавий озиқ берадиган гўша эмасми? Бундай даргоҳларда турли маданий анжуманлар, давра суҳбатлари, баҳс-мунозаралар, учрашувлар, концертлар, театр томошалари уюштирилиши керак эмасмиди? Буларнинг ўрнига эса яна ва яна тўйхона!

Хўш, нима учун бу масала ўз ҳолига ташлаб қўйилган? Халқ вакиллари бўлган депутатлар бу борада нима ишлар қилишаяпти?   Таҳлил жараёнида аниқландики, халқ депутатлари Янгиқўрғон туман Кенгашида энг кўп, аниқроғи 20 та депутатлик ўрнини «ХДП»­чилар эгаллаб туришибди. ХДП вакилларининг деярли барчаси тумандаги ижтимоий-иқтисодий секторларда, жамоатчилик назорати ишларида етакчи. Аммо юқоридаги масала бирор марта ҳам Халқ депутатлари туман Кенгашининг сессиясида кўриб чиқилмагани кишини ажаблантиради...

Жорий йилнинг 7 майида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Аҳоли кенг қатламлари, айниқса, ёшларнинг ўсиб бораётган маданий-маърифий ва ижодий эҳтиёжларини қондириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, халқ ижодиёти ва ҳаваскорлик  санъатини ривожлантириш, бебаҳо номоддий-маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва асраб-авайлаш, ўзбек халқининг урф-одатлари, анъаналари ҳамда ўзига хос миллий-маданий қадриятларини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги Фармойиши эълон қилинди. Бу ҳужжатда алоҳида таъкидлаб ўтилган вазифаларни муваффақиятли амалга оширишда эса қишлоқ маданият уйларининг ўзига хос ўрни ва аҳамияти бор. Шундай экан, Халқ депутатлари Янгиқўрғон туман Кенгаши депутатлари, биринчи галда кўпчилик ўринни эгаллаб турган «ХДП»чилар «Сен менга тегма, мен сенга тегмай» принципидан воз кечиб, мавжуд муаммони бартараф этиш юзасидан амалий ишларга қачон киришишлари бизни қизиқтиради, албатта. Ёки депутатлар учун ҳамон маданият уйидан кўра тўйхона аҳамиятлироқ, муҳимроқ бўлиб қолмоқдами?..

Саидолим АБДУРАҲМОНОВ,

«Adolat» мухбири

=========

Ўқув-семинар

Фаолият самарадорлигини оширишга бағишланди

altПойтахтимизда Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси ташаббуси билан партиянинг Тошкент шаҳар Кенгаши фаоллари учун «Ўзбекистон «Адолат» СДП ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш — давр талаби» мавзуида ўқув-семинар бўлиб ўтди. Унда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, туман ва шаҳар кенгашлари раислари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари, БПТ раислари, «Аёллар» ва «Ёш адолатчилар» қаноти етакчилари, партия фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашдилар.

Ўқув-семинарда партия фаоллари «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси», шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2011 йилнинг асосий якунлари ва 2012 йилда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги «2012 йил Ватанимиз тараққиё­тини янги босқичга кўтарадиган йил бўлади» номли маърузаси, «Мустаҳкам оила йили» Давлат дастури, партия Сайловолди дастури, партия Сиёсий Кенгаши Пленумлари қабул қилган қарорлар ижросини таъминлашга қаратилган ҳаракат дастурлари, тегишли дастурий ҳужжатлар, иш режаларни бажаришда фаоллик ва самарадорликни ошириш, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ҳаётида партиянинг ўрнини мустаҳкамлашга йўналтирилган масалалар бўйича назарий-амалий кўникмаларга эга бўлдилар.

Семинарда асосий эътибор партия кадрлари сиёсий онгини юксалтиришга қаратилган бўлиб, корпоратив маданият, ташкилотни муваф­фақиятли бошқариш усуллари, партия кадрлари партиянинг ҳар соҳада илғорлигини таъминлаш учун бошқарув маҳоратини орттириб боришларига оид таклифлар билдирилди. Маърузаларда мамлакатимизда амалга оширилаётган сиёсий модернизация жараёнларида Ўзбекистон «Адолат» СДП фаолиятини кучайтиришга алоҳида урғу берилди. Бу эса ўз-ўзидан ички партиявий маданиятни шакллантириш, маҳаллий депутатлар ва ҳудудий Кенгашларнинг жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишдаги ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш, партиянинг муҳим бўғинлари ҳисобланган — «Аёллар» ҳамда «Ёш адолатчилар» қаноти, Матбуот хизмати, бошланғич партия ташкилотлари фаолиятидаги самарадорликка эришишга хизмат қилади. Шундан келиб чиқиб, тадбирда партиянинг Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан йўл қўйилаётган камчиликлар, айрим туман кенгашлари раисларида кузатилаётган масъулиятсизлик, кадрларда сиёсий ташкилотда фаолият юритиш талаб этиладиган билим ва кўникмаларнинг мавжуд эмаслиги танқид остига олинди.

— Семинарда жорий йилда бошланғич партия ташкилотлари олдида турган устувор вазифаларни амалга ошириш чоралари ва усулларини очиб бериш ҳамда улардан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш бўйича ўзаро фикр алмашилди, — дейди партиянинг Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Парида Пармонова. — Бугунги кунда Тошкент шаҳрида 6436 партия аъзоси 228 БПТга бирлашган бўлиб, улар пар­тиядан туман Кенгашларига сайланган 10 нафар депутат билан ҳамкорликда партия дас­турий ҳужжатларини амалга оширишда фаол иштирок этиб келмоқда. Тошкент шаҳридаги партия кадрлари, «Ёш адолатчилар» ва Аёллар қанотлари, БПТ котиблари фаолиятида самарадорликни ошириш масаласида ўтказилган бу каби ўқув-семинарларда иштирокчилар мамлакатимизда амалга оширилаётган сиёсий модернизация ва фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш жараёнлари, механизмлари, ушбу жараёнда сиёсий партияларнинг иштироки ҳақида янада кўпроқ ахборотга эга бўлишмоқда.        

Тадбир якунида кўрилган масалалар юзасидан иштирокчилар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар ва тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот хизмати

===========

 

Парламентда

Таълим муассасаларида

муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни оммалаштириш лозим

altОлий Мажлис Қонунчилик палатасида Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонуннинг Халқ таълими вазирлиги ва Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази тизимларида ижро этилиши юзасидан 2011 йилнинг 8 июлида қабул қилинган Қўмита қарори ижросининг мониторинги якунлари муҳокама қилинди. 

Йиғилиш кун тартибидаги масала юзасидан Халқ таълими вазирлиги ва Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази раҳбарларининг ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, таълим муассасаларини компьютер техникаси ва мультимедиа воситалари билан таъминлаш, уларни интернет ва «ZiyoNet» таълим тармоғига улаш ишлари белгиланган режа асосида амалга оширилмоқда. Биргина 2011 йилда умумтаълим мактаблари ва ўрта-махсус таълим муассасаларини замонавий компьютер воситалари билан жиҳозлаш лойиҳаси доирасида 376 та касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар, улар қошидаги 280 та ахборот-ресурс марказлари, 2154 та умумтаълим мактаблари компьютер синфлари ва мультимедиа технологиялари билан таъминланди.

Вазирлик ва Марказ тизимидаги таълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган ўқитувчиларнинг замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан таълим жараёнида фойдаланиш бўйича малакасини ошириш мақсадида махсус ўқув дастури асосида умумтаълим мактабларининг 423574 нафар, ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларининг 115836 нафар педагог-ходимлари малака ошириш курсларида ўқитилди.

Ўқувчи-ёшларни таълимга оид ахборотлар билан таъминлаш мақсадида ўтган ўқув йилида «ZiyoNet» жамоат ахборот таълим тармоғига 200 дан ортиқ ўқув адабиётлари ва ўқув дастурлари, 1900 дан ортиқ таълим ресурслари жойлаштирилди. Замонавий ўқув материалларидан фойдаланиш имкониятини таъминловчи ахборот-таълим портали (www.­eduportal.uz), унга 40 дан ортиқ мультимедиа материаллари, виртуал лаборатория, турли тес­тлар ва бошқа керакли ахборотлар жойлаштирилди.

Йиғилишда, шунингдек, Халқ таълими вазирлиги ва Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази тизимида ахборотлаштириш соҳасидаги мавжуд муаммо ва камчиликлар хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Халқ таълими вазирининг ўринбосари Бахтиёр Дониёров умумтаълим муассасаларига замонавий ахборот коммуникация воситалари ва мультимедия дастурларини жорий этишни такомиллаштириш, соҳадаги камчиликларни аниқлаш ва бартараф этишда Ўзбекистон «Адолат» СДП билан ҳамкорликда ташкил этилган ҳудудий он-лайн мулоқотлар муҳим ўрин тутганлигини таъкидлаб, партия фракцияси аъзоларига ўз миннатдорчилигини билдирди.

Йиғилиш сўнггида соҳага доир қонунчиликни ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилиб, Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Илёс САХАТОВ

============

 

Қуйи бўғин — партия таянчи

Амалий ишлар муваффақиятга етаклайди

altИжтимоий-сиёсий ҳаётда партия ролини ошириш учун қуйи тузилмаларда ишга ёндашувни янгилаш — асосий вазифа. Чунки, айнан бошланғич ташкилотларгина партия электорати билан бевосита ишлаш жараёнида жойлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммолардан хабардор ва уларни самарали ҳал этишда муҳим бўғин саналади.

Шу туфайли ҳозир Ўзбекис­тон «Адолат» СДП ҳузурида комиссия тузилиб, БПТ ишини ўрганиш ва қайта кўриб чиқиш, шаҳар ва туман партия ташкилотлари ҳисобида турган партия аъзоларининг рўйхатини кўриб чиқиш, уларни янгилаш, аъзолик бадали тушумини таъминлашни йўлга қўйиш каби ишлар олиб борилмоқда. Бошланғич ташкилотлар фаолият самарадорлиги ва улар аъзолари сонини кўпайтириш мақсадида тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман ҳамда шаҳар Кенгаши депутатлари иштирокида жойларда давра суҳбатлари, учрашувлар ўтказилмоқда. Шунингдек, шаҳар, туман партия кенгашлари раислари ва БПТ етакчилари иштирокида ҳар ҳафтада кундалик вазифаларни бажариш ҳамда ижро назорати тизимини ташкил этиш юзасидан йиғилишлар уюштириш чора-тадбирлари ҳам йўлга қўйилди.

Ана шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон «Адолат» СДП Андижон шаҳар кенгашида ташкил этилди. «Бугунги ислоҳотлар жараёнида партия ташкилотларининг ўрни ва БПТ фаолиятини жонлантириш — долзарб масала» деб номланган мазкур тадбирда шаҳар партия кенгашининг мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиб, Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнидаги ташаббуслари, қуйи бўғинларнинг жамиятда кечаётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маънавий-маърифий ўзгаришлар, ислоҳотлар моҳиятини одамларга етказиш, аҳолида бу жараёнларга нисбатан дахлдорлик ҳисси ва қатъий фуқаролик позициясини шакл­лантириш борасидаги амалий ишлари муҳокама қилинди.

— Андижон шаҳридаги Андижон давлат тиббиёт институти клиник шифохонаси, Вилоят «Сувоқава» ОАЖ ҳамда «Андижон нашриёт матбаа» ОАЖдаги БПТлар фаолияти бу борада фаол жамоалардандир, — дейди Ўзбекистон «Адолат» СДП Андижон шаҳар кенгаши раиси Ҳаётбек Тиллабоев. — Улар ўз фаолиятларида амалий ишларни кучайтиришга, фуқаролар ўртасида ислоҳотлар самараси учун чуқур масъулият ва сафарбарликни қарор топтиришга ҳаракат қилмоқда. Бу ўтказилаётган турли тадбирларда, аҳоли билан юзма-юз учрашувларда ўз ифодасини топаётир.

Андижон давлат тиббиёт институти клиник шифохонасидаги қуйи бўғин фаоллари томонидан ташкил этилган «Мустаҳкам оила — жамият таянчи», «Ёшлар ОИТСга қарши», «Соғлом авлод — жамият таянчи» каби тадбирларда кенг жамоатчилик, айниқса, ёшлар иштирокига алоҳида эътибор қаратилди.

Бугунги кунда Андижон шаҳрида «Адолат» СДП мавқеини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётган «Яхши», «Хурсандлик», «Озодлик» каби маҳаллалардаги БПТ фаолиятини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Мазкур бошланғич партия ташкилотлари ўз ишига масъулият билан ёндашаётган ўнлаб партиядошларимиз, ўзларининг изчил фаолиятлари билан обрў-эътибор топаётган сафдошларимиз ва мамлакатимиз тақдирига бефарқ бўлмаган, айни пайтда партия ғояларига хайрихоҳ ёшлар ҳисобига кенгайиб бормоқда.

Биргина «Хурсандлик» маҳалласидаги бошланғич ташкилот томонидан аҳолининг кам таъминланган қатламига муайян хизматлар кўрсатилаяпти. Масалан, шу йилнинг ўтган даври ичида 15 нафар партия аъзосига саломатликларини тиклаш учун тегишли идоралар кўмагида бепул тиббий йўлланмалар олиб берилди. Шу билан бирга, уларнинг ташаббуси билан она ва бола соғлиғини мустаҳкамлаш, ёшларни спортга жалб қилиш мақсадида турли мусобақалар уюштирилмоқда.

Тадбирда қуйи бўғинларда эришилаётган ютуқлар билан бирга йўл қўйилаётган камчиликлар ҳам таҳлил қилинди. Сўзга чиққанлар бугунги кунда бошланғич ташкилотлар фаолиятини кескин жонлантириш партия олдида турган устувор масалалардан бирига айланганлигини алоҳида таъкидлаб, ҳозирги ҳолатга кўра аксарият БПТлар фаолияти кўпинча фақат тадбирбозлик билангина чекланиб қолаётганлиги айтилди.

— БПТлар ўз фаолиятида асосан соғлиқни сақлаш соҳасига йўналиб қолган, — деди Андижон вилояти Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раиси Муҳиддин Мирзаев. — Ваҳоланки, партиямиз электоратини мутахассис ва ишчилар, илм-фан ва мухандис-техник зиёлилар вакиллари, педагоглар ташкил этади. Маҳаллий кенгаш депутатлари билан ҳамкорлик эса бирида яхши, бирида акси...

Тадбир давомида олинган хулосалар бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Андижон вилояти Кенгаши матбуот хизмати

==========

 

“Ёш адолатчилар”

Зулфия танлов ғолиби

alt«Келажак овози» республика кўрик-танловининг Хоразм вилояти босқичида Ўз­бекис­тон «Адолат» СДП Хоразм вилояти «Ёш адолатчилар» қанотининг фаол аъзоси, УрДУ қошидаги академик лицейнинг 3-босқич талабаси Зулфия Отабоева ғолиб чиқиб, республика босқичига йўлланма олди.

Шу муносабат билан «Адолат» СДП Хоразм вилояти Кенгашида ташкил этилган тадбирда истиқлол йилларида ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамоллигига эришиш давлатимиз сиёсатининг асосига айланганлиги, ёшлар ўз иқтидорларини намоён этишлари учун кенг майдон яратилганлиги алоҳида таъкидланди.

— «Адолат» социал-демократик партияси ёшларни ўзининг ижтимоий соҳадаги сиёсати марказига қўяди, — деди Ўзбекистон «Адолат» СДП Хоразм вилояти Кенгаши раиси ўринбосари Зеваржон Юсупова. — Ёшларнинг салоҳиятини Ватан равнақига йўналтиришни ўз вазифаси, мақсад-муддаоси деб билади. Бу вазифани муваффақиятли бажаришда ёш­ларнинг ўзларини кўрсатишлари, мавжуд шарт-шароитлардан оқилона фойдаланишлари учун уларга ҳар томонлама кўмак бериб келинмоқда.

Вилоят партия Кенгашида иқтидорли ёшларни муносиб тақдирлаш мақсадида ташкил этилган ва бугунда анъанага айланган «Адолат дўпписи» эсдалик совғаси Зулфия Отабоевага тантанали равишда топширилди.

Ўзбекистон «Адолат СДП

Хоразм вилояти Кенгаши матбуот хизмати

 

Ўз-ўзини танқид

Сиёсий модернизация жараёнлари

унда фаол иштирок этиш учун партиянинг барча тармоқлари фаолиятини кучайтириш талаб этилади

Ўзбекистон «Адолат» СДП Тошкент вилояти Кенгашига қарашли ҳудудий партия ташкилотлари таркибида 14 туман ва 4 та шаҳар партия ташкилотлари, улар таркибида эса 9 минг нафарга яқин партия аъзоларини бирлаштирган 311 та БПТ фаолият юритмоқда. Бугун вилоят партия Кенгаши Ўзбекистон «Адолат» СДПнинг энг етакчи партия ташкилотларидан бири саналади. Айниқса, партия сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишда улар катта тажрибага эга, десак муболаға бўлмайди. Бунга биргина муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни оммалаштириш бўйича олиб бораётган амалий ишлари мисол бўла олади.   

Ҳаёт ҳар куни олдимизга янги вазифаларни ва уларни ҳал этишнинг янги шартларини қўймоқда. Вилоят партия Кенгаши фаолиятида эришилган ютуқларга қарамасдан баъзи ҳудудий партия ташкилотларида камчилик ва нуқсонлар ҳам йўқ эмас. Бу салбий ҳолатлар айрим туман ва шаҳар партия ташкилотлари таркибидаги БПТ фаолиятида учраб турибди. Хусусан, партиянинг Бўка, Оққўрғон, Чиноз туманлари ҳамда Олмалиқ  ва Бек­обод шаҳарларидаги баъзи БПТ шулар жумласидандир. Улар томонидан ўтказилаётган тадбирларни сифат жиҳатидан талаб даражасида, деб бўлмайди. Тадбирларнинг ўтказилиш шакли ва мавзулари деярли бир-биридан катта фарқ қилмайди. Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи билан яқин ҳамкорлик ўрнатилмаган. Шу билан бирга, баъзи партия тузилмаларида ишга эскича ёндашув ҳали ҳам ҳукмрон бўлаётганлиги, вилоят партия Кенгашининг иш услубини ўзгартириш лозимлиги юзасидан қилинаётган ишлари самарадорлигига соя солмоқда.

Тўғри, вилоят партия Кенгаши партия моддий-техника базасини бойитиш бўйича олиб бораётган ишлари талаб даражасида ташкил этилган. Шу билан бирга, партия имижини шакллантиришга оид тарқатма материаллар, кўргазма материалларидан ҳам етарлича фойдаланилмоқда. Масалан, чекка ҳудудларда партия баннерлари етказиб берилган. Партия кадрларининг сиёсий онгини юксалтиришга қаратилган сиёсий ўқиш машғулотлари ҳам мунтазам ўтказилиб келинмоқда. Энг асосийси, партия қуйи органлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича марказий партия органларига берилаётган тавсия ва таклифлар етарлича. Партия аъзолик бадалларини тўлаш ва уларни йиғиш ҳам тизимли равишда йўлга қўйилган.

Бироқ ҳозирги пайтда мониторинг ишлари шуни кўрсатдики, Олмалиқ ва Бек­обод туманларидаги бошлан­ғич партия ташкилотларида йиллик иш режалар мавжуд эмас, йиғилишлар номигагина ўтказилади ёки умуман ўтказилмайди.

Мухтасар айтганда, бугунги модернизация жараёни партиядошларимиздан ҳар жабҳада фаол бўлишни, амалга ошираётган ишларимиз фақат расмиятчилик учунгина эмас балки, ўз электоратимиз манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилишда партиямиз ролини янада кучайтиришни талаб этмоқда.

Юқорида келтирилган нуқсон ва камчиликлардан хулоса чиқарган ҳолда жорий Мус­таҳкам оила йилида амалга оширилиши режалаштирилаётган ишларимизда «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси»даги устувор йўналишларда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, амалга оширилаётган сиёсий модернизация жараёнларида фаол иштирок этиш учун партиянинг барча бўғинлари фаолиятини кучайтириш зарур.

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Тошкент вилояти Кенгаши матбуот хизмати

=========

 

Ватанимиз мустақиллигининг 21 йиллиги олдидан

Эркин ва обод ватаннинг улуғ байрами

altalt

 Ватанимиз тарихига мангу муҳрланган воқеалар кўп. Ўзбекистоннинг мустақилликка эришиши ана шундай тарихий эврилишлар ичида энг буюк воқеадир. Ўзбекистон мустақил давлат сифатида жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнини топганига йигирма бир йил тўлмоқда. Бу йилларда халқимизнинг озод ва обод Ватан, янги давлат ва жамият барпо этиш йўлидаги буюк ишлари мужассам. Мустақиллик йилларида Ватанимиз, халқимиз ҳаётида, барчамизнинг онгу шуур ва тафаккуримизда рўй берган улкан ўзгаришларни кўз олдимизга келтирганимизда, истиқлолнинг буюк моҳияти ва аҳамиятини, мустақиллик аталмиш улуғ неъматнинг муқаддас заминимизда яшайдиган барча инсонлар ҳаётида тутган ўрнини янада теран англаймиз.

 Мустақиллигимизнинг ҳар бир йили Ватанимиз солномасида том маънода ёрқин саҳифа бўлиб, хал­қимизнинг фидокорона меҳнати, улкан бунёдкорлик салоҳиятининг амалий намоёни, эркин ва фаровон ҳаётимиз, ғурур-ифтихоримиз тимсоли сифатида катта тантана билан байрам қилиб келинмоқда. Барчамиз учун энг улуғ ва энг азиз айём — Ўзбекис­тон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма бир йиллик байрами яқинлашмоқда. Куни кеча Президентимиз Ислом Каримов Ватанимиз ва халқимиз ҳаётидаги ушбу буюк сана — истиқлол байрамининг 21 йиллигига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича қарор қабул қилди. Унда «Тақдиримсан, бахтимсан, эркин ва обод Ватан» деган эзгу ғояни ифода этадиган ташкилий-амалий, маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини ишлаб чиқиш белгиланган.

Истиқлол шарофати билан ўзлигимизни, қандай буюк зотларнинг авлодлари эканлигимизни англадик, бунёдкор ва яратувчи халқ сифатида мамлакатимизнинг улкан салоҳиятини ва имкониятларини бутун оламга намоён қила олдик. Мустақиллик берган беқиёс имкониятлар натижасида эркин ва фаровон ҳаётимизни ўз қўлимиз билан бунёд этмоқдамиз.

Ўтган йиллар мобайнида мамлакатимизда амалга оширилган туб ўзгаришлар ва ислоҳотларни, миллий қадриятларимизни тиклаш, бозор иқтисодиётини шакллантириш ва ривожлантириш, давлатимиз ва халқимиз хавфсизлиги, тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, келажагимиз эгалари бўлмиш баркамол авлодни тарбиялаш борасидаги саъй-ҳаракатлар, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари самараси бугун яққол намоён бўлиб, барчамизга чексиз фахру ифтихор бахш этмоқда. 

Бунга аввало, Президентимиз Ислом Каримов томонидан Ўзбекистоннинг имкониятлари ва салоҳияти, халқимизнинг ўзига хос менталитетини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган мустақил ривожланиш йўли, маш­ҳур беш тамойилга асосланган тараққиётнинг “ўзбек модели”ни изчил ва босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этиш самарасида эришилмоқда. Иқтисодиётнинг ёқилғи-энергетика, нефть-кимё, автомобилсозлик, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларини, фермерлик ҳаракати, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор, капитал қурилиш, замонавий автомобиль ва темир йўллар, коммуникация ва инфратузилма тармоқларини барпо этиш бўйича қабул қилинган дастурлар ўзининг юксак самараларини бермоқда.

Президентимизнинг узоқни кўзлаб олиб борган сиёсати туфайли юртимизда автомобилсозлик саноати йўлга қўйилди. Бир пайтлар бир машина олиш учун неча йиллар навбат кутган, кўпинча орзусига етолмай кетган юртдошларимиз бугун автомобилни танлаб олиш имкониятига эга.

Энг асосийси, ўзимизнинг машинамиз. Бу автомобиллар бугунги кунда нафақат Ўзбекистон кўчалари, балки ўнлаб хорижий мамлакатлар кўчаларини безаб юрибди. Мустақилликнинг дастлабки кунларидан коммуникация ва транспорт тармоқларини ривожлантиришга иқтисодий сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда. Юртимизнинг халқаро коммуникациялар тармоғига  интеграциялашуви учун шарт-шароит яратадиган, халқаро транспорт йўлаклари ва жаҳон бозорларига энг қисқа йўл билан чиқишини таъминлайдиган транспорт ҳамда телекоммуникациялар инфратузилмаси янгиланди. Мамлакатимизнинг йирик шаҳарларидаги ҳаво дарвозалари — аэропортлар замон талаблари асосида реконс­т­рукция қилинди. Темир йўл вокзаллари замон руҳига мос равишда янги қиёфа касб этди. 

Мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларини Фарғона водийси билан боғлайдиган Қамчиқ довонида ерости йўлаги қурилди. Навоий — Учқудуқ — Мискин —  Султон Увайстоғ — Нукус йўналишидаги темир йўл ҳамда Амударё узра поезд ва автомобиллар қатнайдиган улкан кўприкнинг бунёд этилиши Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти аҳолиси учун улкан қулайлик яратибгина қолмай, йўловчи ва юк ташиш муддати, харажатини қисқартирди. Тошгузар — Бойсун — Қумқўрғон йўналишидаги темир йўл эса жанубий вилоятларимизнинг иқтисодини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Тошкент — Самарқанд —  Тошкент йўналишида юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” электропоезди қатнови йўлга қўйилди. 

Мустақил бўлмаганимизда, бундай улуғвор ишларни амалга ошира олармидик?!

Мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган бундай улкан ҳажмдаги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш ишлари кенг кўламда изчил давом эттирилмоқда. Биргина мисол, Қорақалпоғистонда барпо этилаётган Устюрт газ-кимё мажмуаси ишга тушгач, ушбу корхонада йилига 4,5 миллиард куб метр табиий газ, 400 минг тонна юқори зичликдаги полиэтилен, 100 минг тонна полипропилен, 110 минг тонна пиролиз бензини ишлаб чиқарилади, бевосита мажмуанинг ўзида мингдан ортиқ янги иш ўрни очилади. Шунингдек, пластмасса маҳсулотлари, истеъмол товарлари ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг ўсиб бораётган талабини қондирувчи материаллар тайёрлаш, кимё тармоғи, машинасозлик, электротехника, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби кўплаб соҳаларда тайёр маҳсулотлар чиқаришни кенгайтириш борасида янги имкониятлар пайдо бўлади.

Умуман, 2012 йилда мамлакатимизда қиймати қарийб 24 триллион сўмга тенг 270 дан ортиқ лойиҳа якунига етказилиши кўзда тутилаётгани бу борадаги ишлар кўлами ҳақида тўлиқ тасаввур беради. 

Бугун мамлакатимизда олиб борилаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишларининг суръати вақтни ҳам шошириб қўймоқда. Шаҳар ва қишлоқларимиздаги туб ўзгаришлар натижасида юртимизнинг қиёфаси ўзгариб бораётганидан кўз қувонади, дил яйрайди. Йилдан-йилга кўлами ва миқ­ёси кенгайиб бораётган, одамларнинг оғирини енгил қилишга, ҳаёт даражаси ва фаровонлигини оширишга қаратилган бундай ишлар истиқлол берган имкониятларнинг амалий ифодасидир.

Президентимиз Ислом Каримов келажаги ҳақида ғамхўрлик қиладиган халқ ўз мақсадларига албатта эришади, дейди. Мамлакатимизда ёш авлод камолоти йўлида амалга оширилаётган салмоқли ишлар, хусусан, минглаб мактаб, лицей ва коллежлар қурилгани, реконструкция ва таъмирдан чиқарилгани, замонавий ўқув воситалари ва жиҳозлари билан таъминлангани, болалар спорти мажмуа ва иншоотлари барпо этилгани, узоқни кўзлаб қилинаётган бу  ишлар изчил давом эттирилаётгани ана шу фикрнинг ёрқин тасдиғидир. 

Таълим-тарбия жаҳон миқёсида мамлакат рақобатдошлигини оширишнинг муҳим омилидир. Давлатимиз раҳбарининг ушбу соҳа ривожига шахсан кўрсатаётган доимий эътибори муваффақиятларнинг ҳал қилувчи омили бўлмоқда. Ўзбекистонда давлат бюджетидан таълим соҳасига ажратилаётган харажатлар ялпи ички маҳсулотнинг 10-12 фоизини ташкил этаётгани дунёда кўпчиликнинг ҳавасини келтирмоқда. Жорий йилнинг февраль ойида пойтахтимизда ўтган “Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш — мамлакатни барқарор  тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг энг муҳим шарти” мавзусидаги халқаро конференция иштирокчилари ҳам юртимизнинг таълим-тарбия соҳасидаги миллий моделини якдиллик билан эътироф этдилар.  

Анжуманда иштирок этган Осиё тараққиёт банки президенти Харухико Курода «ишончим комилки, таълим соҳасига йўналтирилаётган катта ҳажмдаги инвестициялар Ўзбекистоннинг энг илғор мамлакатлар қаторидан жой олишига замин яратади. Ўзбекистоннинг таълим модели энг замонавий талабларга жавоб берадиган таълим муассасалари барпо этиш билангина  чекланмайди. Ушбу модель, авваламбор, сифатга, яъни ўқитувчилар, ўқувчилар, талабалар,  ўқув дастурлари ва пировард натижада билимлар сифатини оширишга асосланган. Бундан ташқари, глобаллашув билан боғлиқ эҳтиёжлар ҳам ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилган мазкур таълим модели Ўзбекистоннинг Осиёда, умуман, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш воситаси бўлиб хизмат қилади», деб алоҳида таъкидлади.

Дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган, тараққий топган давлатлардаги тенгдошлари билан ҳар томонлама беллашувга тайёр етук ва баркамол авлодни тарбиялаш бўйича амалга оширилаётган бундай миллий дастурларимиз самарасида ёшларимиз билим чўққиларини қунт билан эгалламоқда, ҳунар ўрганмоқда, Ватаннинг эртанги тақдирини ўз зиммасига олишга қодир инсонлар бўлиб вояга етмоқда. Кўплаб ўғил-қизларимиз халқаро фан олимпиадаларида, дунё миқёсидаги спорт мусобақаларида, санъат бўйича ўтказиладиган турли кўрик-танловларда  ўз иқтидор ва салоҳиятини намойиш этиб, қўлга киритган улкан ғалабалари билан  Ватанимиз шон-шуҳратини бутун дунёда тараннум этмоқдалар.

Мустақиллик шарофати билан эришилаётган бундай улкан ютуқ ва марралар юртимизда яшаётган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча инсонларнинг қалби ва онгига етиб бормоқда, уларнинг руҳи ва кайфиятини кўтармоқда. Энг муҳими, барчамизни эркин ва обод ҳаёт қуриш йўлидаги эзгу ишларга сафарбар этадиган ҳаётбахш куч бўлиб хизмат қилмоқда.

Жорий йилнинг январь ойида жаҳоннинг йирик молия муассасаларидан бири бўлмиш HSBC банкининг глобал тадқиқотлар департаменти «Жаҳон 2050 йилда» номли ҳисоботни эълон қилди. Дунё мамлакатлари иқтисодиётининг бугунги даражаси ва 2050 йилгача бўлган даврда ривожланиш имкониятларини белгиловчи омилларни таҳлил қилиш асосида ишлаб чиқилган мазкур ҳисоботда Ўзбекистон жаҳоннинг тез ривожланаётган 26 мамлакати орасида 11-ўринда қайд этилган. Ҳисоботда прогноз қилинишича, 2050 йилга бориб, мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулоти 314 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, жаҳонда 51-ўринни эгаллайди. Ҳужжатда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг ўсиши 2010-2020 йилларда йилига ўртача 8,2 фоизни ташкил қилиши таъкидланган. 

Бизнинг ўз олдимизга қўйган мақсад ва режаларимиз аниқ ва равшан, яъни дунёдаги ривожланган давлатлар қаторига кириш, халқимизнинг ҳаёт сифати ва даражасини ошириш, Ватанимизнинг жаҳон миқёсидаги обрў-эътиборини юксалтириш йўлидаги ишларимизни изчил давом эттиришдир. Ўтган йиллар давомида эришилган улуғвор натижалар эса халқимиз ўзи танлаган ҳаётий принциплардан чекинмаслигини, юртимизда ислоҳотларнинг ортга қайтариб бўлмайдиган даражада муқаррарлик касб этганини яққол намоён этмоқда.  

Жаҳондаги ҳар бир мамлакатнинг ўз чиройи ва таровати, ўзига хос жозибаси бор. Бизнинг бахтимиз, толемиз шуки, ана шу юртлар ичида бетакрор, ҳаммамиз учун ягона ва энг азиз бўлган она Ўзбекистонимиз бор. Биз, киндик қони шу табаррук тупроққа томган Ўзбекистон фарзанд­лари, ўзимизни шу Ватандан айри ҳолда тасаввур этолмаймиз. Тупроғимиз шу муқаддас заминдан олинган, зуваламиз шу муқаддас диёр сувига қорилган. Ўзбекистон ҳар биримизнинг тақдиримиз, бу дунёда ҳеч нарсага алмаштириб бўлмайдиган буюк ва бебаҳо хазинамиздир. Бу бизнинг бахтимиз. Шу боис эркин ва обод Ватанимизни кўз қорачиғидек асраш, шаъну шарафини ҳимоя қилиш ва юксалтириш ҳар биримизнинг муқаддас инсоний, фарзандлик бурчимиздир.

Олим ТЎРАҚУЛОВ,

ЎзА шарҳловчиси

 

Депутат минбари

Интеллектуал мулк – тараққиётнинг муҳим шарти

altМамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки кунларданоқ фан тараққиётини ва инновацион технологияларни ривожлантиришга, интеллектуал мулк ҳуқуқини рўёбга чиқаришга ва ҳимоясини таъминлашга доир ҳуқуқий механизм­ларни шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратила бошланди. Пировардида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 8 августдаги “Илмий ва инновацион фаолиятни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, илмий-техник салоҳиятни янада мустаҳкамлаш, уни ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг энг долзарб масалаларини ҳал этишга сафарбар этиш ҳамда Ҳамдўстлик мамлакатларида биринчилардан бўлиб инновацион фаолиятни фаоллаштириш чоралари белгиланди.

Қисқа муддатларда мамлакатимизда интеллектуал мулк эгалари ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи қонунчилик базаси шаклланди. Бу борада қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва амалга оширилган ишлар самараси йил сайин кўзга ташланиб бормоқда. Масалан, 2003-2006 йиллар давомида 7 мингга яқин илмий-техникавий ютуқлар рўйхатга олинган бўлса, кейинги 5 йил оралиғида бу борадаги кўрсаткич 10 мингдан ошиб кетди. Жумладан, астрономия соҳасида — қуёш системасида янги планета очилди, 30 та янги ўзгарувчи юлдузлар аниқланди ва фотометрик мониторинг учун кўп вақт талаб қиладиган юлдузларнинг жадвали тузилди. Физика соҳасида — дунёда илк бор солитон ва солитон комплексларининг пайдо бўлиш механизми аниқланиб, оптик солитонлар назарияси ҳамда турли муҳитларда ночизиқли тўлқинларнинг тарқалиши ва эволюцияси назарияси яратилди.

Математика соҳасида — квант эҳтимоллар назарияси муаммоларини ечиш учун янги усуллар кашф этилди. Информацион технологиялар бўйича дун­ёда биринчи бўлиб ярим нодир минералларни тўла нодирлаштириш технологияси ишлаб чиқилди. Олмалиқ ТМК, Навоий ТМК ва «Ўзметкомбинат» ИБда энергияни 20 фоизга тежаш имконини берувчи қурилманинг жорий этилиши натижасида бир йилда ўртача 377,4 млн. кВт.соат энергия тежалиб 24 млрд.сўм иқтисодий самарага эришиш имкони вужудга келди.

Бундай мисолларни жуда кўплаб келтириш мумкин. Эришилаётган ютуқлар фуқароларимизнинг илмий-техникавий ижод эркинлигидан кенг фойдаланаётганлиги баробарида, мамлакатимизнинг иқтисодий қудратини ривожлантиришга, жаҳон ҳамжамияти олдидаги мавқеини оширишга хизмат қилаётгани билан ҳам эътирофга моликдир.

altМиллий ва халқаро тажрибадан маълумки, иқтисодиёт ва жамиятнинг тараққиёт даражаси кўп жиҳатдан интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш бўйича яхши ривожланган ва изчил йўлга қўйилган тизимга боғлиқ. Зеро, иқтисодиётдаги самарадорлик ишлаб чиқаришга инновацион технологиялар ва ихтироларнинг жорий этилиши эвазига юксалиб боради.

Интеллектуал мулкнинг тараққий этиши ўз навбатида, иқтисодиётга сармоялар киритилишига, инновацион технологияларнинг жорий этилиши эса халқ хўжалигининг модернизациялашувига ҳисса қўшади. Шу боисдан мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси  муаллифлик ҳуқуқлари ва интеллектуал мулкни ишончли ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатлари ва механизмларини кучайтириш зарурлигига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 24 май кунги “Ўзбекистон Республикасининг Интеллектуал мулк агентлигини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори билан интеллектуал мулк соҳасида бир-биридан мустақил фаолият юритиб келган Давлат патент идораси ҳамда Ўзбекистон муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш республика агент­лиги негизида Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги ташкил этилди. Натижада халқимизнинг илмий-техникавий ижод эркинлигидан самарали фойдаланиши учун янада кенгроқ шароитлар яратилди. Интеллектуал мулк соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, ягона ёндашувни таъминлаш, мамлакатимизнинг ушбу соҳадаги халқаро шартномаларини тайёрлаш ва ҳаётга татбиқ этиш бўйича яхлит тизим вужудга келди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон 1991 йилдан буён Жаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг аъзоси ҳисобланади. Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти бугунги кунда 180 дан ортиқ давлатни ўзида бирлаштирган халқаро ташкилотдир. Бундан ташқари, дун­ё­­нинг кўплаб давлатларида интеллектуал мулк соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш бўйича ягона давлат органи фаолият юритади. Масалан, Швейцарияда — Швейцария федерал интеллектуал мулк институти, Буюк Британияда — Интеллектуал мулк офиси шулар жумласидандир. Ушбу ташкилотлар интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш бўйича ягона давлат органи сифатида муаллифлар, ноширлар ҳамда ижрочиларнинг мулк ҳуқуқларини биргаликда бошқаришга қаратилган инфратузилмани ўз ичига олади.

Ўзбекистон Республикасининг Интеллектуал мулк агентлигига ихтиролар, саноат намуналари, фойдали моделлар, товар белгилари ҳамда интеллектуал мулкнинг бошқа объектларини ҳимоя қилиш, улар бўйича ҳуқуқ эгаларини ҳимоя қилиш, ишлаб чиқаришга инновацион технологиялар ва ихтиролар, илмий-техник ва саноат ишланмаларини, селекция ютуқларини, бадиий-конс­трукторлик ва бошқа турдаги ижодий ишларнинг кенг жорий этилишига кўмаклашиш, шунингдек, интеллектуал мулк объектларини экспертиза қилиш ва уларни давлат рўйхатидан ўтказиш, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш масаласида ягона позицияни ишлаб чиқиш ва бу соҳада халқаро миқёсда Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда тегишли халқ­аро ва минтақавий ташкилотлар фаолиятида иштирок этишни таъминлаш каби бир қатор вазифалар юклатилди.

Ўйлаймизки, Ўзбекистон Республикасининг Интеллектуал мулк агентлиги халқаро ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш асносида илмий-техник ютуқларни инновацион тадбиркорликка жорий этиш учун яхши шарт-шароит яратади. Бу ўз навбатида, иқтисодиётимиз самарадорлигини кўтаришга кўмаклашади, бозор муносабатларини янада ривожлантириш ва мамлакатимиз интеллектуал салоҳиятини юксалтиришда, хал­қимиз фаровонлигини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Соҳадаги ривожланишларга мутаносиб равишда “Интеллектуал мулк тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. 2011 йил 28 декабрь куни кучга кирган мазкур Қонунга кўра, амалдаги бир неча қонун нормалари янгиланди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базаларининг ҳуқуқий ҳимояси тўғрисида”ги Қонунининг 10-моддаси 2-қисми чиқариб ташланди. Натижада Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахсларининг ЭҲМ учун яратилган дастур ёки маълумотлар базасини бошқа давлатларда рўйхатдан ўтказишига бўлган чекловлар бартараф этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 12 майда қабул қилинган “Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати тўғрисида”ги Қарорига 1-илованинг айрим нормалари амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг интеллектуал мулк объект­ларига нисбатан ҳуқуқ эгаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир имкониятларини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 328, 329 ва 331-моддалари ҳам такомиллаштирилди. Натижада, Ўзбекистон Республикасининг Интеллектуал мулк агентлиги — интеллектуал мулк объектларига нисбатан ҳуқуқ эгаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кўзлаб судларга киритадиган даъволар юзасидан давлат божи тўлашдан озод этилди.

Шунингдек, Фуқаролик кодекси ҳамда “Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида”ги, “Селекция ютуқлари тўғрисида”ги, “Интеграл микросхемалар топологияларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги қонунларнинг тегишли нормалари ҳам янги ном ва атамалар билан такомиллаштирилди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, “Интеллектуал мулк тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғ­рисида”ги Қонуннинг қабул қилинганлиги мамлакатимизда интеллектуал мулк соҳасидаги қоида ва атамаларни унификацияланиши ва бир хилда қўлланилишида, юридик ва жисмоний шахсларнинг ортиқча молиявий харажатлардан халос этилишида, интеллектуал мулк объектларига нисбатан ҳуқуқ эгалари манфаатларини ҳимоя қилиш усулларининг кенгайишида муҳим аҳамият касб этади.

 

Абдукамол РаҲмонов,

Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияси аъзоси

============

 

Нуқтаи назар

Соғлом рақобат — тараққиёт гарови

Жамиятда кечаётган демократик ислоҳотларнинг изчиллигини таъминлаш ва янада чуқурлаштириш, аҳолининг мамлакат ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётида фаол иштирок этишига замин яратишда ахборот эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини одамлар ўз фикр-мулоҳазаларини эмин-эркин ифода этадиган холис минбарга айлантириш муҳим аҳамиятга эга бўлади. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясида айтиб ўтилганидек, инсоннинг ахборот олиш, ахборотни ва шахсий фикрини тарқатиш ҳуқуқи ва эркинлиги мамлакатимизда демократик жамият асосларини барпо этишнинг муҳим шарти, таъбир жоиз бўлса, тамал тошидир. 

Мустақиллик йилларида бу мақсадга эришиш борасида самарали ишлар қилинди. Омма­вий ахборот воситаларининг ҳуқуқий асосини таъминлайдиган, демократик талаб ва стандартларга мос келадиган қонунчилик базаси яратилди. “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши одамларнинг ўзлари истаган ахборотни ҳеч бир монеликсиз олиш, айни чоғда, ахборотни муҳофаза қилиш, шахс, жамият ва давлатнинг ахборот борасидаги хавфсизлигини таъминлаш имконини берди. Натижада миллий матбуотимиз саҳифаларида собиқ тузум шароитида тақиқлаб қўйилган ғоят муҳим ва долзарб мавзулар, танқидий мушоҳадалар, баҳс-мунозара  кўрина бошлади. Жамият ҳаётини демократлаштиришда оммавий ахборот воситалари ва давлат ҳокимияти органлари ўртасидаги муносабатларни янги шароитларга мос равишда йўлга қўйиш, таҳририятларга ҳокимият органлари ва маъмурий тузилмалар томонидан ўтказилиши мумкин бўлган босимларни бартараф қилиш бирламчи вазифа бўлиб қолди. Мамлакатимиз сиёсий ҳаётида кўппартиявийлик вужудга келгач, бу вазифанинг аҳамияти янада ортди.

Собиқ тузум пайтида матбуотга яккаҳоким партиянинг “нишонни бехато урадиган ғоявий қуроли” мақоми берилган бўлиб, таҳририятлар асосан, юқоридан бўладиган кўрсатма асосида фаолият юритар, хоҳлаган кишини кўкларга кўтариб мақташи, ундан сунъий қаҳрамон ясаши, ёки аксинча, беаёв танқид қилиши мумкин эди. Ўтган аср­нинг етмишинчи йилларида чоп этилган марказий газеталарнинг тахламларини бугун варақлаган киши матбуот собиқ тузум мафкурасига садоқат билан хизмат қилганига амин бўлади. Гап шундаки, жамиятнинг ижтимоий, маънавий-ахлоқий қиёфаси, энг аввало,  унинг матбуотида  аксини топади. Жамият қандай бўлса, унинг тасарруфидаги матбуот ҳам шундай бўлади.

Тан олиш керакки, неча ўн йилликлар давомида ягона ҳукмрон мафкуранинг кўрсатмалари асосида иш кўриб келган матбуотнинг эркин демократик йўлга ўтиши осон кечмади. Жамиятда тамомила янги реаллик — ошкоралик, баҳс-мунозара муҳити юзага келаётганди, матбуотда аввалгидек қуруқ ҳамду сано эмас, жиддий танқидий мулоҳазалар ҳам эълон қилинаётганди. Кўпгина раҳбарларга мустақиллик матбуоти, аввалгидек, ҳукм чиқарувчи, одамларнинг тақдирини ҳал қилувчи қурол эмас, жамиятдаги турли соғ­лом қарашларни, турлича нуқтаи назарларни эркин ифодаловчи демократик минбар эканини тушунишлари учун анча вақт сарф бўлди. Шу боисдан ҳам  айримлар матбуот ошкор қилган камчиликларини тан олиш, уларни бартараф этиш чораларини кўриш ўрнига мухбирларни, таҳририятни ёмон­отлиққа чиқариш йўлига ўтдилар. Бундай нохушликлар анча вақт давом этди.

Матбуотда фикрлар хилма-хиллигига эришиш, баъзилар талқин қилганидек, мавҳум, бажариб бўлмайдиган  талаб эмас. Фикрлар хилма-хиллиги — бу миллий тараққиёт йўлида белгиланган мақсад-муддаога етишнинг хилма-хил йўллари, шакл ва усуллари билан боғлиқ тушунча. Шундай экан, матбуот жамиятдаги маълум тоифа ёки айрим гуруҳларнинг ҳаёт ҳақиқатига зид, жамиятда носоғлом муҳитни юзага келтириши мумкин бўлган, ҳиссиётларни ўринсиз қўзғайдиган, кимларнингдир ғаразли манфаатларига хизмат қиладиган “мулоҳаза”ларни бемалол чоп этувчи имкониятга айланмаслиги керак.

Матбуотнинг мавқеи, сўзининг таъсирчанлиги, энг аввало, унинг мустақил фикри, аниқ позицияси, воқеа-ҳодисаларга холис баҳо бера олиши ва, албатта, хабардорлик даражаси билан боғлиқ. Ахборот, турли янгиликлар, воқеа-ҳодисаларнинг тафсилотлари, уларнинг сабаб ва оқибатлари хусусидаги таҳлил ва мушоҳада матбуотнинг, у қандай мақомда бўлишидан қатъи назар, қон томири ҳисобланади. Ҳаётнинг бугунги тезкор шиддати, одамларнинг турмуш тарзи, дунёқарашида, ўй-фикрларида юз бераётган ўзгаришлар журналистлардан касб маҳоратларини тинимсиз ошириб боришни, мамлакат, миллат, жамият олдида турган энг муҳим, долзарб  вазифаларни теран идрок этишни талаб этмоқда. Шу маънода Юртбошимизнинг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш таклифи жамиятимизда демократик тамойилларни янада мустаҳкамлаш,  матбуот ва сўз эркинлигини янги сифат босқичига кўтариш пайти келганининг далолатидир. Чунки жамият очиқ бўлмас экан, матбуот ўзининг бош вазифасини тўла адо эта олмайди, унинг қон томирларида ахборот оқими сустлашиб қолади. Вақтида айтилган,  етказилган ва мушоҳада қилинган ахборот эса, шубҳасиз, тараққиётга, огоҳликка хизмат қилади.

Мустақиллик йилларида жамият ҳаётида юз берган муҳим ўзгаришлардан бири, шубҳасиз, миллий матбуотимиз тизимида сиёсий партиялар таъсис этган нашрларнинг пайдо бўлишидир.  Пар­тиялар Марказий кенгаши қошида матбуот хизматлари фаолияти йўлга қўйилгани, сиёсий нашрларнинг ёш ходимлари учун маҳорат мактаблари, турли ўқув курслари ва семинарлар ташкил этилаётгани ҳам эътиборга молик воқеа. Журналистика назарияси ва амалиётида мамлакатимизнинг икки палатали парламенти фаолиятини, сайлов жара­ё­нини ёритиш, матбуотда партиялараро рақобатнинг ўзига хос хусусиятларини, чунончи, партия нашрларида баҳс-мунозара юритиш этикасини ўрганиш каби янги тушунчалар пайдо бўлди. Журналист кадрларни тайёрлайдиган олий ўқув юртларининг ўқув режаларига шу муносабат билан тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди, дарслик ва қўлланмалар тайёрланди. Тегишли факультетлар ва сиёсий партиялар матбуот хизматлари ўртасида самарали ҳамкорлик алоқалари юзага келди. Ўқув жараёнини бевосита амалиёт билан мустаҳкамлашга алоҳида эътибор берилмоқда.

Яна бир муҳим ўзгаришни партиялараро рақобатнинг партия нашрларида акс этаётганида кўриш мумкин. Сиёсий партиялар нашрларида “Партиялараро баҳс”, “Ўз-ўзини танқид” рукнлари остида эълон қилинаётган материалларга бугун эҳтиёж ҳам, қизиқиш ҳам катта десак, хато бўлмайди. Бу материалларнинг зарур ва афзаллиги шундаки, ҳар қандай тортишув, баҳс-мунозара, агар у мақсадга мувофиқ даражада олиб борилса, бефойда, ўринсиз “даҳанаки жанг”га айланмаса, жамиятда сиёсий маданият ошади, тафаккур ривожланади,  одамларнинг ижтимоий фаоллиги юксалади. Мантиқан якунланган ҳар бир мунозара жамиятнинг турли қатламларига мансуб кишиларни миллий ғоямизнинг асосий тамойиллари ҳисобланган эл-юрт тинчлиги, Ватан равнақи ва халқ ҳаётининг фаровонлигига бефарқ бўлмасликка, бу борада фидойи ва куюнчак бўлишга даъват этади.

Истиқлол йилларида қабул қилинаётган қонунларнинг барчаси сиёсий партияларнинг мамлакат Қонунчилик палатасидаги фракциялари томонидан қизғин муокама қилинади. Табиийки, бу жараённи ёритиш ҳам партия нашрлари зиммасига тушади. Бундан анг­лашиладиган хулоса шуки, партия нашрларида қалам тебратаётган журналистлар, юқорида баён этилган янги ижтимоий-сиёсий  реалликдан келиб чиқиб, назарий билим ва амалий кўникмаларини доимо мустаҳкамлаб боришлари,  касб маҳоратларини муттасил оширишлари талаб этилади. Партиялараро рақобатнинг  кучайиши эндиликда ижтимоий ҳаётимизнинг узвий бир қисми, ижтимоий-сиёсий фаолликнинг ўзига хос талаби бўлиб, бу жараённинг қамрови йилдан-йилга, баҳсдан-баҳсга, сайловдан сайловга ошиб боради. Демакки, пар­тиявий нашрларнинг жур­налист­лари бу жараённинг бевосита ичида бўлиши ва унда фаол иштирок этиши, рақобатчи партия ва сиёсий ҳаракатларнинг Низоми, сайловолди платформалари, парла­ментда қабул қилинаётган қонун ёки қарор лойиҳаларига, жамиятда кечаётган жараёнларга ҳар бир фракциянинг муносабатини, улар орасидаги тафовутни яхши тасаввур қилиши, зарур ҳолларда  холис баҳолай олиши лозим.

Журналистикада қиёсий таҳлил у ёки бу воқеага тўғри ва адолатли “ташҳис” қўйишнинг самарали усули ҳисобланади. Бу усул партия нашрлари журналистларига жуда қўл келади, деб ўйлаймиз. Аммо бунда бир муҳим жиҳат мавжудки, уни эътибордан соқит қилиш мутлақо мумкин эмас. Баҳс-мунозара дегани — фақат тортишиш, иккинчи томоннинг фикрини тамомила рад этиш, қабул қилмаслик, ўзининг ҳамиша ҳам тўғри ва холис бўлмаган қарашларини зўр бериб тасдиқлаш дегани эмас. Иккинчидан, баҳс-мунозарадан мақсад — баҳслашиб-тортишиб, бирор-бир муаммонинг тўғри ва адолатли ечимини топиш ва уни ҳал этишдан иборат эмасми?! Ҳаётда шундай бўладики, гоҳо рақиб томоннинг фикри, тажрибаси, бошлаган ташаббуси ҳам қўл келиб қолади. Собиқ тузум шароитида тўғри фикр ёки хулосани фақат бир томон, яъни ҳукмрон партия айтар эди, эндиликда эса бундай эмас — ҳақиқат турли қарашларнинг ўзаро муқоясасида ошкор бўлади. Шундай экан, партиялараро баҳсда, партия нашр­ларидаги тортишувларда, энг аввало, юксак сиёсий одоб ва маданият, ортиқча ҳис-ҳаяжонга берилмаслик, шахсиятга тегмаслик, баҳс мавзусидан ташқарига чиқмаслик каби муҳим жиҳатлар талаб этилади.

Бизда ҳозир шундай бўл­моқдаки, баҳслашаётган томонлар вақтларини кўпроқ рақиб томонни танқид қилишга, асосий ва муҳим нарсалар қолиб, айрим жузъий камчиликлар, масалан, бирор туман кенгашида қайсидир масала муҳокамасида қатнашмаган партия вакилларига танбеҳ беришга ҳаракат қилмоқдалар. Бу нарса кўпроқ ижодкор журналистлар зиммасига юкла­наётир. Баҳсда у ёки бу партиянинг вилоят, шаҳар ва туман етакчилари кўпроқ иштирок этишлари ҳар жиҳатдан мақсадга мувофиқ. Чунки улар мунозарага сабаб бўлган муаммони, ҳар ҳолда, газета мухбиридан яхши билишади. Партиявий матбуот саҳифаларида халқ депутатлари кенгашларининг вилоят, шаҳар сессияларида турли партиялар вакиллари томонидан билдирилаётган, бир-биридан фарқланувчи фикрлар кам кўринаётгани, бизнингча, таассуфли ҳолдир.

Бу тўғрида аввал ҳам ёзилган — ҳар гал парламентга нав­батдаги сайлов муносабати билан жойларда сайловчиларнинг ҳам, депутатликка турли партиялардан кўрсатилган номзодларнинг ҳам фаоллиги, оддий ибора билан айтганда, куюнчаклиги ошиб кетади. Сайловолди учрашувларида ҳар бир номзод ўзининг бири иккинчисидан қизиқарли режаларини ўқиб эшиттиришади, қуюқ ваъдалар беришади. Жамият ҳаётида, одамларнинг кундалик турмуш тарзида учраб турадиган камчиликларни бартараф этиш йўлларини таклиф этишади. Аммо сайловдан кейин бу жўшқинлик бирмунча сусаяди. Бу ҳолат партия нашрларида ишлаётган журналистлар учун ўта қизиқарли ва муҳокамаси узоқ давом этадиган мавзу бўлиши керак. 

Партия нашрлари, ўз-ўзидан равшанки, бошқа нашрлардан маълум жиҳатлари билан фарқ қилади. Бундай газеталарнинг ҳар бир сонида партия ички ҳаёти, бошланғич ташкилотлар фаолияти, партия фаолларининг таҳлилий чиқишлари, ўз-ўзини танқид, назарий мақолалар, амалий мулоҳазалар, оддий аъзоларнинг куюнчак мактублари бўлиши шарт, албатта. Аммо шуни ҳам эътиборда тутиш керакки, партия наш­рларини фақат партия аъзоларигина эмас, ижодкор зиёлилар, олимлар, ўқитувчи-мураббийлар, ёшлар, бошқа касб эгалари ҳам ўқишади. Бинобарин, газета ижодкорлари шу тоифа газетхонларни унутмасликлари, таҳририятга йўл­ланаётган мактубларга алоҳида эътибор билан қарашлари ва бу билан партия сафларига янги, мустақил фикрлайдиган фаол аъзоларни жалб қилишлари  зарур.

Жамият ўзининг яқин-келгусидаги ва пировард натижадаги  мақсад-муддаосини аниқ белгилаб, шу йўлда изчил одимлаётган бир шароитда партиялараро рақобат, бошқа томоннинг ҳам фикрига қулоқ тутиш фойдадан холи эмас. Зеро, ҳақиқат баҳс-мунозарада, соғлом курашда ойдинлашади.

М.АҲмедов

 

 

Концепция: устувор вазифалар

Акциядорлик жамиятлари: бозор муносабатларига мос фаолият

Акциядорлик жамиятлари — бугунги кунда мамлакат иқтисодиётининг ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш ва ишлар бажариш соҳаларида етакчи мавқени эгаллагани ҳолда кенг тарқалган, бошқарув, кузатув ва ижро органлари орқали корпоратив муносабатларга фаол киришадиган юридик шахслар ҳисобланади.

Акциядорлик жамияти — устав фонди жамиятнинг акциядорларга нисбатан мажбуриятларини тасдиқловчи муайян миқдордаги акцияларга тақсимланган хўжалик юритувчи субъектдир. Юридик шахс сифатида жамият ўзининг мустақил балансида ҳисобга олинадиган алоҳида мол-мулкига эга бўлади, ўз номидан мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларни олиши ҳамда амалга ошириши, зиммасига мажбуриятлар олиши, судда даъвогар ва жавобгар бўлиши мумкин.

Миллий қонунчиликда акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги ва бошқа Қонунлар, Президент фармонлари ва қарорлари, Ҳукумат қарорлари, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек акциядорлик жамиятларининг ички ҳужжатлари билан тартибга солинади. Шу билан биргаликда, акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир ишларни кўриш борасида судлар учун Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Олий хўжалик суди қўшма Пленумининг 2005 йил 31 мартдаги “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги Қарори билан тегишли кўрсатмалар ҳам ишлаб чиқилган.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида  акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилганлиги бунинг ёрқин далилидир. Чунончи, мамлакат раҳбарининг таъбири билан айтганда, “мамлакатимизда деярли барча ишлаб чиқариш объектлари акциядорлик компаниялари принциплари бўйича ташкил этилган, аммо улар ўз ҳуқуқларидан қандай фойдаланмоқда, деган саволни ўзимизга бериб кўрайлик. Акциядорлик компаниялари ўзларининг бозор муносабатларига мос мақомига мувофиқ фаолият юритиши учун яна қандай механизмларни ҳаракатга келтириш зарур?

Шу муносабат билан “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунни тан­қидий кўриб, янги таҳрирда ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ҳамда унга корпоратив бошқарув ва назорат органларининг ваколатлари, ҳуқуқлари ва жавобгарлигини янада аниқ белгилаш лозим. Ушбу қонундаги акциядорлик жамиятларининг Кузатув кенгашлари, умумий йиғилишлари, тафтиш комиссияларининг роли ва аҳамиятини ошириш, миноритар, яъни қўлида акцияси кам бўлган акциядорларнинг кафолатларини кўпроқ таъминлаш, барча акциядорларни ва бўлажак инвесторларнинг акциядорлик компаниялари фаолияти тўғрисида ахборот олиш имкониятларини кенгайтиришни кўзда тутиш айни муддао бўлур эди.”

Белгилаб берилган вазифалар ижросини пухта ва ҳар томонлама амалга оширилишини таъминлаш мақсадида, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳририни ишлаб чиқишда қуйи­дагилар асосий йўналиш сифатида белгилаб олиниши мақсадга мувофиқ. Биринчидан, акция­дорлик жамиятларини ташкил этиш, устав фондини шакллантириш, қимматли қоғозларнинг бозор қийматини белгилаш, жамият акцияларини жойлаштириш. Иккинчидан, акциядорлик жамиятининг корпоратив бош­қарув ва назорат органлари ваколатлари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилаш. Учинчидан, миноритар акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонуний манфаатларини таъминлаш кафолатлари. Ниҳоят, тўртинчидан, акциядорлар ва бўлажак инвесторларнинг акция­дорлик жамияти фаолиятига доир зарур маълумотларга батафсил эга бўлиш имкониятларини таъминлаш.

А.Эрдонов, Р.Рашидов,

Тошкент вилоят хўжалик

судининг судьялари

=========

 

Адлия минбари

Ўқув машғулотлари самараси ортмоқда

altМустақиллик йилларида оила институти такомиллаштирилди, унинг ҳуқуқий асоси тўлиқ яратилди. Оила билан боғлиқ бир қатор қонун ва қонун ости ҳужжатлар қабул қилинди. Жамият асоси бўлган оилани мустаҳкамлаш, оилада соғ­лом муҳитни камол топтириш, “Соғлом она — соғлом бола” концепциясини амалга ошириш мақсадида юртимизнинг энг чекка туманларида малакали тиббий ёрдамдан фойдаланиши учун шароитлар яратилмоқда, ўсиб келаётган ёш авлод билим олиши учун давр талабидаги ўқув даргоҳлари, мусиқа ва спорт мактаблари ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 5 июлдаги  қарори билан тасдиқланган “Оилада тиббий маданиятни ошириш, аёлларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш, соғлом авлод туғилиши ва уни тарбиялашнинг устувор йўналишларини амалга ошириш чора-тадбирларининг мақсадли дастури”нинг 3-банди Адлия, соғлиқни сақлаш вазирлиги, ҳокимликлар, “Соғлом авлод учун” жамғармаси, хотин-қизлар қўмитасига тегишли бўлиб, унга кўра никоҳгача тиббий кўрикдан ўтказиш тизими, ёшларни соғлом оила барпо этишга тайёрлаш бўйича ФҲДЁ бўлимлари ҳузуридаги доимий ишловчи ўқув курслари ишларини яхшилаш чора-тадбирларини амалга ошириш белгиланган. Жумладан, вилоят ФҲДЁ бўлимлари ҳузурида ёшларни соғлом оила барпо этишга тайёрлаш бўйича доимий ишловчи ўқув курслари ташкил этилган.

ФҲДЁ бўлимлари томонидан касб-ҳунар коллежлари ва академик лицей битирувчиларига “Ёш оила қурувчилар” мактаби машғулотлари ўтилмоқда. Бу машғулотларга ФҲДЁ бў­лимларидан ташқари Хотин қизлар қўмиталари, “Оила” маркази, шифокорлар, психологлар, Ички ишлар идоралари, Прокуратура, маҳалла вакиллари, “Камолот” ташкилоти жалб қилинган. ФҲДЁ бўлимлари бу борада асосий маъсулиятни ўз зиммаларига олган. Ўқув машғулотларининг маърузалари ҳар қандай расмиятсизликдан ҳоли бўлиб, ҳаётий, жонли тарзда, ўқувчиларнинг қизиқишлари асосида ўтказилади. Тингловчилар оила қуришнинг ҳуқуқий асослари, никоҳ тузиш шартлари, никоҳга монелик қиладиган ҳолатлар, оиланинг иқтисодий таъминоти, қайнона-келин муносабатлари, шарқона одоб-ахлоқ, психологик, репродуктив маданият масалаларидан сабоқлар олишади.

Бундан ташқари, ФҲДЁ бўлимлари томонидан “Оила дорилфунуни” ўқув машғулотлари ҳам ташкил этилган бўлиб, бу машғулотларга никоҳланувчи шахслар жалб қилинади. Улар билан эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, соғ­лом она — соғлом бола, репродуктив саломатлик, ота-она бўлиш маданияти каби мавзуларда суҳбатлар ўтказилади.

2012 йилнинг “Мустаҳкам оила йили” деб эълон қилиниши оила институтини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш борасида қилинаётган ишларнинг давоми дейиш мумкин. Бу эса бошқа давлат ва нодавлат ташкилотлар қатори адлия органларига ҳам катта масъулият юклайди.

Ф.Жалолов,

Андижон вилояти адлия

бошқармаси етакчи

маслаҳатчиси

==========

 

Он-лайн танлов:

ёшлар фаоллиги ошмоқда

altИстиқлол йилларида мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Юртимизда жамиятни модернизация қилиш жараёнлари ўз навбатида тараққиётнинг “ўзбек модели”ни ҳаётга изчил татбиқ этиш имконини бермоқда. Эришилаётган натижалар халқаро ҳамжамият томонидан кенг эътироф этилмоқда.

Хусусан, мустақилликнинг илк йилларидаёқ ёш авлодни ҳар томонлама баркамол, келажакнинг муносиб ворислари бўлиб улғайишлари учун яратиб берилган замонавий шарт-шароитлар глобал миқ­ёсда тан олинаётгани барчамизни қувонтиради. Президентимиз 9 май — Хотира ва қадр­лаш кунига бағишлаб Тошкент  шаҳрида ўтказилган маросимда оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида таъкидлаганидек, “Бугун ёшларимиз ҳал қилувчи куч бўлиб ҳаётга кир­япти. altМен бу ёшларга ўзимга ишонгандек ишонаман”. Бу сўзларнинг мазмун-моҳиятида навқирон авлодга нисбатан юксак меҳр, ишонч ва эътибор ёрқин ифодасини топган, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Шуларга уйғун тарзда бугун диёримиз ёшлари илғор ахборот-коммуникация технологиялари билан бемалол тиллашаётгани, улардан билим олиш жараёнларида унумли фойдаланишаётгани эътиборга моликдир. Зеро, бугунги ҳаётимизни АКТсиз тасаввур этиб бўлмайди. Сабаби фан-техниканинг ушбу ютуғи, чунончи, интернет айни пайтда барча соҳаларда муваффақиятга эришишнинг муҳим омилига айланиб улгурди. Ҳуқуқий саводхонлик ва маданиятни юксалтириш жабҳасида ахборот технологиялари имкониятларидан фойдаланиш кўзланган кўрсаткичларни қўлга киритишда катта аҳамиятга эга.

Маълумки, бугунги кунда юртимизда қонун ижодкорлиги, икки палатали  профессионал парламентни шакллантиришда бир қатор ижобий янгиликлар амалга оширилмоқда. Бунга муштарак тарзда ҳаётимизда миллий парламентимизнинг ижтимоий-сиёсий ўрни, нуфузи ортиб бормоқда. Албатта, ушбу жараёнлар ҳақида кенг омма, айниқса, ёшларга зарур ахборот ва маълумотларни етказишда, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, ахборот технологияларининг роли катта.

Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайти www.­parlia­ment.­­­gov.uzда ёшлар учун “Парламентаризм билимдони” он-лайн танлови эълон қилиниши ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиши шубҳасиз.

Келинг, шу жойда мазкур танлов ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсак.

“Парламентаризм билимдони” он-лайн танлови БМТнинг “Парламент ривожланишини қўллаб-қувватлаш” тараққиёт дастури лойиҳаси билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, у Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20 йиллигига бағишланган. Унинг регламентига мувофиқ, 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар бевосита он-лайн танловда қатнашиш ва, албатта, чин маънода парламент билимдонига айланиш имкониятига эгадирлар.

Бугунги кун талабидан келиб чиқиб таҳлил қилганда, UZ миллий доменидан рўйхатдан ўтган расмий веб-сайтларда бу каби танловларни ташкил этиш аҳолининг нафақат сиёсий, балки ҳуқуқий ва маънавий саводхонлигини ҳам оширади. www.parliament.gov.uz веб-сайти бу жараёнда илк қадамини ташлади. Айнан ушбу он-лайн саҳифани кузатган ҳар бир фойдаланувчи бу каби янгиликларга қизиқиши ва он-лайн танловда иштирок этишга қизиқиши табиий.

Танловда ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқувчилари ҳамда олий ўқув юртлари талабалари фаол иштирок этмоқда. Танлов 40 турдан иборат бўлиб, ҳар ҳафтанинг душанба куни 3 тадан савол тўртта жавоб вариантлари билан эълон қилинади. Ҳар бир тўғри жавоб бир баллдан баҳоланади. Танловда қатнашишни хоҳловчилар махсус сўровномани тўлдириши, унда ўзи ҳақидаги маълумотлар (исми-шарифи, туғилган йили, иш ёки ўқиш жойи, яшаш жойи ва телефон рақами)ни кўрсатиши лозим. Ҳафтанинг жума куни тўпланган оралиқ баллар эълон қилинади. Унда қатнашчиларнинг исми-шарифи, рўйхатдан ўтган вақти ва тўплаган баллари кўрсатилади. Танловнинг эътиборли жиҳати шундаки, қатнашувчиларнинг баллари компьютер хотирасига киритилган тўғри жавоблар асосида ҳисоблаб борилади, яъни электрон ҳисоблагич ёрдамида ҳар бир иштирокчининг баллари холис ва ҳаққоний баҳоланади. Бу каби он-лайн танловларнинг ташкил этилиши биринчи навбатда ўқувчи сиёсий онгини оширади. Яъни танловда иштирок этган ҳар бир иштирокчи парламент фаолияти, фракциялар, депутатлар, қўмиталар ва комиссиялар тўғрисида аниқ маълумотга эга бўлишлари мумкин. Айни вақтда он-лайн танловда 2000 нафардан ортиқ ёшлар иштирок этмоқда. Ёш иштирокчиларнинг 80 фоизини 14-25 ёшдагилар ташкил этмоқда. Уларнинг аксарияти мактаб, лицей ва коллеж ўқувчиларидир. Ҳудудлар кесимида олганда, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Самар­қанд, Қашқадарё, Андижон, Фарғона, Наманган, Жиззах вилоятидаги ёшларнинг фаоллиги кузатилмоқда. Ҳатто энг чекка ҳудудлардан ҳам ёшларнинг фаол иштироки эътиборга молик.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларда Ватан меҳри, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, комил инсон ғояларини шакллантиришда “Парламентаризм билимдони” сингари он-лайн танловларнинг ўтказилиши муҳим роль ўйнайди. Ва, ўз навбатида, сиёсий жараёнларда мустақил фикр, эркин мулоҳазага эга ёшлар учун парламент тарихидан то бугунги ривожланиш босқичлари ҳақидаги тезкор, холис ахборотга эга бўлиш учун www.­parliament.­gov.uz расмий веб-сайти ҳамиша хизматга тайёрдир.

Дилрабо Жуматова

 

Тадбир

Божхона фаолияти ва ОАВ

alt“Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплексида Журналистлар ижодий уюшмаси билан ҳамкорликда “Божхона органлари фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритишнинг муҳим тамойиллари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда божхоначилар, соҳага ихтисослашган журналистлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда сўз олган Журналистлар ижодий уюшмаси раиси Шерзод Ғуломов истиқлол йилларида мамлакатимизда оммавий ахборот воситалари фаолиятининг қонуний кафолатларини таъминлашга қаратилган, халқаро демократик талаб ва стандартларга тўла жавоб берадиган хуқуқий замин яратилгани, соҳанинг моддий-техник базаси тобора мус­таҳкамланиб, бу борадаги ишлар изчил давом эттирилаётганини алоҳида

қайд этиб ўтди.alt

Ўтган йили Президентимизнинг “27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни” муносабати билан журналистларга йўллаган табригида қайд этилганидек, “Ҳаётимизда ахборот эркинлигини таъминлаш, давлат ва бошқарув органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш, уларни одамларнинг ўз фикр ва ғояларини, содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга ўз муносабати ва позициясини эркин ифода этадиган минбарга айлантириш бугунги кунда энг долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда”.

Мазкур йўналиш бўйича божхона органлари фаолиятида ҳам сезиларли ўзгаришлар амалга оширилди. Зеро, жамоатчилик билан алоқаларни ривожлантириш, ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъ­ектлари фаолиятини кенгайтириш, республиканинг экспорт салоҳиятини ошириш ва мамлакатда ягона божхона сиёсатини юритишда оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик муҳим роль ўйнайди.

Қувонарлиси шундаки, Президентимизнинг 2011 йил 10 августдаги “Давлат божхона хизмати органларининг фаолиятининг самарадорлигини ошириш ва янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан Давлат божхона қўмитасининг барча таркибий тузилмаларида, хусусан, “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплексида ҳам оммавий ахборот воситалари билан алоқалар гуруҳи, содда қилиб айт­ганда, матбуот хизматлари ташкил этилди. Бу эса том маънода божхона органларида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқаларини ривожлантиришга ҳамда иш сифатини янги поғонага кўтаришга хизмат қилди.

Биргина “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси мисолида оладиган бўлсак, ўтган салкам бир йил муддат давомида комплекс фаолияти бўйича оммавий ахборот воситаларида юзга яқин чиқишлар ташкил қилинди. Уларнинг мазмун-мундарижасига эътибор қаратадиган бўлсак, фаолиятнинг ошкоралигини таъминлаш, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ва кенг жамоатчиликнинг божхона органларида амалга оширилаётган турли йўналишлардаги кенг қамровли ислоҳотларнинг бориши тўғрисида мунтазам хабардор қилиш асосий тамойилларга айланганини кузатиш мумкин. Энг муҳими, қисқа давр мобайнида божхона тизимини ёритишда Матбуот хизмати билан ҳамкорлик қиладиган журналистлар гуруҳи, улар билан ишлаш тартиби шаклланди.

Учрашув давомида мавзу юзасидан фикр алмашилди, янги таклифлар ўртага ташланди. Фурсатдaн фойдаланиб, божхоначилар ҳам ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олдилар.

Ўзбекистон Республикаси

Давлат божхона қўмитаси

матбуот хизмати

=========

 

 

Матбуот анжумани

Соғлом авлодни шакллантириш

мамлакатимиз сиёсатининг туб моҳиятидаги масаладир

altЎзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Республиканинг қишлоқ туманларида оналар ва болаларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом авлодни шакллантириш борасида амалга оширилган ишлар, истиқболдаги режалар» мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.

Таъкидландики, аёлга ва ўсиб келаётган ёш авлодга эътибор, бу — жамиятнинг эртаси ва келажагига эътибор демакдир. Шу сабабдан мамлакатимизда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш ва соғлом авлодни шакллантиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу борада Президентимизнинг 2009 йил 13 апрелдаги «Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори соҳа ривожида янги имкониятларни очиб берди. Натижада мамлакатимизнинг чекка ҳудудларида жойлашган қишлоқ врачлик пунктлари ҳам тубдан ислоҳ қилинди. Уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида ўтган йиллар мобайнида умумий қиймати 30 миллион АҚШ доллар бўлган 3172 та тиббий жиҳозлар, асбоб-ускуналар келтирилди, 90 та туман тиббиёт бирлашмалари лабораториялари диагностик аппаратлар ва жиҳозлар, 575 та биохимик анализаторлар билан таъминланди.

Қишлоқ туманларида репродуктив саломатликни мустаҳкамлашдаги асосий вазифалардан бири соғлом оилани шакллантириш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, болаларни эмлаш, касалликларни олдини олиш, аҳолининг, айниқса, фертил ёшидаги аёлларни, болалар ва ўсмирларни соғломлаштириш, ҳомиладор аёлларни эрта муддатларда назоратга олиб, асоратларнинг олдини олиш, скрининг текширувдан ўтказиш, микронутриентлар билан ўз вақтида таъминлаш, нохуш ҳомиладорликнинг олдини олиш мақсадида фертил ёшидаги аёлларни замонавий контрацептив воситалар билан таъминлашдир.

Эътироф этилдики, Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 22 июлдаги «Республиканинг қишлоқ туманларида оналар ва болаларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан ҳар йили 400 минг нафардан зиёд ҳомиладор аёлларга давлатимиз томонидан бепул поливитамин минерал комплекслари тарқатилмоқда.

Республика аҳоли репродуктив саломатлиги маркази ва унинг вилоят филиаллари  репродуктив саломатликка ва соғ­лом оилани шакллантиришга оид масалаларда аҳолига тиббий ёрдам кўрсатмоқда ва уларнинг тиббий маданиятини ривожлантириш борасида муҳим вазифаларни амалга оширмоқда. Соҳани янада ривожлантириш мақсадида ҳар бир туманда репродуктив хоналар ташкил этилиб, уларда жами 573 та мутахассис фаолият кўрсатмоқда. Улар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш билан бир қаторда уларнинг тиббий маданиятини юксалтиришда ҳам фаол иш олиб бормоқдалар.

Тадбирда журналистлар қишлоқ туманларида соғлиқни сақлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида амалга  оширилаётган ишлар борасида ўзларини қизиқтирган саволларига тўлиқ жавоб олдилар.

Ойбек ТОЖИБОЕВ

===========

Қарор ва ижро

Бозор — барака маскани

бўлмоғи ва унда савдо хизмати тизими қонунларимиз доирасида фаолият кўрсатмоғи шарт

Бу борада Президентимиз томонидан 2010 йил 26 апрелда қабул қилинган «Деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари фаолиятини ташкил қилишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор ижроси вилоятимиз бозорларида қатъий, изчил амалга оширилмоқда. Яъни, деҳқон (озиқ-овқат) бозорлари, ихтисослаштирилган ва буюм бозорлари (савдо комплекслари) бошқаруви тизими фаолияти такомиллашиб, кўрсатилаётган хизмат турлари ҳамда ҳажмлари кенгайиб бораётир. Аҳолига хизмат кўрсатиш сифати тобора ошиши билан бирга бозорлар ва савдо комплексларида пул оқимларини тўлароқ ҳисобга олиш таъминланаяпти. Айни кезда паст сифатли, қалбаки ва контрабанда маҳсулотлари сотувига чек қўйилмоқда.

Вилоят ҳудудида ҳозирги кунда  54 та, жумладан 30 та асосий бозор ва 24 та бозор филиаллари ҳамда 6 та савдо комплекси фаолият олиб бормоқда. Уларнинг 36 таси юридик мақомига эга бўлиб, шундан 19 таси деҳқон, 3 таси буюм ва 8 таси ихтисослаштирилган бозорлардир. 6 та савдо комплекси ва ихтисослаштирилган бозорларнинг 7 таси мол бозорлари ҳисобланади. 100 дан ортиқ турғун савдо шохобчалари ва савдо ўринларига эга бозорлар, савдо комплекслари ва уларнинг 28 та филиаллари бор. Барчасида кунлик патта ва ижара тўловларини ундириш, назорат қилиш мақсадида махсус банк тизими ўрнатилган.

Бозорлар ҳудудида ва уларга туташ жойларда 2 та автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари белгиланган тартибда бозорлар ихтиёрига ўтказилган. Юридик шахс мақомидаги 17 та деҳ­қон (озиқ-овқат) бозорлари ва уларнинг 7 та филиалларида бозорга олиб келинаётган маҳсулотлар сифатини аниқлайдиган экспресс-анализ (таҳсил) лабораториялари ишлаб турибди.

Вилоят бўйича «Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш» бўлими ходимлари томонидан вилоят ҳудудидаги бозорлар, савдо комплекслари, уларга туташ автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари, шунингдек, улар ҳудудида ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган фуқароларни аниқлаш мақсадида шу йилнинг ўтган ойлари ичида 161 та, жумладан 73 та рейд, 86 та қисқа муддатли тешириш тадбирлари ўтказилди. Улар юзасидан ҳудудий Давлат солиқ инспекцияларида маъмурий тартибда ҳал этилган материаллар сони 11 та бўлди. Судга маъмурий чора кўриш учун юборилган материаллар 119 тага етди. Масалан, бўлим томонидан Когон шаҳридаги «Имомназар-Барака Савдо» МЧЖда ўтказилган ўрганиш натижасида МЧЖнинг айбдор мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекис­тон Республикаси ЖКнинг 184-модда 2-қисми «б» банди ва 189-модда 3-қисми 48503-сонли жиноят иши қўзғатилди. Шунингдек, шаҳардаги ноқонуний ҳолатларга йўл қўйишган «Соҳибкор» деҳқон бозори МЧЖнинг мансабдор шахсларига нисбатан ҳам Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми «в» банди ва 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Мантиқан кўриниб турибдики, мамлакатимизда бозорлар токи барака масканлари экан, улардаги савдо хизмати тизими ўз фаолиятини қонунларимиз доирасида олиб бормоғи лозим ва шарт.

Баҳодир МУҲАМЕДОВ,

«Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш»

Бухоро вилоят бўлими

суриштирув шўъбаси бошлиғи

=============

 

Талабалар танлови

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Мустаҳкам оила йили муносабати билан «Оила соғлом экан — жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан — мамлакат барқарор» мавзуида танлов ўтказилди.

Танловнинг биринчи босқичи олий таълим муассасаси факультетларининг академик гуруҳлари талабалари ўртасида, иккинчи босқич олий таълим муассасаси миқёсида факультетлараро ғолиблар ўртасида ўтказилган бўлса, учинчи босқич республика олий таълим муассасалари ғолиблари ўртасида бўлиб ўтди.

Тошкент темир йўл муҳандислари институти талабаси Э.Маматов «Энг яхши мақола», Тошкент иқтисодиёт университети талабаси «Энг яхши реферат», Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институти талабаси Т.Ражабова «Энг яхши иншо» йўналишлари бўйича биринчи ўринни эгалладилар.

Ғолиблар пул мукофотлари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг фахрий ёрлиғи билан тақдирландилар.

Шоҳиста АЛИМХЎЖАЕВА

 

Реклама ўрнида

Сифат ривожланиш йўлида

Қўқон синов ва сертификатлаштириш маркази давлат корхонасининг сертификатлаштириш идораси, аккредитланган физик-кимёвий кўрсаткичлар бўйича синов мажмуаси ва маҳсулотларни геометрик ва механик катталиклар бўйича синов лабораторияси томонидан жорий йил 1-чорак давомида «Маҳсулотларни ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида», «Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида», «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Маҳсулотларни сертификатлаштириш тартиботини соддалаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан муайян ишларни амалга оширди.

Хусусан, марказнинг сертификатлаштириш идорасига ушбу давр мобайнида маҳсулотларни сертификатлаштириш учун  456 та ариза ва мурожаатлар бўлиб, миллий тизимда белгиланган тартибга асосан, 512 та мувофиқлик сертификати такдим этилди. Жумладан, 99 та мувофиқлик сертификати қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат , 413 та мувофиқлик сертификатлари машинасозлик ва бошқа маҳсулотларга берилди. Сертификатлаштириш учун тақдим этилган маҳсулотлар синов натижаларига кўра  яроқсиз маҳсулот бўлмади. Демакки, ишлаб чиқарувчи ва тадбиркорларимиз ҳам сифат учун интилмокда, курашмокда.

Қўқон ССМ ДК томонидан  корхоналарда ИСО 9001 стандарти асосида сифат тизимини жорий қилиш мақсадида  «Бешариқтекстил» ОАЖ ҚК билан шартнома имзоланди.  Тасдиқланган календар режага асосан мутахассислар иштирокида бу ерда ўқув семинари ташкиллаштирилди. Ҳозирги кунда биринчи босқич ишлари якунланиш арафасида. Келажакда ушбу жамоа маҳсулотлари дунё бозорида ҳам ўз ўрнини топиши шубҳасиз.

Марказнинг аккредитланган физик-кимёвий кўрсаткичлар бўйича синов мажмуаси томонидан эса қишлоқ хўжалик, озиқ-овқат ва парфюмерия-косметика маҳсулотлари ҳамда геометрик ва механик катталиклари бўйича синов лабораторияси томонидан автомобиллар ва велосипедлар учун шиналар, камералар синовларини ўз вақтида ва сифатли ўтказиб келинмоқда. Умуман, 2012 йилнинг 1-чорагида умумий қиймати 5364690,94 сўмлик маҳсулотлар бўйича 2115 та синов ўтказилиб, 786 та синов баённомалари расмийлаштирилди. Шундан салбий натижали синовлар сони 12 тани ташкил этди. Яроқсиз деб топилган маҳсулотлар тўғрисида тегишли давлат органлари ва истеъмолчиларга маълумот берилди.

Ўлчов воситаларини мажбурий давлат кўригидан ўтказиш учун  метрологик қиёслов шартномаларини амалга ошириш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «Метрология тўғрисида»ги қонуни талабларини бажариш борасида Қўқон синов ва сертификатлаштириш марказининг ўлчаш воситалари устидан давлат метрологик текширув  бўлими томонидан  вилоятдаги корхоналар ва ташкилотлар билан тўлиқ амалий ишлар олиб борилаётир. Жумладан, ўлчамлар бирлигини таъминлаш ва вилоятдаги ўлчов воситаларини ҳисобга олиш мақсадида  ҳудуддаги 170 та корхона, ташкилот ва фирмалар билан қиёслаш шартномалари тузилган.  «Водийгазтаъминот» УК, «Фарғона электр тармоқлари» ОАЖ ва  «Сувоқава» ишлаб чиқариш бошқармаси  билан Қўқон, Фар­ғона ССМлари ўртасида ишлаб чиқилган қўшма буйруқларга асосан  «Стандартлаштириш тўғрисида»ги, «Метрология тўғрисида»ги, «Истеъмолчиларнинг хуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунларнинг  бажарилиши ва унда ўлчов воситаларини давлат қиёсловидан ўтказиш, хом-ашё лабораториялари ва ёнил­ғи энергетика ресурсларининг аниқ ҳисоб-китобини  олиш ишларини амалга оширдилар.

2012 йилнинг 1-чораги давомида ўлчов воситаларини мажбурий давлат кўригидан ўтказиш учун метрологик қиёслов шартномаларини амалга ошириш борасида бўлим томонидан  9070  дона ўлчов воситаси давлат кўригидан ўтказилиб қиёсланди, шундан  40  донаси яроқсиз деб топилди ва у жами қиёсланган ўлчов воситаларининг 0,4 фоизини ташкил этди. Ҳудудда 11 та деҳқон бозори бўлиб, марказ ходимлари томонидан бозорларда ўлчов бирлигининг ягоналигини таъминлаш, тарози-тошларни давлат кўригидан ўтказиш  борасида қатъий назорат ўрнатганлар. Зеро, давлат стандартига амал қилинган жойда ривожланиш, тараққиёт бўлади, истеъмолчи ҳуқуқи кафолатланади, энг муҳими, сифатни юқори босқичга кўтарган бўламиз.

Валижон  Ҳайдаров,

Қўқон синов ва

сертификатлаштириш маркази давлат корхонаси директори

========

 

Донор — эзгуликка йўғрилган инсон

altСавобталаб халқимиз кимгадир ёрдам қўлини узатаётганда «бу одам менга бегона-ку» ёки кимнингдир ташвишига ҳамдард бўлаётганда «у туғишганим ҳам, қариндошим ҳам эмас-ку» деган ўйга бормаган ҳеч қачон. Кўнгли буюрдими, имкони борми, яхшилик қилишга интилган.

Саховати, муруввати беғараз, беминнат бўлган. Масалан, инсон ҳаётини сақлаб қолишдек савобли юмушлардан бири — қандайдир бахтсиз ҳодиса туфайлими ёки бошқа бир хасталик сабаблими саломатлиги хавф остида қолган одамларга ўз танасидаги қонидан қон бериб турувчи кишилар — донорлар айни шундай феъл-атворга эга инсонлардир.

— Қон ва унинг таркибий тузилмаларига бўлган эҳтиёж тобора ошиб бораётган ҳозирги кунда донорларнинг ўрни айрича моҳият касб этади, — дейди Фарғона вилояти, Бешариқ тумани қон қуйиш бўлими ҳаками Р.Ўтабоев. — Биласиз, шифо масканларида мураккаб жарроҳлик амалиёти пайтида беморларга баъзан зудлик билан қон қуйиш керак бўлиб қолади. Чунки, бемор ўша кезда ўлим билан юзлашган бўлади. Унга қон керак..! «Қаердан, кимдан олиш мумкин?» — деган савол — муаммо пайдо бўлади. Тўғри келган одамдан олиб бўлмайди. Шунда тиббий кўрик ва лаборатория таҳлилларидан мунтазам ўтиб турувчи, ҳаёти эзгулик, саховат, мурувват каби олижаноб хислатлар ила чулғанган инсонлар — донорлар кўмакка келади.

Бизнинг туман қон қуйиш бўлими ходимлари ўз фаолиятларини мамлакатимизда қабул қилинган «Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида»ги қонун ҳамда «Ўзбекистон Республикасида бадалсиз донорлик фаолиятини ривожлантириш дастури» (2008 йил) асосида олиб боришмоқда. 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган соғлом фуқаролардан 85 нафар захирада турган донорларимиз бор. Улар берган қон туфайли ўнлаб инсонлар ҳаёти сақланиб қолинмоқда...

Бўлим ҳаками таърифлаганидек, донорлар ўз ҳаётини эзгулик, саховат ва мурувватга бағишлаган инсонлардир. Биргина шу йилнинг ўтган салкам олти ойи давомида улар ёрдами билан мазкур туман қон қуйиш бўлимида 16 литрдан кўпроқ қон зардоби ва 6 литрдан зиёд эритилган масса тайёрланиб, реанимацияга тушиб қолган кўплаб беморларнинг ҳаёти сақлаб қолинди. Айниқса, Авазбек Алиев, Мусурмонқул Худойбердиев, Аҳаджон Пўлатов, Маҳбуба Жўраева, Олимжон Ҳасанов сингари кўпдан-кўп фаол донорларнинг беғараз, беминнат кўмаги катта бўлаяпти. Улар орасида ҳатто 20-25 йилдан буён донорлик қилаётган ҳиммати баланд фуқаролар борлиги ҳам мақтовга, ҳайратга моликдир.

Яқинда анъанага кўра кенг нишонланган Халқаро донорлар кунида туманда ана шу қалби эзгуликка, меҳр-мурувватга йўғрилган саховатпеша юртдошларимизнинг яхшилик йўлидаги хайрли ишлари рағбатлантирилиб, улар билан бир пиёла чой устида гурунг ташкил этилди. Туман марказидаги шинам масканлардан бирида ўтган мазкур тадбирга туман ҳокимлиги, соғ­лиқни сақлаш бўлими, туман Қизил Ярим Ой жамияти, қон қуйиш бўлими жамоалари ҳомийлик қилдилар.

Ғулом ХИДИРОВ,

“Adolat” мухбири

=========

 

Ватан салоҳияти ёшлар қўлида

altСамарқанддаги ҳарбий-қурилиш академик лицейида битирувчиларга диплом топширишга бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур таълим даргоҳи ҳарбий касбларни эгаллашни истаган ёшлар учун чинакам камолот мактабига айланган. Бу ерда республикамизнинг турли вилоятларидан 450 нафар истеъдодли ўқувчилар илм олишмоқда. Уларга малакали ўқитувчилар ўз билим ва тажрибаларини ишга солиб сабоқ беришмоқда, академик лицейда спорт ва ҳарбий тайёргарлик дарслари чуқурлаштирилган дастур асосида ўтказилаётгани ёш талабаларни ҳар томонлама чиниққан, баркамол авлод бўлиб вояга етишига кўмаклашмоқда.

— Таълимда замонавий, илғор услубларни қўллаб, ёшларни олий ўқув юртларига тайёр­лаш ёки мустақил ҳаётга йўлланма бериш педагог-устозларнинг асосий ишларига айланган, — дейди академик лицей директори Ҳикматилло Норқораев. — Шу мақсадда мамлакатимизда фаолият юритаётган академик лицейлар билан мунтазам тажриба алмашиб турамиз, ҳамкорлик қилаяпмиз.

Самарқанддаги олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-мутахассислик билим юрти ва Алишер Навоий номидаги давлат университети профессор-ўқитувчилари эса ўзаро ҳамкорлик асосида лицей талабаларига машғулот ўтишмоқда. Юқори даражада компьютерлаштирилган, спорт жиҳозлари билан таъминланган лицейда таълим сифати ва самарадорлиги ҳам баланд бўлмоқда. Шу боис бу ерда таҳсил олган ёшларнинг аксарияти олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинмоқда.

Академик лицейнинг бу йилги 140 нафар битирувчиларига диплом топшириш тантанасида уларнинг устозлари, ота-оналари, меҳнат фахрийлари иштирок этдилар. Ёшлар ҳарбий касбнинг етук мутахассислари бўлиб мустақил ҳаётга қадам қўйишлари, Ватаннинг муносиб ҳимоячилари сифатида обрў қозонишлари учун самимий тилаклар изҳор этилди. — Ўғлим Зоҳиржон Раззоқов ҳарбий мутахассис бўлиб етишаётганидан хурсандман, — дейди самарқандлик Наима Каримова. — Энди у ва унинг тенгдошлари юртга муносиб ўғлон бўлишсин. Ўз нав­батида талабалар устозларига миннатдорлик билдириб, ишончни оқлашга, улуғ мақсадларни амалга оширишга сўз бердилар.

Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,

«Adolat» мухбири

============

 

Ўқинг, бу қизиқ

Энг тезкор компьютер

altАҚШнинг IBM корпорацияси дунёда энг тезкор “Sequoia” суперкомпьютерини яратди.

РАТА-ТАСС мухбирининг хабар беришича, ушбу суперкомпьютер 6,7 миллиард одам 320 йил давомида оддий калькуляторда амалга оширадиган ҳисоб-китобни бир соатда уддалай олади. У бир сонияда ўн олти минг триллион операцияни бажариш имконига эга. “Sequoia” Linux операцион тизими ёрдамида ишлайди. Маълумот ўрнида шуни айтиш жоизки, ҳозир дунёдаги энг тезкор ўнта компьютернинг учтаси америкаликларга тегишли. Германия ва Хитойда иккитадан, Япония, Франция ва Италияда биттадан суперкомпьютер мавжуд.

 

=======

Аллергияга қарши вакцина

altФинляндиялик олимлар аллергия қўзғатувчи барча моддаларга қарши тура оладиган универсал вакцина устида иш олиб бормоқда.

Унинг таъсири антижисмларни нобуд қилиш имконини беради. Мутахассисларнинг айтишича, бундай вакцинага талаб жуда юқори бўлиши кутилмоқда. Боиси Европа аҳолисининг катта қисми аллергияга чалинган.

 

=========

Ўрмонлар мамлакати

alt

Хитой мамлакатни ўрмонлаштириш бўйича дунёда биринчи ўринда туради.

Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, мамлакатда сўнгги ўттиз йил ичида 58 миллиард 900 миллион дона дарахт кўчати экилган. Маълумотларга қараганда, 2011 йилнинг ўзида Хитойда 12 миллиард 700 миллион дона дарахт кўчати ўтқазилган. Мамлакат ҳукумати 2022 йилга бориб кўкаламзорлаштириш дастурига мувофиқ бу ишга беш юз миллион кишини жалб этиб, яна 26 миллиард дона кўчат экишни режалаштирган. Хитой ўрмонларининг умумий майдони 195 миллион гектарга тенг.

Газета чоп этилган сана: 2012 йил, 22 июнь. 25 (884) сон.

Адади: 9550

Газета дўконларидаги баҳоси: 500 сўм

Mulohazalar

Mulohazalar: 0 | Sahifa: 0



Mulohaza qoldirish

Ism *:
Kod *:
Фотогалерея
www.adolatgzt.uz
28-сон28-сон
Барча сонлар

Газетага обуна бўлинг.
"Адолат" газетаси обуна индекси - "100"

Об - ҳаво
ВИДЕОРОЛИКЛАР

Видеороликлар

Ижтимоий Ҳамкорларимиз

ПАРТИЯГА АЪЗО БЎЛИШ УЧУН

• 18 ёшга тўлган бўлиш

• Партиянинг Устав ва Дастурини тан олиш

• Партия Дастурида белгиланган тадбирларни амалга оширишда фаол иштирок этиш хоҳиши

• Аъзоликка қабул қилинишни сўраб ариза ёзиш

Ўзбекистон “Адолат” СДПга аъзо бўлиш ихтиёрийдир. Агар сизда бунга хоҳиш бўлса, ўзингиз яшаётган ҳудуддаги партия Кенгашига мурожаат қилишингиз мумкин.

Партия Кенгаши манзили, ишонч телефонлари, аъзоларни қабул қилишга масъул шахсни топиш ва саволларингиз учун:

(8 371) 288-46-64

Партия аъзосининг ҳуқуқлари

Партия аъзосининг мажбуриятлари

alt Аризанинг электрон варианти

ФИКР-МУЛОҲАЗАЛАРИНГИЗ
Нигора Рўзиева
Азиз партиядош ҳамкасблар! Сизларни 27 - июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари к...
Abduvahid
Assalomu alaykum, Adolat partiyasi dekabr oyida bolib otadigan saylovlarga saylovoldi reklamas...
ҲУҚУҚИЙ МАСЛАҲАТХОНА
CЎРАНГ, ЖАВОБ БЕРАМИЗ?

– Бошланғич партия ташкилоти партиянинг негизи ҳисобланади. Камида уч нафар партия аъзоси бўлган тақдирда БПТ тегишли туман, шаҳар партия кенгашлари томонидан рўйхатга олинади.

Дунё парламентларида
Жан-Клод Юнкер Еврокомиссиянинг янги раҳбари

Шу йилнинг 15-июль куни Европарламент депутатлари Страсбургда бўлиб ўтган пленум сессиясида Еврокомиссиянинг янги раҳбарини сайлашди. Тўпланган 400 дан ортиқ овоз натижаларига кўра, Люксембургнинг собиқ бош вазири Жан-Клод Юнкер эндиликда Еврокомиссиянинг раҳбари бўлди.

У овоз бериш жараёнларидан олдин ўзининг “Европа учун янги босқич: бандлик бўйича менинг янги таклифим, иқтисодий ўсиш, демократик ислоҳотлар ва ўзгартиришлар” номли дастури билан чиққан эди. Юникернинг мазкур дастури Европанинг тараққиётини кучайтиришга, ҳусусан, ташқи сиёсатга йўналтирилди.

    Жан-Клод Юнкер:

   – Бизга шошилинч равишда ташқи сиёсат ва хавфсизлик сиёсати соҳаларининг ўзаро ҳамкорлиги зарур. Қолаверса, ташқи дунё олдида олий раҳбар орқали ягона вакилликка эга бўлишимиз лозим.

Шунингдек янги раҳбар яна бир қанча лойиҳалар ҳамда олдинда турган мақсад ва вазифалар борасида ҳам атрофлича тўхталди.

 

ДИҚҚАТ, ТАНЛОВ!!!

“КУЧ – АДОЛАТДА”

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши  партия дастурий ғоя ва мақсадларини кенг тарғиб қилиш, партиялар фаолиятини ёритишга янгича ёндашувларни шакллантириш, партия фаолиятининг энг яхши тарғиботчиларини рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллик кунининг 23 йиллигига бағишлаб ОАВ ходимлари ўртасида “КУЧ – АДОЛАТДА” танловини эълон қилади.

Танловга 2014 йил январь ойидан 1 октябргача бўлган даврда газета ва журналларда чоп этилган, радио орқали эфирга узатилган ҳамда телевидениеда кўрсатилган ва интернет нашрларида берилган материаллар қабул қилинади.

Танловда мамлакатимиздаги барча ОАВда фаолият кўрсатаётган маҳаллий журналистлар, ОАВнинг вакиллари якка тартибда иштирок этишлари мумкин.

Танлов шартлари:

“Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да белгиланган вазифаларнинг партия томонидан ижросини ёритиш; бошланғич партия ташкилотларидан репортажлар, “Аёллар қаноти” ва “Ёш адолатчилар” фаолияти ҳамда партия Сайловолди дастури йўналишларини ёритиш; газета-журнал, интернет сайтларида чоп этилган, ТВ ва радио эфирга узатилган  танқид ва партиялараро рақобат руҳидаги таҳлилий мақолалар ва кўрсатув ҳамда эшиттиришлар; барча даражадаги депутатлар ва депутатлик гуруҳлари фаолиятини ёритувчи мақолалар, депутатлар билан интервьюлар, кўрсатув ва эшиттиришлар.

Танловга теле-, радио-, босма материаллар ҳамда интернет нашрларида эълон қилинган ишлар (3 тадан кам бўлмаган холда) 2014 йилнинг 5 октябригача тақдим этилиши шарт.

Материаллар “КУЧ – АДОЛАТДА” танловига деб кўрсатилган ҳолда қуйидаги манзилга юборилиши лозим:

100043, Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Шарқ тонги, 23-уй.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати.

Телефонлар: 288-46-64; 288-42-08 (111). Эл.почта: info@adolat.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
PRESS-SERVICE.UZ
Ўзбекистон Республикаси Давлат хокимияти портали
GOV.UZ
Олий Мажлис Конунчилик палатаси
PARLIAMENT.GOV.UZ
Олий Мажлис Сенати
SENAT.GOV.UZ
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти
NIMFOGO.UZ