4-сон

alt

Жорий йилнинг устувор йўналишлари

юқори ва изчил ўсиш суръатларини сақлаш, макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлашга, пировардида, 2012 йил тарихга Ватанимиз тараққиётини янги босқичга кўтарадиган бўлиб киришига қаратилди.

 Президентимизнинг 2011 йилнинг асосий якунлари ва 2012 йилда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида сўнгги йилларда ва хусусан ўтган — 2011 йилда мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш борасида эришилган ютуқлар Халқаро валюта жам­ғармаси, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки сингари дунёдаги қатор катта обрў-эътиборга эга молия муассасалари томонидан муносиб ҳамда юксак баҳоланганини фахр-ифтихор билан таъкидлаб ўтилди. Жумладан, Халқаро валюта жамғармасининг сўнгги баҳолаш миссияси баёнотидан келтирган сатрларга эътибор беринг:

”Ўзбекистон жадал ўсишга эришди ва глобал молия­вий инқирозга қарши самарали чоралар кўрди. Кейин­ги беш йилда Ўзбекистонда ўсиш суръатлари ўртача 8,5 фоизни ташкил этди ва бу Марказий Осиёдаги ўртача ўсиш суръатидан юқоридир...”.

Дарвоқе, мазкур нуфузли жамғарма миссияси Ўзбекистонда бюджет профицити, расмий захиралар даражасининг юқорилиги, давлат қарзининг камлиги, барқарор банк тизими ва халқаро молия бозоридан қарз олишга эҳтиёткорлик билан ёндашилаётганлиги каби ҳолатларни қатор йиллар давомида мутассил кузатиб юрганлигидан сўнггина шундай хулосага келган. Президентимиз шунинг учун ҳам маърузада миссиянинг ўтган йил бошидаёқ билдирган мана бу умидларини яна ҳам алоҳида урғу, фахр билан таъкидлади: “Миссия 2011 йилда ялпи ички маҳсулот 8,3 фоиз кўпайишини кутмоқда ва ўрта муддатли истиқболда иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатлари сақланиб қолишини башорат қилмоқда”.

Асосли башорат! Зеро, миссия кутган натижалар аниқ намоён бўлди, ахир: ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати 8,3 фоизни ташкил этди. Бу — 2000 ва 2011 йиллар оралиғида ялпи ички маҳсулот ҳажми 2,1 баробар ошиб, ушбу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон иқтисодиёти жадал ривожланаётган дунё мамлакатлари қаторидан жой олди, дегани. Масалан, саноат ишлаб чиқариш 6,3 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,6, чакана савдо айланмаси 16,4, аҳолига пуллик хизмат кўрсатиш 16,1 фоизга ўсди... Буларнинг ҳаммаси, бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда сўнгги 10-11 йил ичида амалга оширилган жиддий таркибий ва сифат ўзгаришларининг натижаси, албатта. Давлатимиз раҳбари ушбу ўзгаришлар ва натижаларни ойдинроқ англашимиз учун қиёсий бир мисол келтирди: «2000 йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотни шакл­лантиришда саноат ишлаб чиқаришининг улуши бор-йўғи 14,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2011 йилда бу кўрсаткич 24,1 фоизга етганида яққол кўриш мумкин». Демак, Ўзбекистонда иқтисодиётнинг етакчи тармоқларида рўй берган таркибий ўзгаришларни амалга ошириш ва мазкур соҳаларни диверсификациялашга қаратилган эътибор — мамлакатда экспорт ҳажми, унинг таркиби ҳамда сифатига катта ижобий туртки бўлди.

Булар ҳали Ватанимиз тараққиётини янги босқичга кўтариш йўлида иқтисодиётимизни ислоҳ қилиш дастурининг мантиқий давомини янада давом эттириш жазмида эришган ва эришаётган жамийки ютуқларимиздан бир шингил, холос. Уларнинг ҳаммасини ҳозир қайд этаверишга ҳожат бўлмаса керак. Яхшиси, жаҳон бозорида ҳали-ҳануз кечаётган инқироз жараёнларида ўзгалар қатори бизни ҳам ўсиш суръатлари ва самарадорлигини ошириш таъминотида кутаётган қийинчиликларга қарамай, 2012 йил Ватанимиз тараққиётида чинакам янги кўтарилиш босқичи бўлиши ва у мустақил тараққиётимиз тарихи солномаларида жамиятимизни демократик янгилаш ҳамда янада либераллаштириш йили бўлиб қолиши учун давлатимиз раҳбари маърузасида белгиланган ижтимоий-иқтисодий ривожимизнинг асосий йўналишларига қисман назар солайлик.

Маърузада аниқ-равшан айтилди, 2012 йилда: «Ялпи ички маҳсулотнинг 8,2 фоизга, саноат ишлаб чиқаришнинг 8,6 фоизга, қишлоқ хўжалигининг 5,8 фоизга ўсиш суръатлари белгиланмоқда. Шунингдек, истеъмол нархларининг ўсиш даражаси 7-9 фоиз даражада бўлиши мўлжалланмоқда. Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасини 12 фоиз даражасида сақлаш назарда тутилмоқда.

...Давлатимиз бюджети жами харажатларининг 60 фоиздан ортиғини социал соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтириш кўзда тутилмоқда».

Солиқ юкини камайтириш борасидаги вазифаларни оласизми, даромад солиғини пасайтириш режасини оласизми, капитал қўйилмалар ҳажми, хорижий сармоялар ва жалб қилинадиган кредитлар миқдорини ошириш борасида кўзда тутилган марраларни оласизми — ҳаммасида жаҳон иқтисодиётида вужудга келаётган тенденциялар, айни кезда Ўзбекистоннинг 2012 йилда ҳам ижтимоий ривожлантириш стратегияси истиқболлари нишонга олинганлиги ёрқин кўриниб турибди. Зотан, буларнинг барчаси мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясида кўзда тутилган мақсадли вазифалар бўлиб, уларда маърузада таъкидланганидек, «биз ўрта муддатли истиқболда иқтисодиётимизни ривожланган демократик давлатлар даражасига олиб чиқишни ҳозирги босқичдаги бош стратегик вазифа сифатида ўз олдимизга қўйганмиз». Мақсад — рақобатдош иқтисодиётни шакллантириб, рақобатдош мамлакат барпо этиш!

Шу нуқтаи назардан ҳам иқтисодиётимизнинг самараси йўналишида эскидан давом этиб келаётган баъзи эътиборсизлик, сусткашлик ва оқсоқлик ҳолатларига, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва уларга энергия сарфи ҳамон юқори даражада сақланиб қолинаётганлигига, айниқса, жойларда ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона ҳамда тежамкорлик билан фойдаланилмаётганлигига алоҳида эътибор қаратилиб: «муқобил энергия ресурсларини излаш ва жорий этиш ишлари талаб даражасида эмас. Умуман, ушбу соҳада зудлик билан қилиниши лозим бўлган кўплаб муаммолар тўпланиб қолганини афсус билан қайд этиш керак», эканлиги қайд этилди.

Маърузадаги айни шу танқи­дий фикр мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси, ҳар бир идораси ва муассасаси, вазирликлар, қўмиталар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, қолаверса, сиёсий партиялар олдига катта вазифалар ҳамда зиммаларига жиддий масъулиятталаб ишлар юклаши, табиий. Чунончи, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик пар­тияси зиммасига ҳам!

Зеро, партия ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган умумдавлат индикатив иқтисодий дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалга оширишга бел боғлаб, мамлакатда инновация туридаги иқтисодиётни ташкил этиш ташаббусини кўтарган ягона сиёсий кучдир. Ўз-ўзидан равшанки, мазкур ташаббус ижроси, пировард натижада, Ўзбекистоннинг илмий-техник салоҳиятини янада тўлароқ рўёбга чиқариш имконини беради. Бу эса фақат ва фақат Юртбошимиз уқтирганидек, «...юқори технологияларга асосланган янги корхона ва ишлаб чиқариш тармоқларининг жадал ривожланишини таъминлаш, фаолият кўрсатаётган қувватларни модернизация қилиш ва техник янгилаш жараёнларини тезлаштириш ҳисобидан амалга оширилиши мумкин».

Президентимиз маърузасидан юқорида тилга олинган тан­қидий иқтибосда айтилган муқобил энергия ресурсларини излаш ва жорий этиш ишлари борасида ҳам партиянинг кўзлаган мақсадлари, вазифалари аниқ. Хусусан, унинг сайловолди дастуридан ўрин олган қуйидаги вазифаларни эсланг: «Энергия ҳажмини камайтириш, қатъий тежаш тартиби, ишлаб чиқариш харажатлари ва маҳсулот таннархини камайтириш, қайта тикланадиган ноанъанавий энергия манбаларидан фойдаланишни асослаш механизмларини ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва татбиқ этиш масалалари ҳам партия диққат марказида бўлади. Партия энергиянинг мавжуд барча муқобил турларини комплекс равишда ривожлантириш орқали рақобатли энергетика бозорини ташкил этишни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратади».

Айни шу мақсадлар ва вазифалар ижроси йўлида сўнгги икки йил давомида партия бир қатор ғоялар ижросига киришиб, муайян ютуқларга эришаётганини оммавий ахборот воситалари саҳифаларида ўқиб турибмиз. Масалан, қишлоқларда янги ижтимоий объектлар — қишлоқ врачлик пунктлари, болалар боғчалари, мактаблар, болалар спорти, телекоммуникация ва почта алоқаси объектларини қуришда қайта тикланадиган ҳамда муқобил энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда, энергияни тежайдиган ускуналар қўлланила бошланди. Масалан, партия ташаббуси билан «Ўзбекэнерго» ДАК ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси энергетика ва автоматика институтининг «Электр ва иссиқлик энергия­сини ишлаб чиқаришнинг салоҳиятли концептул йўналишлари, улардан қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш асосида фойдаланиш» деб номланган қўшма лойиҳа бугунги кунда муваффақиятли амалга ошмоқда. Чорвоқда 750 кВтга эга шамол ускунасини яратиш, вилоятлардаги қишлоқ врачлик пунктлари ва ижтимоий объектларда иссиқлик ҳамда электр энергиясини ҳосил қилувчи қуёш коллекторлари — панеллар ўрнатиш каби қатор амалий ишлар қизғин кечаяпти. Бугунгача республикамизда 150 дан ортиқ ана шундай объектларда қуёш коллекторлари ва шамол кучи билан электр энергияси олишга мослашган замонавий технология воситалари ҳаракатга келди. Жойларда ҳатто «биогаз» деб ном олган ноанъанавий энергия манбалари учун ҳам имкониятлар очилмоқда...

Қиссадан ҳисса, мамлакатимизда юқори ва изчил ўсиш суръатларини сақлаш ҳамда макроиқтисодий бар­қарорликни янада мустаҳкамлаш йўлида 2012 йил тарихга Ватанимиз тараққиётини янги босқичга кўтарадиган йил бўлиб киришига эришиш учун кўзда тутилган барча устувор йўналишлар ижросига — Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси дас­турида қайд этилган вазифалар ҳам уйғун ва ҳамоҳанг. Партиянинг мақсади — юртимизда фаолият олиб бораётган барча сиёсий кучлар қатори Ўзбекистонда, том маънода, рақобатдош иқтисодиётни шакллантириб, рақобатдош мамлакат барпо этишдек юксак ва улуғвор ишлар жараёнларида фаол, бардавом иштирок этиш.

Номоз САЪДУЛАЕВ.

==========

Электрон таълим ва масофали ўқитиш унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришдолзарб масала

 

Мамлакатимизда таълим тизимини ривожлантириш, таълим соҳасига инновацион технологияларни жалб қилиш борасида “ўзбек модели”га асосланган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мустақиллик йилларида муҳтарам Юртбошимиз саъй-ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикасининг ”Таълим тўғрисида”ги Қонуни ҳамда “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури” қабул қилинди ва бу билан мамлакатимизда узлуксиз таълим тизимининг асоси яратилди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси дастурида ҳам  “Иқтисодиёт энг замонавий илм-фан ва техника ютуқларига, иқтисодий жараёнларни самарали бошқариш, илғор инновацион фикрлашни тарбиялайдиган таълим тизимига таяниши даркор”, шу­нингдек, “...таълим сифатини ошириш бўйича қўшимча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш” партиянинг устувор вазифалари эканлиги белгиланган.

Тошкент ахборот технологиялари университетида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ташаббуси билан Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда мазкур университет ҳамкорлигида ташкил этилган “Электрон таълим ва масофали ўқитишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари” мавзуидаги электрон конференция ҳам партия дастурини рўёбга чиқаришдаги яна бир амалий қадам бўлди.

Анжуманда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги вакиллари, мамлакатимиздаги барча олий таълим муассасалари орқали кенг жамоатчилик, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг жойлардаги фаоллари, олим-педагоглар, мутахассислар ва соҳа мутасадди раҳбарлари иштирок этишди. Ушбу ноанъанавий тарзда ўтказилган тадбир мамлакатимизнинг 70 дан ортиқ олий таълим муассасаларида, яъни ўз вилоятларидан масофавий уланиш орқали реал вақтда ўтказилгани билан аҳамиятли бўлди.

— Мустақил тараққиёт йўлидан бораётган мамлакатимизда илғор педагогик ва ахборот технологияларини жорий этиш ҳамда таълим самарадорлигини ошириш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, “Адолат” СДП фракцияси раиси И.Саифназаров. — Мазкур тадбирни ташкил этишдан мақсад таълим тизимига инновацион технологияларни жорий этиш, турли аҳоли қатламларининг таълим олишга бўлган имкониятларини кенгайтириш, бу борадаги масофадан ўқитишнинг жамият ривожидаги аҳамияти, мавжуд тажриба, эришилган ютуқлар, таълим хизматлари турини кўпайтириш ҳамда электрон таълим ва масофадан ўқитиш шаклларини ривожлантириш масалаларини муҳокама этиб, унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришдан иборат.

Қайд этилганидек, масофали таълим тизими ҳар бир фуқарони республикамизнинг қайси олис тумани бўлишидан қатъий назар замонавий ахборот коммуникация воситаларидан фойдаланган ҳолда масофадан туриб таълим олиш, тажриба алмашиш ва малакасини ошириш каби ҳуқуқларини амалга ошириш имкониятини беради.

— Ҳозирги вақтда барча таълим муассасалари замонавий компьютер ва телекоммуникация технологиялари билан жиҳозланмоқда, — деди партия фракцияси аъзоси З.Ботирова. — Бу эса педагогларнинг ўз меҳнат фаолиятига янгича ёндашувни талаб этади. Ўқув жараёнида янги технологияларнинг  жорий этилиши ўқитувчини техникавий воситалар томонидан сиқиб чиқаришга эмас, балки педагоглик фаолиятининг такомиллашувига олиб келади, ўқитувчининг вазифалари ва ролини янада кучайтиради.

Республикамиз мустақилликка эришгач, мамлакатимизни ахборотлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг “Маълумотлар узатиш миллий тармоғини ташкил этиш ва жаҳон ахборот тармоқларидан фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси  маълумотлар узатиш Миллий тармоғини модернизация қилиш ва ривожлантириш Дастури тўғрисида”ги, “Компьютерлаштиришни янада ривожлантириш ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “ZiyoNet” ахборот технологиясини янада ривожлантириш тўғрисида”ги ва Президентимизнинг 2005 йил 29 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг жамоат таълим ахборот тармоғини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарорлари мазкур соҳани ривожлантиришга ҳуқуқий асос бўлди.

Шу муносабат билан республикамиз таълим муассасаларининг  техникавий  базаси, жумладан, компьютер техникасининг янги авлоди билан  жиҳозланиши, шунингдек, уларнинг Интернет тармоғига уланиши, электрон алоқалар билан таъминланишига эътибор янада кучайди. Буларнинг барчаси таълим мазмунининг самарадорлигини ошириш мақсадида  республика таълим муассасаларида янги педагогик ва ахборот технологияларини жорий қилиш, ўқув  режаларига киритилган фанларни янги интерфаол усул ва воситалардан фойдаланган ҳолда ўтказишга, бу орқали масофадан туриб ўқитиш, компьютерлаштирилган анжуманлар ўтказиш, электрон дарсликларни яратиш,  ривожлантириш  ва ўқув-тарбия жараёнида қўллашни тақозо этади.

Мамлакатимизда “Кадрлар тайёрлаш миллий Дастури”да белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, давлат таълим стандартлари ҳаётга қўлланилаётган бир пайтда, таълим муассасаларидаги ўқув-тарбия жараёнини  сифатли ташкил этиш учун дарсликларнинг янги авлодини яратиш, масофали ўқитиш технологиясини янада мустақил ишлаш шароитини яратиб бериш зарур ва жуда долзарбдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истеъдод” жамғармаси қошидаги Масофали ўқитиш марказида 2004 йилдан буён республика таълим муассасаларининг истиқболли ёш педагог ва илмий кадрларнинг масофадан малака ошириши йўлга қўйилган. Шунингдек, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети порталида ташкил этилган масофали ўқитиш курсларида ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларининг ўқитувчилари малакасини ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Айни пайтда мазкур соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, масофали таълим жараёнида таълим муассасалари, педагоглар ва талабалар, умуман, тизимдан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ белгиловчи нормаларни ишлаб чиқиш олдимизда турган долзарб вазифалардан биридир. Бу борада  бизнинг “Адолат” СДП фракцияси аъзолари томонидан амалий саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилган.

Таъкидланганидек, бугунги кунда Республикамиз олий таълим муассасаларидаги компьютерлар сони 25000 дан ошди, улар оптик-толали алоқа каналлари ва локал тармоқлар билан 100 фоиз таъминланди. ОТМларда ишлаб чиқилган электрон дарслик ва қўлланмалар сони 2500 дан, тўлиқ матнли электрон ресурслар (маърузалар тўплами, сканерланган китоблар) 22000 дан ошди.

— Ўтган 2011 йилда Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги, “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамкорлигидаги “Ўзбекистон Республикасида “Электрон таълим” миллий тармоғини яратиш” лойиҳаси асосида барча олий таълим масканлари, “Истеъдод” жамғармаси, илмий-маърифий муассасалар ягона “Электрон таълим” тармоғига уланди, — деди Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари М.Каримов. — Жорий йилда мазкур корпоратив тармоққа яна 84 таълим муассасаси бирлашади, ҳар бир ўқув даргоҳида мультимедиали аудиториялар ташкил этилади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги зиммасига ушбу тармоқдан самарали фойдаланиш, уни мазмуний ривожлантириш ва модернизация қилиш вазифалари юклатилган. Ҳозирги кунда мавжуд тармоқдан бир-нуқтали ёки кўп-нуқтали видеоконференция алоқаси воситасида фойдаланиш мумкин. Барча олий таълим муассасаларига юқори сифатли видео-оқимни узатиш имкониятига эга зарур жиҳозлар ўрнатилган ва тегишли мутахассисларга ўқув курслари ташкил этилган.

Шу ўринда видеоконференция ёрдамида ўқув жараёни самарадорлигини қандай қилиб ва қай даражада ошириш мумкин, деган савол туғилади, албатта.

Биринчидан, видеоконференция орқали он-лайн (жонли эфир) режимида исталган нуқталар, яъни олий таълим муассасалари билан уланиш ва турли хил тадбирларни ташкил этиш мумкин. Масалан, республика миқёсидаги конференциялар, маънавий-маърифий, илмий-амалий тадбирлар, таниқли фан ва маданият арбобларининг маърузаларини узатиш, хорижий таълим ва фан вакилларининг ташрифлари ва маърузаларини ёритиш мумкин. Бу имконият ўқув-таълим жараёнига янгича ёндашув талаб қилади ва кадрлар тайёрлаш сифатини оширади.

Видеоконференция, шунингдек, ОТМларнинг географик мансублиги ва хизмат сафарлари масаласини ҳал этиб беради.

Иккинчидан, офф-лайн трансляция, яъни олдиндан ёзиб олинган ноёб видеоматериаллар айтиб ўтилган тадбирларни, умуман исталган аудиовизуал материалларни таълим ва илмий изланиш жараёнларида фойдаланиш учун намойиш этиш имкониятини яратади.

Айни пайтда ушбу электрон тармоқ мамлакатимиз ва хориж олий ўқув муассасалари билан “телекўприклар” ташкил этиш, билим масканларида ишлаб чиқилган ресурс ва веб-лойиҳаларни — веб-сайтлар, порталлар, ижтимоий тармоқлар, виртуал лаборатория­ларни жойлаштириш ҳамда улардан кенг фойдаланиш учун имконият яратиш, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.

Видеоконференцияда соҳа мутахассисларининг масофавий таълимнинг афзалликлари юзасидан бир қатор қизиқарли маърузалари тингланди ҳамда мамлакатимиздаги 70 дан ортиқ олий таълим муассасалари билан тўғридан-тўғри масофавий телеалоқа ўрнатилиб, таълим жараёнига ахборот-коммуникация технологияларини жадал жорий этиш, мазкур лойиҳанинг келгусидаги истиқболлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Конференция якунида иштирокчилар томонидан соҳани ривожлантириш юзасидан амалий таклифлар билдирилди ва керакли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Илёс САХАТОВ,

“Adolat” мухбири.

 Умумий мақсад йўлида

 

Кўппартиявийлик тизими тобора мустаҳкамланиб бораётган мамлакатимиз ҳаётида сиёсий партияларнинг роли ва таъсири кучаймоқда. Юртимизда фао­лият кўрсатаётган тўртта сиёсий партия 2009 йилнинг декабрь ойида бўлиб ўтган парламент ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига навбатдаги сайловда ўзларига хос ва мос ғоялари ҳамда ҳаракат дастурлари билан майдонга чиқиб, сайловчиларнинг овози учун ўзаро кураш олиб борганлиги ҳам шундан шоҳидлик бериб турибди.

Ишонч билан айтиш мумкинки, демократик тамойиллар асосида ривожланаётган жамиятимизнинг етуклик даражасини ўзида акс эттирган мазкур сайлов партияларимизнинг сиёсий-ижтимоий кўламини, ҳаётимизда, кундалик турмушимизда эгаллаган мавқеини жиддий имтиҳондан ўтказди. Энг асосийси эса бу синов ҳали ҳам давом этмоқда. Зеро, электоратни ўз томонига оғдириб олиш, дастурда белгиланган мақсад ва вазифаларга эришиш йўлида партиялар ўртасидаги соғлом рақобат, ғоялар кураши фақат сайлов арафасида ёки сайлов жараёнидагина эмас, мунтазам равишда кечади. Акс ҳолда партиялар эл назаридан қолган инерт сиёсий кучга эврилган бўларди.

Сўнгги пайтларда айрим оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган мақолаларда партия номзодлари сайлов жараёнида овоз берувчиларни ишонтириш учун катта-катта ваъдалар беришгани, бугун электорат ўша ваъдалар ижросини кутаётгани ҳақида мулоҳазалар билдирилмоқда. Бундай умумийроқ йўсиндаги фикрлар эҳтимол бошқа партияларнинг ўз сайловолди ваъдаларини бажармаётганини қаламга олган “Миллий тикланиш”  партиясининг фаолиятига мос келар. Тўғри, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик пар­тияси фаолияти ҳам камчиликлардан холи эмасдир, аммо мақолада тилга олинган “ин­новация” ва “электрон ҳукумат” шакллантириш ғоясини амалга ошириш борасида амалий қадамлар ташланди. Бироқ миллий қадриятларни ҳимоя қилиш, ички бозорни сифатли ва зарур маҳсулотлар билан тўлдириш, маҳаллий ишлаб чиқ­арувчиларни қўллаб-қувватлаш ғояларини илгари сураётган партиянинг ўзи қандай амалий ишларни рўёбга чиқаргани номаълум.

“Миллий тикланиш” демократик партияси ўз дастурида “Партиянинг иқтисодий соҳадаги вазифалари”га алоҳида тўхталиб, жумладан, “қишлоқда мулкчиликнинг янги шакллари, шу жумладан, фермерлик хўжаликларини жадал ривожлантириш сиёсатини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш”ни асосий фаолият йўналишларидан бири сифатида кўрсатади. Албатта, бу соҳада шахсан Юртбошимиз раҳбарлигида олиб бораётган кенг кўламли ишлар ҳаммамизга маълум. Аммо дейлик, биргина 2011 йил мобайнида “Миллий тикланиш” партияси бу борада қай тарзда фаолият юритгани бизга қоронғу. Агар партия фермерликни жадал ривожлантиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда экан, ўтган йили республикамиз бўйича 3 800 дан ортиқ фермер хўжалиги пахта етиштириш бўйича шартнома етиштириш мажбуриятини бажара олмаганини, натижада бой берилган фойда ҳажми, пахтани қайта ишлашдан олинадиган мой, шрот, кунжара ва бошқа маҳсулотларни ҳисобга олмаганда ҳам, йўқотиш қарийб 100 миллион долларни ташкил этганидан хабардормикан? Ё бўлмаса 2011 йили 1 500 фермер хўжалиги давлат захирасига ғалла сотиш бўйича 18 миллиард сўмлик ёки 62 минг тонна ҳажмидаги шартнома мажбуриятини бажара олмаганидан-чи? Ё бу маълумотлардан партия фақат Президентимизнинг 2011 йилнинг асосий якунлари ва 2012 йилда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги тарихий маърузасидан сўнг хабардор бўлдими? Масъулликни бўйинга олиш, уни дастурга киритиш бошқа, уни амалга ошириш бошқа...

Маълумот ўрнида қайд этиб ўтайлик, 2009 йилнинг 5 ноябрида бўлиб ўтган “Адолат” СДПнинг V қурултойида партиянинг сайловолди Дастури қабул қилинди. Мазкур Дастурда партия ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти, демократик ҳуқуқий давлат, кучли, адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш, маънавий жипслашган жамиятни шакллантириш жараёнларида ўз ролини кучайтиришни мақсад қилиб қўйган. Партия мамлакатимиз ривожланишининг Юрт­бошимиз томонидан баён этилган беш тамойилини миллий ўзига хослик ҳисобга олинган ҳолда асосий шиори Эркинлик, Адолатлилик, Бирдамлик бўлган жаҳон социал-демократик ҳаракатининг энг муҳим қадриятлари билан ҳамоҳанг, деб ҳисоблайди. Шунинг­дек, “Адолат” СДП ижтимоий адолат, қонун устуворлигига асосланган, барча фуқаролар қонун олдида тенг бўлган ва ўз конституциявий ҳуқуқ ҳамда эркинликларини бемалол амалга ошира оладиган ҳуқуқий демократик давлатни барпо этиш ғоясини илгари суришда давом этади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайланган депутатларимиз, партиямизнинг барча аъзолари фаолияти учун тамал тоши вазифасини  адо этаётган Дастуримизнинг аҳамияти бугунги кунда ҳам ошса ошмоқдаки, асло камаймаяпти. 

Албатта, бу борада жуда кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Бироқ мақола ҳажми чекланганлигидан келиб чиққан ҳолда, битта мисол билан кифояланаман. Ахир бежиз “Томчида қуёш акс этади”, дейишмайди-ку.

Партиямиз сайловолди Дастурининг “Иқтисодиётни ривожлантиришдан турмуш сифати ва даражасини ошириш” йўналишида белгиланган вазифалар қаторида, жумладан, қуйидаги бандлар ҳам бор: “Партия Ўзбекистонда инновация туридаги иқтисодиётни ташкил этиш муҳим вазифа, деб ҳисоблайди... Бу борада “миллий инновация тизими”ни (МИТ) ишлаб чиқиш ва амалда рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратамиз. Негаки, бу яқин истиқболда ғоялар, ихтироларни реал амалиётга тез татбиқ этиш қобилиятига асосланган инновацион иқтисодиётга ўтиш учун муҳим омилга айланади... Қайта тикланадиган ноанъанавий энергия манбаларидан фойдаланиш механизмларини ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва татбиқ этиш масалалари ҳам партия диққат марказида бўлади. Партия энергиянинг мавжуд барча муқобил турларини комплекс равишда ривожлантириш орқали рақобатли энергетика бозорини ташкил этишни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратади. Партия бу борада, айниқса, қишлоқларда янги ижтимоий объектлар — қишлоқ врачлик пунктлари, болалар боғчалари ва яслилари, мактаблар, болалар спорти, телекоммуникация ва почта алоқаси объектларини қуришда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда, энергияни тежайдиган инновация тизимларини жорий этишни... муҳим вазифа деб ҳисоблайди”.

Маълумки, Ўзбекистон “Адолат” СДП ўз фаолиятида инновацион технологияларни мамлакатимизда кенг жорий этишни рағбатлантириш борасида муайян ишларни амалга ошириб келмоқда. Бу ўз самарасини бераяпти, албатта. Айниқса, партиямиз қайта тикланувчи энергия манбалари (ҚТЭМ) ривожланишини мамлакатимизда халқимизнинг ҳар томонлама фаровон ҳаёт кечиришининг, юксак тараққиётга эришишининг воситаси деб билади. Ўтган қисқа икки йил ичида партиямиз дастурда белгиланган мазкур вазифани изчил тарзда адо этиб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси ташаббусига кўра қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича тайёрланган қонун лойиҳаси ҳозирги кунда муҳокамалар жараёнидан ўтмоқда. Шу билан бирга, фракция депутатлари ташаббусига биноан “Ўзбекэнерго” ДАК, Ўзбекис­тон Республикаси Фанлар академиясининг Энергетика ва автоматика институти билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикасида қайта тикланувчан энергия манбаларини ривожлантириб, улардан фойдаланган ҳолда электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқаришнинг узоқ муддатга мўлжалланган истиқболли концептуал низомлари ва йўналишлари” мавзусидаги ишлар бошлаб юборилган. Бу концепцияга асосан узоқ ҳудудлар ёқилғи ҳамда энергия билан таъминланади ва жойлардаги экологик ҳолат масалалари кўриб чиқилади, қайта тикланувчи энергетика технологияларини ривожлантириш, энергетика ускуналарини ишлаб чиқариш таҳлил қилинади. Шунингдек, гидроэнергетика ресурсларини иссиқлик билан таъминлашнинг, кичик қувватли қуёш фотоэлектр қурилмалари ва электр станцияларини, кичик қувватли шамол-электр ҳамда шамол-қуёш энергетика мажмуалари ҳамда бошқаларни ишлатиш бўйича концептуал таклифлар ҳамда қайта тикланадиган энергия манбалари ривожланишининг меъёрий-ҳуқуқий механизмлари ишлаб чиқилади.

Партиямизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ташаббусига кўра Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Фан ва технологиялар ривожланишини мувофиқлаштириш бўйича қўмитасининг Ижроия аппарати билан имзоланган келишувга мувофиқ муқобил энергия турларини қўллаш бўйича семинар ўтказилди, “Ўзбекэнерго” давлат-акциядорлик компанияси ҳамкорлигида “Ўзбекистон Республикасида қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг концептуал йўналишлари” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди. “Ўзбекэнерго” ДАК ва Ўзбекис­тон Республикаси Фанлар академияси Энергетика ва автоматика институтининг “Электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқаришнинг салоҳиятли концептуал йўналишлари, улардан қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш асосида фойдаланиш” деб аталувчи қўшма ло­йиҳаси Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ташаббуси билан якунига етказилди. Партиямизнинг Тошкент вилояти Кенгаши ташаббуси билан Ўртачирчиқ тумани “Кучлик” маҳалласида муқобил энергия манбаларидан бўлган биогаз қурилмасининг аллақачон ишга туширилгани ва бу тажрибанинг аста-секин республикамизнинг бошқа вилоятларига ҳам кўча бошлаганини таъкидлашнинг ҳожати бўлмаса керак. Биргина партиянинг вилоят Кенгаши қошида ташкил этилган “Истеъдод” клуби ташаббуси билан вилоятнинг шаҳар ва қишлоқлар ҳудудидаги ёш мутахассислар, ўқувчилар, ёшлар ижодий жамоалари, корхоналар ва ташкилотлар ишланмаларини кенг намойиш қилувчи кўрик-танлов  (масалан, “Ёш инноватор — ислоҳотларга кўмакдош”) ларининг ўтказилиши ҳам ёшларда инновацияларга бўлган қизиқишни орттирмоқда. Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати ташаббуси билан ўтказилган “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш: халқаро тажрибалар ва энг яхши амалиёт масалалари” мавзуидаги давра суҳбати давомида эса Муқобил  ёқилғи энергия манбалари ва чиқиндисиз технологиялар корхоналари ассоциацияси ташкил этилди. 

Нима учун бу мавзу ҳозир бутун дунёда долзарб бўлиб бормоқда? Чунки, яқин келажакда, истеъмол ҳажми йилига тахминан 12 фоизга ошиб бораётган амалдаги энергия воситалари захиралари камайган тақдирда қайта тикланувчи энергия манбаларидан унумли фойдалана олган давлатгина тараққиёт йўлидан дадил одимлайди. “Адолат” СДП эса бизнинг миллий манфаатларимизга мос келадиган мазкур соҳани ўз сайловолди дастурига киритди ва уни амалиётга татбиқ этиш учун астойдил ҳаракат қилмоқда. Бу борадаги саъй-ҳаракатларимизни дунё тажрибаси билан қиёсласак, партиямизнинг тўғри йўл тутгани яна бир бор ойдинлашади. Тасаввур этинг, фақат 2010 йилнинг ўзида дунё бўйича қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришга 211 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфланди. 

Шукрки, Ватанимизда йилнинг 300 кунида қуёш чарақлаб туради. Бу эса, мисол учун, Японияга нисбатан икки баробар кўп демакдир. Демак, она юртимиз ҚТЭМ ривожланиши бўйича жаҳоннинг энг илғор мамлакатлари билан беллаша оладиган кунлар яқин. Бу жараён тезлашувига эса Ўзбекистон “Адолат” СДП ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Кейинги пайтларда партиямизнинг шифобахш ҳисобланган топинамбур ўсимлигидан импорт ўрнини босувчи инновацион маҳсулотлар ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш таклифини ўртага ташлаётгани ҳам муҳим аҳамиятга эга. Авваллари унчалик оммалашмаган, кўпчиликка номаълум бўлган топинамбур ўсимлиги сўнгги 10-15 йил мобайнида қон босими баланд, қандли диабет билан оғриган беморлар дардига малҳам бўлаётганини,  инсулин ўрнига топинамбур баргини дамлаб ичганда қимматбаҳо дорилар ўрнини босганлиги ҳақида мароқ билан сўзлаган кишилар сони ошиб бормоқда.  Зеро, шу Ватанда яшаб туриб, унинг ёрқин келажаги, ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий ривожланиши, тараққий этган давлатлар қаторидан ўрин олиш йўлида заҳмат чекмаслик, астойдил меҳнат қилмаслик мумкин эмас. Демак, партия сайловчиларга берган ваъдасининг устидан чиқмоқда. Зеро, биз — социал-демократлармиз, сайловчиларга берган ваъдасининг устидан чиқадиган, ўз дастурида кўрсатилган мақсад-вазифаларни бажарадиган партия. 

Шубҳасиз, Ўзбекистон “Адолат” СДП амалга ошираётган кўпдан-кўп ишлардан фақат биттасини алоҳида ажратиб кўрсатарканмиз, манманликка берилишдан йироқмиз. Аксинча, биз ўз фаолиятимизни доимо танқидий баҳолаб келамиз. Айни пайтда партиямиз эришилаётган муваффақиятлардан кўз юммасдан, уларни кенг тарғиб-ташвиқ этишдан манфаатдор. Чунки, буюк давлат бунёд этишдек умумий муқаддас мақсадимиз йўлида эришилаётган, ҳар биримизнинг ва ҳаммамизнинг манфаатимиз учун хизмат қиладиган ютуқлар энг аввало она Ватанимизнинг салоҳияти, қудрати, обрў-эътибори янада ошишига олиб келади.

Абдували СОЙИБНАЗАРОВ.

========

Парвозингиз баланд, бехатар ва хайрли бўлсин, юртимиз лочинлари!

 

Мамлакатимиз истиқлолга эришгач, унинг ҳар бир йилидаги деярли ҳар бир кун зарварақлари янги тарихимизнинг янги-янги ўзгаришлари, унутилмас воқеалари ва нишонланишга арзигулик қутлуғ саналари билан бойиб бормоқда.

Узоққа борманг, газетамиз чоп этиладиган жумадан жумагача бўлган кунларни тасаввур қилинг-да, ҳафта ичидан ўрин олган муҳим саналар мундарижасига эътибор беринг:

28 январь — Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси — “Ўзбекистон ҳаво йўллари” (1992) ташкил этилди, худди ўша куни илгари шўролар давлати асосчиси номи билан юритилган Тошкент давлат университетига Мирзо Улуғбек номидаги Миллий университет мақоми берилди (2000), 31 январда Нукус — Султон Увайстоғ — Мискин — Учқудуқ темир йўл магистрали (2001) очилди, 2 февралда Республика “Оила” илмий-амалий Маркази (1998) фаолият бошлади ва ҳоказо... Шундай қилиб,

эртага — 28 январь куни Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси — “Ўзбекистон ҳаво йўллари” дарғалари ўз касб байрамларининг 20 йиллигини катта шоду хуррамлик билан нишонлайдилар.

Собиқ иттифоқ даврида «Тошкент бирлашган авиаотряди» деб номланиб келинган ҳаво дарвозамиз давлатимиз раҳбари ташаббуси билан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» — Миллий авиакомпаниясига айлантирилган дастлабки кунларданоқ техникавий базаси, халқаро меъёрлар андозасидаги шарт-шароитлари, мутахассис кадрлар захираси ва йўловчилар ҳамда юк ташиш тизимларига хизмат кўрсатиш сифати такомилига жиддий аҳамият берилди.

Олиб борилган изчил сиёсат ва аниқ-равшан мақсадларни кўзлаб амалга оширилган саъй-ҳаракатлар — бортига мустақил мамлакатимиз байроғи рамзи туширилган ҳаво кемаларининг юксак парвозларини босқичма-босқич таъминлай бошлади. Учувчилар маҳорати халқаро савиядаги даражага кўтарилди. Улар дунё ўлчамлари билан меъёрланган барча турдаги самолё­т­ларни бошқариш, техник хизмат кўрсатиш малакаларини қисқа фурсат ичидаёқ пухта эгаллашди. Учиш мажмуида учувчиларнинг махсус терма отряди вужудга келди.

Бугунги кунда миллий авиакомпания таркибида халқаро аэропорт мақомига эга Тошкент, Самарқанд,Бухоро, Урганч, Термиз, Навоий халқаро аэропортлари кенг кўламда фаолият олиб бормоқда.

Биргина «Тошкент» халқаро аэропортининг ўзи йилига 2 миллион нафардан зиёд йўловчига юқори савияда хизмат кўрсатиб келмоқда.

Мамнуният ва фахр билан айтишга арзигулик янгилик — «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси халқаро авиацион хавфсизлик жам­ғармасининг «Парвозларнинг хавфсизлиги соҳасидаги ютуқлари учун» фахрий дипломига сазовор бўлган пешқадам компаниялардан бири.

Мухтасаргина тилак: касб байрамларининг 20 йиллигини нишонлаётган Ўзбекистон Миллий авиакомпанияси лочинлари, парвозингиз баланд, бехатар ва хайрли бўлсин!

1992 йилнинг ўзида жаҳоннинг Лондон, Карачи, Деҳли, Куала-Лумпур, Тел-Авив, Пекин сингари жаҳоннинг ўнлаб йирик шаҳарларига янги-янги ҳаво йўллари очилди.

Йил ўтмай «Тошкент» халқаро аэропорти лизинг асосида сотиб олинган «А-310» русумли аэробусни фойдаланиш учун қабул қилди ва Франкфурт, Бангкок сингари йўналишлар парвози йўлга қўйилди.

1994 йилда яна битта — «А-310» самолёти келтирилиб, Афина, Манчестр, Сеул халқаро йўналишлар ҳаво «дарвоза»си ўрнатилди.

Кўп ўтмай Тошкент — Нью-Йорк трансконтинентал йўналиши ўзлаштирилди.

1996 йилда жаҳонда энг нуфузли само лочинларидан бири — «Боинг-767» ҳаво лайнери пойтахтимиз аэропортига биринчи бор қўниб, миллий авиакомпания парки кўркига кўрк қўшди.

Ўтган йиллар давомида авиакомпания ҳаво кемалари парки қўшимча равишда «Боинг-767», «RJ-85», «Боинг-757-200», «Боинг-757-300» русумли энг замонавий «самолёт»лар билан янгиланди.

Осако, Токио, Ханой-Хошимин, Шанхай, Милан, Қоҳира, Афина ва хорижнинг бошқа йирик шаҳарларига чиқиш имкони туғилди.

«Boing», «Airbus» компаниялари билан ўнга яқин замонавий (жумладан, 4 та «Боинг-757» 4 та «А-320») самолётларни етказиб бериш тўғрисида шартномалар имзоланди.

Навоий халқаро аэропорти юк ташиш миқдори бўйича жаҳонда илғор жамоалар сафида турибди. «Korea-Air» авиакомпанияси билан ҳамкорлик эса мамлакатимизнинг дунёвий нуфузига нуфуз қўшди.

Замон АЛИ.

 Сейсмик мустаҳкам қурилиш — илм-фан олдидаги долзарб  вазифа

 Истиқлол йилларида мамлакатимизда улкан  бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Кўркам маъмурий бинолар, корхоналар, таълим муассасалари, турли ижтимоий инфратузилма объектлари, янги турар жойлар барпо этилмоқда. Бу Ўзбекистоннинг барча соҳаларда жадал ривожланаётганидан далолатдир.

Вазирлар Маҳкамасининг 19 январда бўлиб ўтган 2011 йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2012 йилда иқтисодиётни барқарор ривожлантиришнинг энг муҳим устувор  вазифаларига бағишланган мажлисида Президентимиз Ислом Каримов қишлоқ жойларда хусусий уй-жойларни қуриш бўйича кенг кўламли дастур амалга оширила бошлаганидан буён, яъни сўнгги икки йил давомида 15 мингдан зиёд оила ҳар томонлама қулай янги уй-жойларга эга бўлганини таъкидлади. Жорий йилда  қишлоқ аҳолиси учун 8 минг 510 та якка тартибдаги уй-жой қурилиши режалаштирилган, бу эса ўтган йилга нисбатан 15 фоиз кўпдир.

Ўзбекистонда биноларнинг сейсмик мустаҳкамлигини таъминлаш, зилзилаларни ўрганиш ва  прогнозлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

«Зилзилалар динамикасидаги мураккаб жараёнлар: ночизиқлилик зилзила башорати ва сейс­мик барқарорлик» мавзуидаги халқаро илмий анжуман ана шу долзарб масалаларга бағишланди. Анжуман Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети, Ўзбекистон физика жамияти, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети, Фанлар академияси сейсмология институти ҳамда Япония халқаро ҳамкорлик агент­лиги (JICA) томонидан ташкил этилди.

Унда Германия, Италия, Франция, Туркия, Япония ва Марказий Осиё давлатларининг олим ва мутахассислари, мамлакатимиздаги турли вазирлик ва идоралар вакиллари, Ўзбекистон олий ўқув юртларининг аспирант ва талабалари иштирок этмоқда.

Анжуманда қайд этилганидек, БМТ маълумотларига кўра, айнан зилзилалар сўнгги ўн йил ичида содир бўлган барча табиий офатлар орасида салбий оқибатлари кўламининг кенглиги бўйича юқори ўринда туради. Шу боис, сейсмология соҳасидаги илмий-тадқиқот ишларини кенгайтириш, соҳага илм-фаннинг турли жабҳаларидаги мутахассисларни жалб этиш, олимлар ва амалиётчиларнинг халқаро мақсадли ҳамкорлигини ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.  

Таъкидлаш жоизки, фанлар­аро ёндашув замонавий илм-фаннинг ўзига хос жиҳати бўлиб, мамлакатимизда жадал ривожланаётган илм-фаннинг илғор  йўналишларидан бири — мураккаб тизимлар физикаси ва ночизиқли динамика бунга  ёрқин мисол бўла олади. Бугунги кунда ушбу соҳада эришилган ютуқлар фундаментал илм-фаннинг турли тармоқларида, юқори технологияларни яратиш ва уларни ишлаб чиқаришга жорий қилиш сингари кенг жабҳаларда қўлланилмоқда ва бу унинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилмоқда. Бу усуллар биологик ва макроиқтисодий жараёнлар, табиий ва техноген ҳалокатларни нафақат моделлаштириш, айни пайтда прог­нозлаштиришга, эко ва гео тизимни ривожлантиришга кўмаклашмоқда.

Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлар олимларининг ҳамкорликдаги тадқиқотлари натижасида, зилзилалар, ер ва қор кўчкилари, эпидемиялар, ўрмон ёнғинлари каби табиатдаги кўплаб жарёнлар кўчкисимон тарзда содир бўлаётгани аниқланди. Анжуманда таъкидланганидек, замонавий илм-фанда Ерга оид, айниқса, унинг геофизика, геодинамика ва сейсмология бўлимлари бўйича изланишлар самарадорлигини ошириш, зилзилалар содир бўлишига оид чуқур механизмлар қонуниятларини ўрганиш, уларни мониторинг қилиш ва прогнозлаштириш мақсадида мураккаб тизимлар физикаси ва ночизиқли динамика усулларини жалб қилиш талаб этилади.

Анжуманда Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон юқори сейсмик ҳудудлар сирасига кириши қайд этилди. Мамлакатимизда сейсмик жараёнларни моделлаштириш, зилзилаларни башорат қилиш ва огоҳлантириш, замонавий муҳандислик иншоотлари ва меъморий ёдгорликларни сейсмик ҳимоялаш соҳаларида  кенг изланишлар олиб борилмоқда. Бунинг учун барча  шароитлар  ва  имкониятлар яратилган.  Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 9 июлда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Фанлар акаде­мияси сейсмология институтининг сейсмология станциялари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 2009-2010 йилларда сейсмик хавф мониторинги тизимини реконструкция қилиш ва ривожлантириш Давлат дастури қабул қилинди ва амалга оширилди. Ҳозирги кунда мамлакатимизда энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган кўптармоқли сейсмологик станциялар фаолият юритмоқда. Улар орқали олинган маълумотлар тўпланиб, таҳлил қилинади, дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги сейсмик хизматлар билан ахборот алмашинуви йўлга қўйилган. Буларнинг барчаси олиб борилаётган тадқиқотлар самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Хусусан, ўзбек олимларининг зилзила содир бўлишидан олдин ер ости сувларининг кимёвий ва изотоп таркибида ўзгаришлар юз бериши тўғрисидаги  кашфиёти  халқаро илмий ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотди.

— Тошкентда ўтаётган мазкур анжуман замонавий сейсмологияни  ривожлантиришда катта аҳамият касб этади, — дейди Япониянинг сейсмология ва табиий офатлардан  огоҳлантириш Миллий институти профессори Чикахиро Минова. — Бу борада ўзбек олимларининг эришган ютуқлари жуда муҳимдир. Зеро, улар таклиф этаётган  янги усуллардан фойдаланиш  турли мамлакатлар  олимларининг изланишларини янада ривожлантиришга хизмат қилади. Мен Ўзбекистонга илк бор ташриф буюрдим, мамлакатингизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари мени ҳайратга солди. Мутахассис сифатида, мазкур ишлар иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлиги бўйича барча талабларга мос тарзда бажарилаётганининг гувоҳи бўлдим.

— Кўплаб мамлакатлар зилзилалардан ҳимояланишга эҳтиёж сезмоқда,  дейди Турин политехника университети (Италия) профессори Себастьяно Фоти. — Турли давлатлар олимларининг бу борадаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш соҳадаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Ўзбекистон илм-фани юксак салоҳиятга эга. Мамлакатларимиз ўртасида барча жабҳалар, жумладан, илм-фан ва таълим соҳаларида ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бормоқда. Тошкент­да Турин политехника университетининг очилиши бунга ёрқин мисол бўла олади. Бу ерда қатор долзарб йўналишлар, жумладан, мураккаб тизимлар физикаси соҳасида ҳам ҳамкорликда  тадқиқотлар  олиб борилмоқда.

Анна  ИВАНОВА,

ЎзА мухбири.

========

Мураккаб ва жонли тарих

миллат тарихига бевосита дахлдор ноёб ва ягона қўлланмада

ҳаққоний акс эттирилган

 

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Бухоро вилояти Кенгаши томонидан Фуқаролик жамиятини шакллантириш мониторинги бўйича мустақил институтининг минтақавий бўлинмасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” китоби мазмун-моҳиятига бағишланган сиёсий ўқиш ташкил этилди.

Вилоят партия Кенгаши фаоллари, халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутатлари, шаҳар ва туман партия кенгашлари раислари, “Ёш адолатчилар” ҳамда “Хотин-қизлар” қанотлари етакчилари иштирок этган мазкур тадбирда сўзга чиққанлар ушбу китобнинг нашр этилиши мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, маданий-маънавий ҳаётида муҳим воқеа бўлганлигини алоҳида таъкидлашди.

— Юртбошимизнинг мазкур китобини ўқиб-ўрганиш, айниқса, унинг мазмун-моҳиятини ёш авлод онг-шуурига сингдиришга барчамиз масъулмиз, — деди вилоят партия Кенгаши раиси А.Турсунов. — Чунки унда мустақил  мамлакатимиз истиқлолининг мураккаб ва жонли тарихи, бу улуғ неъматга эришиш йўлида олиб борилган қатъиятли курашлар, давлатимиз раҳбарининг жасоратли, узоқни кўзловчи серқирра фаолияти, собиқ тузум шароитидаёқ юртимизда мустақиллик ғоясининг шаклланиши, бу қадим орзунинг амалга ошиши қандай кечгани, аниқ ва таъсирчан фактлар, ҳаяжонли нутқ ва маърузалар ёрқин намоён этилган.

Сўзга чиққанлар китобда баён этилган истиқлолга эришиш йўлида юртимизда амалга оширилган сиёсий, ижти­моий-иқтисодий, маънавий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақидаги теран фикрлар, халқимиз бошидан кечирган турли воқеалар хусусида сўз юритар экан, энг аввало, Юртбошимизнинг мустақил давлат барпо этиш йўлида кўрсатган жасорати ҳар бир ватандошимизни истиқлолнинг қадрига етиш, уни кўз қорачиғидек асраб яшашга ундашлилигини алоҳида таъкидлашди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан амалга оширилаётган ишлар доирасида ташкил этилган мазкур сиёсий ўқишда партиянинг энг қуйи ташкилотлари орқали аҳоли орасига чуқур кириб бориш, “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” китоби мазмун-моҳиятини электоратнинг барча вакилларига янада кенг тушунтириш кўзда тутилган. Шу боис, аввало, шаҳар, туман кенгашлари раислари, маҳаллий вакиллик органлари ҳамда партия фаолларининг бу борадаги билимини ошириш лозим.

Шунингдек, сиёсий ўқишда вилоят партия Кенгаши ҳамда унинг қуйи тузилмаларининг бу борадаги тарғибот-ташвиқот тадбирларидаги иштироки таҳлил қилинди, ўзаро тажриба алмашиш учун қулай шароит яратилди.

Мазкур сиёсий ўқиш миллат тарихига бевосита дахлдор ноёб ва ягона қўлланма — “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” китоби мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида тарғиб этиш ишларини янада кучайтиришга, партия фаолларининг ижтимоий-сиёсий билимини бойитишга, тафаккурини юксалтиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон  “Адолат” СДП Бухоро вилояти

Кенгаши матбуот хизмати.

==========

Бугунги талаб қатъий депутатлик назоратини ўрнатишдан иборат

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилояти Кенгашида халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлик гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда маҳаллий Кенгашлар депутатлари фаолияти, улар олдида турган муҳим вазифалар чуқур таҳлил қилинди. Вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига таъсир кўрсатадиган долзарб масалалар кенгашлар ва депутатлик гуруҳларининг доимий эътиборида бўлиши кераклиги таъкидланди.

— Маҳаллий вакиллик органларига партиямиздан сайланган депутатларнинг ўтган йилда амалга оширган ишларини сарҳисоб қилар эканмиз, муайян ютуқлар қўлга киритилганлиги кўзга ташланади, — деди вилоят партия Кенгаши раиси А.Шодмонов. — Бунда, албатта, муҳтарам Юртбошимиз илгари сурган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясида қўйилган вазифалар ижроси бўйича амалга оширилган ишларни алоҳида таъкидлаш лозим. Ижро этувчи ҳокимиятнинг қонунлар ижросини таъминлаш, минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган вазифаларни бажариш борасидаги фаолияти устидан депутатлик назорати сезиларли даражада жонланди.

Таъкидлаш лозимки, 2011 йил давомида депутатлик гуруҳи томонидан ҳудудларнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши билан боғлиқ бўлган ўндан ортиқ масалалар ўрганилиб, турли даражадаги сессиялар кун тартибига киритилди. Хусусан, вилоят Кенгаши депутати М.Мирзаев ташаббуси билан 2009-2012 йилларда иқтисодий инқирознинг олдини олиш бўйича вилоят Кенгаши томонидан қабул қилинган дастур ижроси Андижон шаҳар, Улуғнор ва Шаҳрихон туманларида ўрганилди. Бунда асосий эътибор ишсизликнинг олдини олишга қаратилди. Вилоят Кенгашининг доимий комиссиясида бу масала 2 маротаба кўриб чиқилди. Халқ депутатлари Олтинкўл тумани Кенгаши депутати Ф.Парпиев томонидан Олтинкўл тумани аҳолисини ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш, сув иншоотлари фаолияти узлуксизлигини таъминлаш масаласи кўтарилиб, бунинг самараси ўлароқ туман “Сув оқова” корхонаси фаолияти тубдан ўзгарди. Яна бир мисол, Андижон тумани Кенгаши депутати Д.Алихонова томонидан туман Кенгашининг XI сессиясига аҳоли бандлигини таъминлаш, бунда фойдаланилмай турган бинолар, фаолиятини тўхтатган корхоналарни ишга тушириш бош масала қилиб қўйилди. Бу ишга депутатлар ўз ҳудудлари бўйича жалб этилди...

Эътиборлиси, муҳокама этилаётган барча масалалар юзасидан депутатлик гуруҳлари таклифларига мувофиқ, тегишли вазифаларни самарали амалга оширишга қаратилган қарорлар қабул қилинмоқда.

— Вилоят партия Кенгаши билан доимий алоқани ўрнатганмиз, — деди халқ депутати вилоят Кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари М.Мирзаев. — Бу эса ҳар бир муаммо ва камчиликларнинг ижобий ечим топишида қўл келмоқда. Депутатлик назорати орқали аниқланган камчиликлар ва ўз ечимини кутаётган масалалар умумлаштирилган ҳолда бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Мажлисда қайд этилганидек, фаолият таҳлили шуни кўрсатадики, маҳаллий вакиллик органларига партиядан сайланган депутатларнинг барчаси ҳам бирдек фаол эмас. Баъзи депутатларда қатъиятлилик ва журъат етишмаётган бўлса, айримларида ўз вазифасига нисбатан масъулиятсизлик кузатилмоқда. Бундай салбий ҳолатларнинг олдини олмаслик сайловчилар ишончини йўқотишга, бўлғуси сайловларда муваффақиятсизликка сабаб бўлиши алоҳида таъкидланди. Шу боис ҳар бир депутатнинг ўз сиёсий-ҳуқуқий билимини ошириш устида ишлаши, ён-атрофда содир бўлаётган воқеаларга дахлдорлик билан ёндашуви, маҳаллий Кенгаш сессияларига сайловчиларни қизиқтирган, ўйлантираётган масалаларни олиб чиқиши ва амалий таклифларни ўртага ташлаши муҳим ўрин тутади.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари 2012 йилда ўз фаолиятини янада жонлантириш, партия дастури доирасида фаолиятни кучайтириш, Мустаҳкам оила йилида янада фаол бўлиш, аҳоли, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар билан ишлашда маҳаллий ҳокимликлар ва масъул идоралар фаолияти устидан депутатлик назоратини кучайтириш борасидаги ишлар режаси ҳам  келишиб олинди.

Кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Андижон вилояти Кенгаши матбуот хизмати.

============

Фаолият таҳлил қилинди

 

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Хоразм вилояти Кенгашнинг X Пленумида таъкидланганидек, ўтган вақт мобайнида вилоят партия Кенгаши қай бир соҳада бўлмасин электорат манфаатларининг ҳимояси йўлида кенг кўламли ишларни амалга ошириб, аҳолининг турли қатлами орасига янада кенгроқ кириб борди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари, ҳудудий партия ташкилотлари раҳбарлари ва фаоллари иштирок этган Пленумда Хоразм вилояти партия Кенгашининг ўтган йилги фаолиятига яна бир карра назар ташланди, амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда камчиликлар чуқур таҳлил қилинди. Шу билан бирга, 2012 йилга мўлжалланган режалар қизғин муҳокама қилинди.

— Бугун мамлакатимизда кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида социал-демократиянинг ижтимоий адолат тамойили ижроси ва кенг кўламли ижтимоий дастурларнинг амалга оширилиши борасида кўзланган мақсадлар партиямиз зиммасига алоҳида масъулият юклайди, — деди вилоят Кенгаши раиси Н.Эшметов — Шу боис, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияда белгиланган устувор йўналишлар асосида фаолиятимиз йўналишларини янада аниқроқ белгилаб олдик ва ўтган 2011 йилда Хоразм вилояти партия Кенгаши асосий эътиборни партиянинг жамиятдаги мавқеини кўтариш, аъзолари ва тарафдорлари сонини ошириш, уларнинг сиёсий ва ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш ва шу орқали ижтимоий-сиёсий фаоллигини таъминлашга қаратди. Шунингдек, туман ва шаҳар партия ташкилотлари томонидан 200 га яқин турли мавзуларда тарғибот-ташвиқот тадбирлар ташкил қилинди. Бу борада Хива, Хонқа, Шовот туманлари, Урганч шаҳар партия кенгашлари фаолияти алоҳида эътиборга лойиқ. Сайъ-ҳаракатлар натижасида аъзолар сонининг ўсиши кузатилди. Айни вақтда аъзолар сони 7 минг нафардан ошди.  

Пленумда, шунингдек, партия дастурини амалга оширишда маҳаллий Кенгашлар депутатларининг вазифалари ҳам муҳокама қилинди. “Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партия­ларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги Конституциявий қонунда мустаҳкамланган ҳуқуқий имкониятлардан фойдаланган ҳолда жойларда қонун устуворлигини таъминлаш ва бу борада улар зиммасига юкланадиган вазифаларга атрофлича тўхталиб ўтилди.

Таъкидланганидек, вилоят ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури бўйича жойларда янги иш ўринларини яратиш борасида партиянинг маҳаллий кенгашлари депутатлари томонидан ҳам самарали ишлар олиб борилиб, 130 нафар фуқаро муқим иш ўринлари билан таъминланди. Шунингдек, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати А.Аминов ташаббуси билан Хон­қа туманидаги Сарапоён қишлоғида сув, газ қувурларини таъмирлаш, иссиқлик энергияси узлуксизлигини таъминлаш каби маиший инфратузилмани яхшилаш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Аҳолини ижтимоий муҳофаза этишга қаратилган саъй-ҳаракатлар доирасида ҳомийларни жалб этган ҳолда кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиб келинаётгани эътироф этилди.

— Мақсадимиз партия электорати ва сайловчиларнинг ишончини қозониш, уларнинг муаммоларига ўз вақтида ечим топишга кўмаклашишдан иборат, — деди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Р.Юсупов. — Пленумда билдирилган фикр-мулоҳазалар ушбу вазифаларимизни янада кенгайтиришга, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларни амалга оширишда ва жойларда учраётган муаммоларни ҳал қилишдаги депутатлик бурчи ва вазифаларини адо этишда ижобий самарасини беради, албатта.

Пленумда 2012 йил — Мустаҳкам оила йилида вилоят Кенгаши олдида турган вазифалар ҳақида ҳам атрофлича сўз юритилиб, амалга ошириладиган ишлар, вазифалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Хоразм вилояти Кенгаши матбуот хизмати.

 

Ҳамкорлик самаралари

 

Президентимиз Ислом Каримов томонидан Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида тақдим этилган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да қайд этилганидек, фуқаролик институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳозирги кунда демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланмоқда.

Фуқаролик жамияти институтларини янада ривожлантириш, ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш ва уларнинг ролини кучайтириш мақсадида муҳтарам Юртбошимиз томонидан таклиф этилган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонун ло­йиҳаси мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотларини янада ривожлантириш, уларнинг амалдаги мустақиллигини таъминлаш, ҳуқуқий ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жамоат ташкилотлари ҳамда давлат тузилмалари ўртасидаги ижтимоий шерикликни кучайтириш ҳамда мустаҳкамлаш масалаларига қаратилаётгани алоҳида эътиборга сазовордир.

Масалага бундай ёндашув Ўзбекистон “Адолат” СДП фаолиятида ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Партиянинг ҳудудий Кенгашларида нодавлат нотижорат ташкилотлари билан биргаликда кўпгина чора-тадбирлар белгиланиб, амалга оширилмоқда.

Хусусан, “Адолат” СДП Навоий вилояти Кенгашининг Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳудудий бирлашмаси билан ҳамкорликда амалга ошираётган ишлари тобора кенг кўлам касб этаётир. Аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий  билимларини юксалтириш мақсадида вилоятнинг бир қанча туман ва шаҳарларида тарғибот-ташвиқот тадбирлари ташкил этилди. Айниқса, Учқудуқ, Кармана, Томди туманларида қатор қизиқарли ва самарали тадбирлар ўтказилди. Шунингдек, аҳолининг истеъмол маданиятини ошириш ҳамда “Истеъмолчилар ҳу­қуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун ва соҳага доир бошқа қонун ҳужжатларини,  “Адолат” СДП ғояларини кенг тарғиб қилиш мақсадида Навоий шаҳридаги корхона ва муассасаларда “Истеъмолчилар доимо қонун ҳимоясида” мавзусида давра суҳбатлари бўлиб ўтди.

— Ўзбекистон “Адолат” СДП дастурий ғояларида истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш муҳим ўрин эгаллаганлиги биз билан ҳамкорликда амалга оширилаётган тадбирларда ҳам ўзининг яққол ифодасини топмоқда, — дейди Навоий вилоят Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раҳбари Жаҳонгир Саримсоқов. — Фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, истеъмолчиларнинг мавжуд муаммоларини ўрганиш ва зурур чора-тадбирларни белгилаш мақсадида маҳаллаларда, меҳнат жамоалари ва айниқса, таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёшлар билан учрашувлар, давра суҳбатлари қизиқарли, очиқ мулоқот, савол-жавоб тарзида ўтмоқда.

Ўтган 2011 йилда Кармана туманидаги “Уйрот” маҳалласида, Хатирчи туманининг “Ўзбекистон”, “Мустақиллик” маҳаллаларида, Учқудуқ туманининг “Навоий”, Конимех туманининг “Шалҳар”, “Учтепа”, Нурота туманининг “Мустақиллик”, “Сентоб”, Навоий шаҳрининг “Чинор” маҳаллаларида “Фуқароларнинг мурожаатлари ҳамиша эътиборда”, “Ҳисоблагичларингиз қиёсловдан ўтганми?”, “Адолатли муносабатда бўлинг”, “Сизга қандай савдо хизмати кўрсатилаяпти?”, “Коммунал хизматидан мамнунмисиз?”, “Адолат, эркинлик, бирдамлик” мавзуларида қизиқарли учрашувлар, савол-жавоб кечалари ташкил этилди.

Ўзаро ҳамкорлик доирасида ўтказилган бу каби тадбирларда Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари фаоллари, маҳаллий депутатлар, адлия бошқармаси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтининг Навоий минтақавий бўлими масъул ходимлари, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳудудий бирлашмаси вакиллари, соғлиқни сақлаш, сифат ва сертификатлаштириш, газ, электр тармоқлари идоралари ҳамда давлат санитария эпидемиология назорати маркази вакиллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон “Адолат” СДП,

Навоий вилояти Кенгаши

матбуот хизмати.

=====

ОАВ ривожи йўлида янги босқич

 

Фуқаролик жамиятини шакллантириш мониторинги бўйича мустақил институтнинг минтақавий бўлинмаларида «Оммавий ахборот воситалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш уларнинг фуқаролик институтлари тизимидаги ролини мустаҳкамлаш омилидир» мавзуида давомли давра суҳбатлари бўлиб ўтди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Парламент қуйи палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатлари, божхона ва солиқ тизими вакиллари ҳамда вилоятлардаги оммавий ахборот воситалари бош муҳаррирлари, матбуот ва ахборот соҳаси ходимлари иштирок этишди.

Давра суҳбатида Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш борасида ҳам муҳим вазифалар белгилаб берилгани ва бу йўналишда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ахборот соҳаси ривожига, оммавий ахборот воситаларининг давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолияти устидан жамоатчилик ва парламент назоратини таъминлаш, ҳокимият ва жамоатчилик ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатиш борасидаги ролини кучайтиришга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 30 декабрда қабул қилинган «Оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш учун қўшимча солиқ имтиёзлари ва афзалликлар бериш тўғрисида»ги Қарори миллий матбуотимиз ва журналис­тика соҳаси ривожига бўлган улкан эътибор ва ғамхўрликнинг амалдаги яна бир намунаси бўлди.

Ушбу қарорга мувофиқ, 2012 йилнинг 1 январидан оммавий ахборот воситалари таҳририятлари ва нашриётлар ижтимоий-сиёсий йўналишдаги ҳамда болаларга, имконияти чекланган шахсларга мўлжалланган адабиётларни сотишдан олинган фойдадан фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғини тўлашдан 5 йил муддатга озод этилди. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари таҳририятлари, нашриётлар, телерадиоканаллар ва полиграфия ташкилотларининг олиб келинадиган қоғоз, полиграфия материаллари ва ахборот сақлаш мосламалари, ускуналар учун божхона тўловларидан 5 йил муддатга озод этилиши уларга сезиларли даражада молиявий кўмак бўлади. Айни вақтда оммавий ахборот воситалари ва китоб маҳсулотларини етказиб бериш хизматлари қўшилган қиймат солиғига тортилмайди.

Вилоятлар миқёсида беш кун давом этган давра суҳбатларида, шунингдек, ахборот бозорини янада такомиллаштириш, оммавий ахборот воситаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва соҳа ходимлари меҳнатини рағбатлантириш борасида яратилаётган имтиёз ва афзалликлардан самарали фойдаланиш хусусида атрофлича фикр алмашилди. Оммавий ахборот воситаларининг давлат ва жамият қурилиши соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар очиқ-ошкоралигини таъминлашдаги ролини ошириш, фуқаролик жамияти инс­титутлари тизимидаги ўрнини янада мус­таҳкамлаш ҳамда соҳага доир қонун лойиҳаларини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар билдирилди ва вазифалар белгилаб олинди.

Нурбек АБДУХАЛИЛОВ,

«Adolat» мухбири.

=======

Дастур доирасида

 

Ўзбекистон «Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан Нукус шаҳридаги 5-сонли маҳалла фуқаролар йиғинида «Биз аҳолига сифатли коммунал хизмати кўрсатиш тарафдоримиз» мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.

Маълумки, партия сайловолди дастурида уй-жой-коммунал комплекси фаолиятини янада яхшилаш, аҳолини сифатли хизматлар билан таъминлаш каби масалалар устувор вазифа сифатида белгиланган. Партия етакчилари, маҳалла фаоллари ва ҳудуддаги турар жой эгалари ширкати вакиллари иштирок этган дастур доирасидаги мазкур тадбирда аҳолига кўрсатилаётган уй-жой коммунал хизматларининг бугунги аҳволи, қиш мавсумида кўп қаватли уйларга узатилаётган иссиқлик манбаи ишларининг сифатли олиб борилиши ва бу борада турар жой эгалари ширкатлари фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди.

Давра суҳбатида худди шундай тадбирларни ҳудуддаги бошқа маҳаллаларда ҳам ўтказилишига келишиб олинди.

Ўзбекистон «Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши матбуот хизмати.

========

«Самарқандкимё»: жамоанинг ижтимоий ҳимоясидан экологик муаммогача — партия назоратида

 

Нафақат Самарқанд вилояти, балки мамлакатимиз иқтисодиёти учун муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлган «Самарқандкимё» очиқ акциядорлик жамияти бугун чинакам тикланиш даврини бошдан кечирмоқда. Бундан 4 йил муқаддам «Ўзкимёсаноат» давлат акциядорлик компанияси томонидан молиявий қўллаб-қувватланиши туфайли заводда кенг кўламдаги модернизациялаш ишлари амалга оширилди. Маъданли ўғитлар ишлаб чиқариш, экстракция ва тайёр маҳсулотлар цехи, сув иншоотлари тубдан реконструкция қилиниб, янги технологиялар жорий этилди.

Бугун республикамиз қиш­лоқ хўжалиги учун нитрокальцийфосфат маъданли ўғитларини етказиб бераётган мазкур корхонада истиқболли изланишлар билан бирга ҳали ечимини кутаётган масалалар ҳам мавжуд. Ишлаб чиқаришни кенгайтириш, маҳсулот турини кўпайтириш, жаҳон бозорида унинг рақобатбардошлигини манфаатдорлик билан ҳал этиш вазифалари турибди. Муҳими, завод цехларида меҳнат қилаётган 665 нафар ишчи-мутахассисларда корхона тақдири учун жавобгарлик, масъулият ҳиссини уйғотиш, уларни  ташаббус билан чиқишга руҳлантира олиш лозим.

Ўзбекистон «Адолат» СДП­нинг «Самарқандкимё» заводи меҳнат жамоасида ташкил этилган бошланғич партия ташкилоти ана шу мураккаб ва масъулиятли ишларни амалга оширишда ўзини ташаббускор деб билмоқда. Партия фаоллари заводга, унинг жамоасига наф келтирадиган кўплаб фойдали таклифларининг маъмурият томонидан қўллаб-қувватланишига эришиб, обрў қозондилар.

Хусусан, БПТ раиси Суюнбой Бекмирзаев корхонани модернизациялаш жараёнида инновацион технологияларни кенгайтириш ва атрофга зарарли чанг-ғуборлар чиқишини тўхтатиш имконини берадиган лойиҳаларни илгари сурди. Натижада технологик ускуналарни ишлатишнинг мукаммал муҳандислик ечими жорий этилиб, экологик ваз­ият барқарорлашди.

Партия фаоли Азамат Ортиқовнинг ташаббуси билан корхонанинг 7 гектарлик боғдорчилик ёрдамчи хўжалиги яратилди. Балиқчилик билан шуғулланиш учун салкам чорак гектарлик ҳовуз барпо этилди. Якунланган йилда жамоа аъзоларига 600 килограмм балиқ тарқатилди.

Партиянинг яна бир аъзоси Дилшод Абдураҳмонов назорат-ўлчов асбобларини такомиллаштириш орқали ишлаб чиқаришда аниқ маромни таъминлаш, маҳсулот сифатини яхшилаш ҳақидаги таклифи билан маъмурият эътиборини қозонди.

— Биз жамоатчилик назоратини амалга оширишда маъмуриятнинг жамоа олдида ҳисобдорлигини таъминлашга эътиборни қаратаяпмиз, — дейди БПТ раиси С.Бекмирзаев. — Ходимларнинг ижтимоий ҳимояси, уларнинг меҳнатига ҳақ тўлашда адолат тамойилларига амал қилинишига бирламчи вазифалардан деб қараяпмиз. 86 ёшлик меҳнат фахрийси Фариддин Гашимов ва унинг оиласига яқинда маъмурият томонидан катта моддий ёрдам берилди.

Корхона меҳнат ва иш ҳақи бўлими бошлиғи, партия фао­ли Татьяна Лицованинг таъкидлашича, партия бош­ланғич ташкилотининг ННТ­лар билан ижтимоий шериклик асосида самарали фаолият юритаётгани завод маъмуриятининг эътиборидан четда қолган талайгина ижтимоий-иқтисодий масалаларга ечим топиш имконини бермоқда. Шулардан бири — коллеж битирувчиларини ўз мутахассисликлари бўйича иш билан таъминлаш масаласидир. Шу мақсадда корхонада «Устоз ва шогирд» мактаби ташкил этилиб, ёш мутахассисларга барча зарур шароитлар яратилди.

Шунингдек, завод касаба уюшмаси билан ҳамкорликда жамоа аъзоларидан тушган 80 дан ортиқ ёзма мурожаатлар тегишли тартибда ижобий ечим топганлиги ҳам эътиборга молик.

Гап «Самарқандкимё» заводидаги БПТ фаолияти мисолида қуйи бўғин ҳақида кетар экан, унинг ташаббускорлиги нафақат сиёсий партияни мустаҳкамлашда, балки, фуқаролар онги ва эркинлигини, ислоҳотлар жараёнини мустаҳкамлашда ҳам хизмат қилади. Шу боис, Ўзбекистон «Адолат» СДП бўлғуси сайловларда депутатликка номзодларни танлашда айнан бошланғич ташкилотларнинг тавсиялари инобатга олиниши ёки қуйи­дан чиққан ҳар битта таклиф-ташаббус партия Кенгашларининг фаолият мазмунига айланишига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Демак, БПТларнинг фаолият доираси кенгайиб, ижобий ишлар салмоғи ортиб бораверади.

Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,

«Adolat» мухбири.

 

Оила фаровонлиги — халқ фаровонлиги

 

Инсоният азал-азалдан фаровон жамият қуришга интилиб яшайди.  Дунёда яшаётган ҳар бир халқнинг ўз тили, дини, урф-одати ва анъаналари ҳамда ўтмиши бўлганидек, уларнинг фаровон жамият қуриш ҳақидаги тушунчалари ҳам, уни шакллантиришга муносабатлари, босиб ўтган йўллари ҳам ўзига хос тарзда кечган.

Шарқ мамлакатлари, хусусан она юртимизда қадимдан оилага муқаддас маскан сифатида қаралиб, айнан оила фаровонлигини жамият фаровонлигига қиёслашган. Донишманд халқимизнинг «Оила тинч — юрт тинч», «Сариштали уй — фариштали уй», «Оналик уйнинг ори бор, оталик уйнинг зари» сингари кўплаб ҳикматларида оиланинг жамиятдаги ўрни ва беқиёс аҳамиятига муносиб баҳо бериб келинганлигини англаймиз.

Бугун биз фахр ва ифтихор билан айта оламиз, олижаноб халқимиз асрлар оша ардоқлаб келаётган оила масканига юртимиз истиқлолининг илк дамларидан алоҳида эътибор қаратилиб, унинг фаровонлигини таъминлаш, моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш, муҳофаза қилиш давлатимиз олиб бораётган ислоҳотларнинг бош йўналишларидан бирига айланди. Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганларидек: «Агар оила соғлом ва мустаҳкам бўлса, маҳаллада тинчлик ва ҳамжиҳатликка эришилади. Бинобарин, маҳалла-юрт мустаҳкам бўлсагина, давлатда осойишталик ва барқарорлик ҳукм суради. Зеро, оила фаровонлиги — миллий фаровонлик асосидир».

2012 йилнинг «Мустаҳкам оила йили» деб эълон қилиниши, оила муҳитини янада асраб-авайлаш ва мустаҳкамлаш борасида мамлакатимизда олиб борилаётган одилона сиёсатнинг янги саҳифасини очиб берди. Оила билан боғлиқ муносабатларга алоқадор барча субъектлар, давлат идоралари, ташкилотларнинг ўз олдиларидаги вазифалари, масъулиятлари янада юқори поғонага кўтарилди. Таъкидлаш жоиз, жамиятда ҳар бир оиланинг мустаҳкам бўлишига бир ёки бир неча кишининг ёхуд идоралар саъй-ҳаракатлари билангина эришиб бўлмайди. Бу муҳим вазифанинг амалга оширилиши маълум субъектлар ваколатларига бириктирилган бўлса-да, унга кенг жамоатчилик ва ҳар бир фуқаро ўз ҳиссасини қўшмоғи лозим. Давлатимиз раҳбари яқинда 2011 йилнинг асосий якунлари ва 2012 йилда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида уқтириб ўтганидек, «Жамиятимизнинг асосий бўғини бўлган оила институтини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, бугунги кунда ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишларни янги босқичга кўтариш, бу борада маҳалланинг роли ва аҳамиятини кучайтириш, хотин-қизлар, опа-сингилларимиз учун янада кенг имкониятлар яратиш, жисмонан соғлом, маънан етук ва баркамол авлодни тарбиялаш каби ўз олдимизга қўйган бошқа муҳим мақсадлар барчамизга яхши маълум.

Бу ўринда гап айнан шулар ҳисобидан пировард натажада оила фаровонлигини ва шу асосда бутун халқимиз фаровонлигини янада ошириш ҳақида бормоқда».

Оиланинг мустаҳкам бўлиши — оила аъзоларининг, айниқса, эр ва хотин ўртасидаги муносабатларнинг ўзаро ҳурмат, меҳр-муҳаббат, ишонч ва садоқат тамойиллари асосига қурилишига бевосита боғлиқ. Бироқ бугунги кунда жамиятимиздаги барча оилаларда ҳам оилавий муносабатлар рисоладагидек кечаяпти деб бўлмайди. Хусусан, айрим оилалардаги турмушнинг издан чиқиши, оилавий муносабатларнинг бузилиши, айни вақтда ажралишларнинг келиб чиқаётганлиги ачинарли ҳол. Тўғри, бундай оилалар мамлакатимизда умумий оилалар сонига солиштирганда жуда оз миқдорни ташкил этади. Шундай бўлса-да, инсон ҳуқуқларига, оилага юксак қадрият сифатида ёндашиладиган юртимизда мазкур муаммо ва унинг ечимига янада чуқурроқ назар ташлашга тўғри келади. Бунинг учун қурилаётган янги оила, тузилаётган никоҳ шарт­номаси масалаларида эр-хотиннинг маънавий-ахлоқий жиҳатдан бир-бирларига мос келишларига алоҳида эътибор қаратишимиз керак, албатта. Халқимиз «Ўзинг суйганни олгунча, ўзингни суйганни ол», — деб бекорга айтмаган.

ФХДЎ мутахассиси сифатида айта оламанки, бу борада айрим ота-оналар томонидан йўл қўйилаётган мажбурий никоҳ муаммоларига чек қўйиш, ёшларимизни оила қуришдек шарафли ва масъулиятли масалага юксак даражада тайёрлаш, мустаҳкам оила тамойилларини, айниқса, ёшлар онгига чуқур сингдириш лозим. Шу билан бирга, ёшлар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш орқали турмуш машаққатларига чидамсизлик, турмушни енгил тушуниш, ўткинчи ҳою ҳаваслар билан яшашга мойиллик каби салбий ҳолатларни бартараф этиш саъй-ҳаракатларини янада кучайтириш керак, наздимда. Ота-оналаримиз ўз оталик ва оналик ҳуқуқларидан фойдаланиб, фарзандларига таълим-тарбия беришларида қонунларимизда қайд этилган одилона талабларга, халқимизнинг бола тарбиясидаги бой тажрибаларига таянмоқлари, энг аввало уларга ўзлари ибрат-намуна бўлишлари жуда катта моҳиятга эга. Зеро, оила фаровонлиги — халқ фаровонлигидир.

Барно РЎЗИЕВА,

Тошкент шаҳар Олмазор тумани ФҲДЁ бўлими

мудираси.

=======

Шартнома, интизом ва давр

 

Мамлакатимиз бозор иқтисодиётга босқичма-босқич ўтиш йўлидан борар экан, бунда шартномавий муносабатларга риоя этиш муҳим аҳамиятга эга. Хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги шартномалар барча мулк шаклидаги корхоналар ва тадбиркорларнинг ўзаро иқтисодий муносабатларини тартибга солувчи асосий ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Иқтисодий ислоҳотларнинг бош йўналишларидан бири ҳам хўжалик шартномалари ролини ошириш ва шартномавий муносабатларини ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштиришдан иборат. Шу нуқтаи назардан, шартномалар, жумладан, контрактация шарт­номалари барча мулк шаклидаги корхоналар — қишлоқ хўжалигида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар билан тайёрловчилар ўртасида ҳуқуқий ҳужжат бўлибгина қолмай, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг асосий омилидир.

Шундай бўлса-да, ҳамон жойларда тарафлар ўртасида тузилган шартнома мажбуриятларини бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик ҳолатлари юзага келмоқда. Бундай шартнома интизомига риоя қилмаслик ҳолатлари юзасидан Фар­ғона вилоят адлия бошқармасининг Шартномавий-ҳуқуқий ишларни назорат қилиш бўлими томонидан шартнома мажбуриятларини бажармаган хўжаликларга нисбатан қонуний чоралар кўрилмоқда.

Мисол учун, Қўштепа тумани «Расулбек Абдужалилзода» фермер хўжалигининг «Тошлоқ пахта тозалаш заводи» акциядорлик жамиятига 2010 йил ҳосилидан пахта хомашёси ва уруғлик пахта харид қилиш юзасидан тузилган контрактация шарт­номаси асосида етказиб берилган маҳсулот ҳақини ундиришда амалий ёрдам сўраб ёзган аризаси ўрганилганда шу нарса маълум бўлдики, завод ва фермер хўжалиги ўртасида (04.03.2010 й.) пахта хомашёси ва уруғлик пахта харид қилиш юзасидан контрактация шартномаси тузилган-у, хомашё ҳақи эса узоқ муддат тўланмасдан келинган.

Контрактация шартномасининг 5.3-бандида мазкур шартномага мувофиқ топширилган (юклаб жўнатилган) пахта хом­ашёси, уруғлик пахта ҳақини тўлашдан асоссиз равишда бўйин товлаганлиги учун тайёрловчи хўжаликка ўзи тўлашдан бош тортган сумманинг 15 фоизи миқдорида жарима тўлаши, жаримадан ташқари тайёрловчи хўжаликка муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун муддати ўтказиб юборилган тўлов суммасининг 0,4 фоизи миқдорида, бироқ муддати ўтказиб юборилган тўлов суммасининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда пеня тўлаши белгиланган.

Шунга кўра, вилоят Хўжалик судига «Расулбек Абдужалилзода» фермер хўжалиги фойдасига «Тошлоқ пахта тозалаш заводи» акциядорлик жамиятидан 6.601.700 сўм асосий қарз, 1.558.013 сўм пеня, жами 8.159.713 сўм ундириш юзасидан 2011 йил 14 март куни даъво аризаси киритилди. Даъво аризаси суд томонидан кўриб чиқилиб, 6.601.700 сўм асосий қарз, 400.000 сўм пеня, жами 7.001.700 сўм ундириб берилди.

Шунингдек, Фарғона туманидаги «Орзудаги СВАН» фермер хўжалиги раҳбари Ш.Тешабоеванинг етказиб берилган уруғлик ҳаққини ундиришда амалий ёрдам сўраб ёзган аризаси ҳам ижобий ҳал этилиб, фермер хўжалиги фойдасига тайёрловчи «Фарғонадонмаҳсулотлари» АЖдан 18.674.500 сўм етказилган зарар, 300.000 сўм пеня, жами 18.974.500 сўм маблағ ундириб берилди.

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Лекин, гап фақат ҳақларни ундириб беришда эмас, балки шартнома интизомига, аниқроғи, шартномавий муносабатларга қатъий амал қилиш ҳақида бўлаяпти. Зеро, хўжалик шартномалар юридик ва жисмоний шахсларни мулкий, номулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари вужудга келиш асосларидан биридир. Шартномаларсиз тадбиркорлик режаларини амалга оширишни тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Шундай экан, шартнома интизоми, бу — давр талаби. Унга риоя этиш бурч ва мажбуриятдир.

Неъматжон ҒОФУРОВ,

Фарғона вилоят адлия

бошқармаси ходими.

=======

«Ижара ҳақини тўғри ҳисобланг»

 

Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси (ўзгартиришлар билан)га мувофиқ фуқароларнинг уларга тегишли бинони, иншоотни ёки уларнинг бир қисмини, турар жойни ижарага беришдан олинадиган даромадлари мулкий даромад ҳисобланади. Фуқароларнинг ушбу даромадларига солиқ солишни тартибга солиш мақсадида 2012 йилнинг 1 январидан солиқ қонунчилигига тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 30 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2012 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 2012 йил 1 январдан бошлаб юридик ва жисмоний шахсларнинг кўчмас мулкини ижарага беришдан олган даромадини солиққа тортишда ижара ҳақининг (юридик ва жисмоний шахслар учун) энг кам миқдорлари белгиланган.

Жисмоний шахсларга 2012 йилдан бошлаб, уй-жойнинг 1 м.кв. учун (умумий майдондан келиб чиқиб) ижара тўловини энг кам миқдорини унинг жойлашган жойига қараб табақалашган миқдорлари белгиланди. Қарорнинг 26-иловаси билан 1 м.кв. учун (умумий майдондан келиб чиқиб),

Тошкент шаҳрида — 3 минг сўм, Нукус шаҳрида ва вилоятга бўйсунадиган шаҳарларда — 2 минг сўм, бошқа аҳоли пунктларида — минг сўм бир ойлик ижара тўловининг энг кам миқдорлари ўрнатилди. Масалан, фуқаро турар жойни ижарага бериш шартномасига кўра умумий майдони 48 кв. бўлган жойни ҳар ойда 120 минг сўм миқдорида ижара ҳақига шартнома тузган бўлса, Тошкент шаҳрида белгиланган меъёрларга мувофиқ бундай майдондан ижара ҳақи бир ойлик минимал миқдори 144 минг (48х3000) сўмдан кам бўлмаслиги лозим.

Ўзбекистон Республикаси Солик кодексининг (ўзгартиришлар билан) 181-моддасига кўра, жисмоний шахсларнинг кўчмас мулкини ижарага беришдан олган даромади жисмоний шахсларнинг даромадидан олинадиган солиқ шкаласининг минимал ставкасида, яъни 2012 йил 1 январдан 9 фоизли ставка солиққа торилади. Шунга кўра, мисолда келтирилган майдонга ҳисобланган бир ойлик ижара ҳақидан олинадиган солиқ 12960 (144000х9/100) сўмни ташкил этади.

Солиқ кодекси (ўзгартиришлар билан) 192-моддага кўра, мол-мулкни ижарага беришдан даромад олаётган жисмоний шахс белгиланган тартибда даромадлар тўғрисидаги қуйи­даги декларацияларни тақдим этади:

дастлабки декларацияни — шундай даромадлар юзага келган кундан эътиборан бир ой ўтгач, беш кунлик муддатда, агар бу даромадларга жисмоний шахслар даромадларига тўлов манбаида солинадиган солиқ солинмаган бўлса:

якуний декларацияни — ўтган солиқ давридан кейинги йилнинг 15 январига қадар.

Мол-мулкни ижарага беришдан даромадлар олиш тугаган тақдирда жисмоний шахс доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органини бу ҳақда ёзма шаклда хабардор этади.

Солиқ кодекси (ўзгартиришлар билан) 193-моддага кўра, мол-мулкни ижарага беришдан даромадлар оладиган жисмоний шахслар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тақдим этилган дастлабки декларация асосида ҳар ойда даромад олинган ойдан кейинги ойнинг бешинчи кунигача тўлайдилар. Йил тугагач, жисмоний шахсларнинг даромадларидан олинадиган солиқнинг йиллик суммаси ҳақиқатда олинган даромад бўйича ҳисоблаб чиқарилади. Бу сумма билан йил мобайнида тўланган суммалар ўртасидаги фарқ келгуси йилнинг 15 мартигача солиқ тўловчидан ундирилиши ёки унга қайтаралиши белгиланган.

Шунингдек, ижара муносабатларини тартибга солиш ва ижара шартномаларини ҳисобини тўғри ташкил этиш, кўчмас мулкни ижарага беришдан олинган даромадни яшириш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 30 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуни билан Ўзбе­кистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси қуйидаги мазмундаги «Фуқаролар ўртасида бинони, иншоотни ёки уларнинг бир қисмини, турар жойни ижарага бериш шартномасининг мавжуд эмаслиги ёхуд ижарага бериш шартномасининг мажбурий нотариал тасдиқланишига риоя қилмаслик» номли 159-1-модда билан тўлдирилди.

Унга мувофиқ, фуқаролар ўртасида бинони, иншоотни ёки уларнинг бир қисмини, турар жойни ижарага бериш шартномасининг мавжуд эмаслиги ёхуд ижарага бериш шарт­номасининг мажбурий нотариал тасдиқланишига риоя қилмаслик — энг кам иш ҳақининг беш баробаридан ўн баробаригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.

 

В.ШЕРҚЎЗИЕВ,

Учтепа тумани ЖШСС

бўлими бошлиғи.

 

Ўзбекистон божхонаси: халқаро миқёсда эътироф этилмоқда

 

Божхона ҳамкорлиги кенгаши (ҳозирги Жаҳон божхона ташкилоти)нинг 1993 йил 25 январдаги Қарорига асосан ҳар йили 26 январда Ҳалқаро божхоначилар куни дунё бўйлаб кенг нишонланади.

Маълумки, ушбу ташкилотнинг тарихи 1947 йилдан бошланган. Дастлаб Европанинг 13 та давлатини ўзида бирлаштирган ва Ишчи гуруҳ тарзида фаолиятини бошлаган мазкур бирлашма 1950 йилда Кенгаш тарзида фаолият олиб бориш учун ўз Конвенциясини имзолади. 1952 йилга келиб, мазкур Конвенция кучга кирди. 1953 йилнинг 26 январида Кенгашнинг Инаугурация сессияси бўлиб ўтди. 1994 йилдан эса Кенгаш Жаҳон божхона ташкилоти номини олди ва унга ҳозир 178 та давлат аъзо ҳисобланади.

Конвенциянинг 1952 йилдан кучга кирганини инобатга олсак, жорий йилда Жаҳон божхона ташкилоти (WCO) — ЖБТ ташкил этилганига расман 60 йил тўлди. Демак, бу йилги 26 январда нафақат халқаро божхоначилар куни, балки мазкур нуфузли ташкилотнинг ўзига хос юбилейи ҳам кенг нишонланди.

Дунё бўйлаб савдо айланмасининг 98 фоиз улуши Жаҳон божхона ташкилотига аъзо давлатлар ҳиссасига тўғри келади. ЖБТ расмий тиллари — инглиз ва француз тили, баъзи қўмиталарда испан ва рус тилидан ҳам фойдаланилади. ЖБТнинг юқори органлари сифатида барча аъзо мамлакатларнинг раҳбарларидан иборат Кенгаш, 24 давлат вакилларини ўз ичига олган Сиёсий комиссия ва 17 мамлакат вакиларидан иборат Молия қўмитаси фаолият юритади. ЖБТнинг доимий ишлайдиган органи — Котибият Брюсселда жойлашган бўлиб, унда 105 та ходим, жумладан 68 давлатнинг доимий вакиллари фаолият юритишади. ЖБТ қароргоҳида наркотиклар ва ўта хатарли товарларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашишда ахборотлар алмашинувини таъминлашга хизмат қилувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи Марказий тармоқ (CEN) ташкил этилган бўлиб, у 11 та минтақавий алоқа узели (RILO) ни ўз ичига олади.

Жаҳон божхона ташкилоти фаолиятида соҳага доир халқ­аро конвенциялар ва божхона ишининг бошқа ҳуқуқий нормаларини ишлаб чиқиш, ўзгартиришлар киритиш ва амалиётга жорий қилиш муҳим аҳамият касб этади. Ҳозир ЖБТ божхона фаолиятини тартибга солувчи 17 халқаро конвенциянинг депозитарийси ҳисобланади. Бундан ташқари, 50 дан ортиқ тавсияларни ишлаб чиққан. Ушбу йўналишда ЖБТнинг Жаҳон савдо ташкилоти билан ҳамкорлиги аъло даражада  йўлга қўйилган бўлиб, бу орқали мамлакатлар ўртасидаги ўзаро тижорат айирбошловини уйғунлаштиришга эришилмоқда. Натижада, бугунга келиб барча товарларни ташишга нисбатан қўлланиладиган халқаро қоидалар амалиётга жорий қилинган.

Ўзбекистон 1992 йил 28 июлдан бери мазкур ташкилотга аъзо ҳисобланади. Мамлакатимиз 16 та халқаро божхона конвенциясининг аъзоси бўлиб, бугунга кунда Жаҳон божхона ташкилоти ишида фаол иштирок этмоқда. Ўзбекистоннинг 1995 йилда Сиёсий комиссия аъзоси этиб, 2001 йилда эса Молия қўмитаси таркибига сайланиши ҳам мамлакатимиз халқаро божхона ҳамжамияти томонидан муносиб эътироф этилганидан далолат. Ушбу кўп йиллик ҳамкорлик республикамиз ҳуқуқий базасини халқаро конвенциялар ва божхона ишининг бошқа халқ­аро меъёрларига яқинлаштиришга имкон бермоқда. Соҳадаги қонунчилигимиз умумқабул қилинган халқаро стандартлар, меъёрлар ва амалиёт билан бирхиллаштириш ҳамда уйғунлаштириш йўналишида ривожланиб бораяпти.

Божхона таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш тўғрисида халқаро конвенциянинг (Киото конвенцияси) 1999 йил июнда маъқулланган янги версияси ЖБТнинг энг ката ва муҳим ютуғига айланди. Кенгашнинг 2005 йилдаги сессияларида Хавфсизлик ва жаҳон савдосини енгиллаштириш ҳадли стандартларининг қабул қилиниши ҳам халқаро божхона ҳамжамияти учун муҳим воқеа бўлди.

Халқаро божхоначилар куни нафақат дунё давлатлари божхона хизматларининг ўзаро ҳамкорлигини намойиш этиш, балки иқтисодий ва ижтимоий тараққиётга эришишда божхонанинг муҳим иштирокига яна бир карра кенг жамоатчилик эътиборини жалб қилиш имконини беради. Мазкур санани дунёдаги 800 мингдан зиёд божхоначилар кенг нишонлайди. Улар орасида 4 мингдан ортиқ Ўзбекистон божхонаси ходимлари ҳам бор.

Халқаро касб байрамлари арафасида республика божхона хизмати анъанага кўра ўтган йилги ўз иш якунларини сарҳисоб қилишди. Таъкидлаш керак, “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” божхона соҳасида ниҳоятда самарали йил бўлди. Жумладан, Президентимиз томонидан 2011 йил 10 августда қабул қилинган “Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори билан божхона органлари фаолияти самарадорлигини ҳамда Давлат бюджетининг даромадлар қисмида божхона тўловлари салмоғини ошириш, халқаро товар айланувига қулай шароитлар яратиш, амалдаги божхона қонунчилигини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилди.

Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Олий ҳарбий божхона институти Ватанга, бурчга содиқ, юртимиз чегаралари, давлатимиз хавфсизлигини таъминлаш ва мамлакат иқтисодий манфаатларини муносиб ҳимоя қилишдек вазифаларни бажаришга қодир бўлган профессионал кадрлар тайёрлашга хизмат қилмоқда.

Божхоначиларнинг машаққатли ва шарафли меҳнати Давлатимиз томонидан ҳам, жаҳон миқёсида ҳам муносиб эътироф қилиб келинмоқда. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 13 январдаги “Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, Мудофаа ва Фав­қулодда вазиятлар вазирликлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига кўра 3 нафар божхона ходими давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлишди. 152 нафар ходимлар “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 20 йил” эсдалик нишони билан тақдирланишди.

Ҳалқаро миқёсда “26 январь — Халқаро божхоначилар куни” арафасида Жаҳон божхона ташкилоти унга аъзо давлатлар божхона органларида аъло даражада хизмат қилаётган ходимларни нуфузли “Хизмати учун” дипломи билан тақдирлаш анъана тусига кирган. Шахсан Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби имзоси остидаги фахрий дипломларга сазовор бўлган ўзбекистонлик божхоначилар сафи 60 га етди. Жумладан, жорий йилда яна 10 нафар божхоначиларимиз Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Кунио Миккуриа томонидан йўлланган фахрий дипломларни қўлга киритдилар. Буларнинг ҳаммаси  республикамиз божхона органларида масъулият ва шараф билан хизмат қилаётган божхоначиларимиз нафақат мамлакатимизда, балки халқаро миқёсда ҳам кенг эътироф этилаётгани ифодасидир.

Фактлар, рақамлар, далиллар

о2011 йилда божхона тўловлари бўйича давлат бюджетига 2 трлн. 555,9 млрд. сўм ундирилиб, мазкур йўналишда кўзланган режа 100,5 фоизга адо этилди. 2010 йил давомида республикамиз божхона постларида салкам 286 минг 305 та божхона юк декларациялари расмийлаштирилди.

оЎтган 2011 йил давомида божхона органлари томонидан контрабанда ва божхона қонунчилигининг бузилишига оид 28 минг 532 та ҳолатлар аниқланди. Уларни бартараф этиш натижасида 110 млрд. сўмдан ортиқ қийматдаги ноқонуний олиб ўтилган товар-моддий бойликлар олиб қўйилди. Аниқланган ҳолатларнинг 938 таси бўйича жиноят иши қўзғатилган, 26 минг 331 таси бўйича маъмурий ишлар юритилди.

оРеспублика чегараларидан 227,8 минг литр ёнилғи-мойлаш материаллари, 526,1 тонна рангли ва қора металлар, 243,2 тонна гўш ва гўшт маҳсулотлари, 1 млн. 195 минг қути тамаки маҳсулотлари, 40,1 минг литр ўсимлик ёғи, 296 бош уй ҳайвонларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.

о2011 йилда божхона органлари томонидан мустақил равишда ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида 45,7 минг дона психотроп таблетка, 7,5 кг. порох, 3635 та патрон, 51 минг дона капсула, 56,1 минг дона пиротехника воситалари олиб қўйилди.

 

Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати.

========

Қарор ижроси таъминланса, маҳаллий бюджетга нақд пул тушуми ортади

 

Мамлакатимизда транспорт хизматлари бозорини янада яхшилаш ва соҳада рақобат муҳитини шакллантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар туфайли бугун мазкур хизматдан энг чекка қишлоқлар аҳли ҳам баҳраманд бўлмоқда. Шу билан бирга, бозор муносабатлари ривожланиб боргани сайин йўловчи ташишни замон талабларига мос йўл­га қўйиш, йўловчилар учун қулай шарт-шароит яратиш муҳим заруратга айланмоқда.

Бугунги кунда юртимизда автомобиль транспортида йўловчи ташиш “Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида”ги Қонун, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда ҳукуматнинг йўловчи транспортини ташкил этиш тизимини такомиллаштиришга оид қарорлари асосида тартибга солинади. Автотранспорт хизматлари, жумладан, таксилар фаолиятини тартибга солиш, улар томонидан йўловчилар ташиш сифати ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 2011 йил 18 майда Вазирлар Маҳкамасининг “Йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилиниб, унинг асосида “Йўналишсиз таксилар учун ягона таниш белгилари ва уларнинг ишларини ташкил этишга қўйиладиган талаблар тўғрисида”ги низом тасдиқланди.

Соҳага киритилаётган ўзгаришлардан мақсад замон талабларига мос сифатли ва қулай транспорт хизмати кўрсатиш, йўловчилар хавф­сизлигини таъминлаш, тизим фаолиятини тартибга солиш, солиқлар тушумини на­зорат қилишдир. 

Наманган шаҳрида 2012 йилнинг 1 январига қадар 370 та “Нек­сия” эгаси йўловчи ташиш хизмати билан шуғулланиш учун қонуний лицензияга эга. Яна кўплаб “Матиз”, “Дамас” русумли автоулов (вилоят ҳокимининг 2010 йил декабрдаги 296-сонли қарорига кўра Наманган шаҳри ҳудудида “Дамас” машиналарида йўловчи ташиш тақиқланган. — С.А.) эгалари назорат органларидан яширинча фаолият юритиб келишаётгани ҳам сир эмас.

— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 майдаги “Йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори жорий йилнинг 1 январидан бошлаб кучга кирди, —  дейди Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг Наманган ҳудудий бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Ҳасанбой Байдедаев. — Айни кунларда мазкур қарор талабларига мос равишда 49 та юридик корхона фаолият юритмоқда. Уларга 63 та  тўрт ўриндиқли турли русумдаги автомашина эгалари аъзо бўлиб киришди. Мазкур машиналарнинг барчаси сариқ рангга бўялди. Ташқи маълумотлар билан тугал жиҳозланди. Ҳайдовчининг жисмоний-руҳий ҳолати бўйича малакали тиббий ходимлар кўриги ташкил этилди. Бундан ташқари, ҳар бир корхонада автомобилларни сақлаш жойлари қурилди, мавжудлари таъмирланди. Чунки энди йўналишсиз таксилар бириктирилган корхонага ижарага берилади ва ҳар куни фойдаланилгандан сўнг корхонада қолдирилади. Автоулов эгаларига ўзаро тузилган шартномага мувофиқ, ижара тўловлари  амалга оширилади. Шунингдек, такси ҳайдовчилари кафолатланган меҳнат ўрнига эга бўлиб, уларга ойлик маош тўлаш билан бирга, меҳнат дафтарчалари ҳам юритилади.

Борди-ю, маълум бир вақт ўтгач автоулов эгаси ўз машинасини юридик шахсдан қайтариб олишни ихтиёр этса, бу талаб ҳам ҳеч бир монеликсиз амалга оширилади. Белгиланган тартибда алмаштирилган давлат рақами ҳамда техник паспорти қайтариб берилади.  

 Қарорнинг биринчи иловасига мувофиқ тасдиқланган “Йўналишсиз таксилар учун ягона таниш белгилари ва уларнинг ишларини ташкил этишга қўйиладиган талаблар тўғрисида”ги Низомнинг 13-бандида йўналишсиз таксининг техник ҳолати  ва жиҳозларининг йўл ҳаракати хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги, шунингдек, унинг ҳайдовчиси 21 ёшга тўлган, 3 йиллик ҳайдовчилик стажига эга ва айни пайтда тиббий кўрикдан ўтган шахс бўлиши лозимлиги алоҳида қайд этилган.

Агентлик масъул ходимининг юқоридаги сўзларидан англашиладики, қарорнинг ушбу талаблари имкон қадар бажарилаяпти. Бироқ...

— “Наманган — Поп” йўналиши 50 километрдан иборат, — дейди такси кутаётган суҳбатдошимиз. — Ўтган йилнинг сўнгги кунларида ҳам ушбу йўлнинг бир томони учун таксичилар 3 минг сўмдан хизмат ҳақи олишарди. Энди эса, бориб келишимиз 10 минг сўмга айланмоқда.

— Чортоқ ва Наманган шаҳарларининг ораси 17 километр, — дейди бошқа бир йўловчи. — Авваллари шу йўлда таксилар бир томонга 1000 сўмдан қатнашарди. Энди эса, 2-2,5 минг сўмданга кўтарилиб кетди.

Дарҳақиқат, 1 январдан бошлаб, мазкур қарорнинг ижроси давлат солиқ ҳамда ички ишлар органлари, шунингдек, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг ҳудудий вакиллари томонидан назорат қилина бошлагач, қарор талабларига риоя этмаётган киракашлар ўзларини пана-пастқамга олишмоқда. Пайт пойлаб қонуний такси камайган вақтдан фойдаланиб, амалдаги нархларни сунъий равишда кўтариб юборишаяпти. Бу вақтинчалик ҳолат, албатта. Вилоят ДСБ­ тақдим этган маълумотга қараганда, жорий йилнинг дастлабки кунларида 43 нафар фуқаронинг ноқонуний фаолияти аниқланиб, уларга нисбатан баённомалар расмийлаштирилган.

Бироқ жорий йилнинг биринчи январига қадар биргина Наманган шаҳрининг ўзида 370 та “Нексия” русумли машина эгалари қонуний фаолият кўрсатгани ҳолда ҳозирда сариқ рангга бўялган таксилар сони вилоят бўйича бор-йўғи 74 тани ташкил этаётганлиги бу борада амалга оширилаётган ишларни жадаллаштириш зарурлигини кўрсатмоқда. Айни пайтда рухсат этилган таксиларнинг бирортаси ҳам таксометр, мобил терминал каби воситалар билан жиҳозланмаган. 

Демоқчи бўлганимиз, вилоят Давлат солиқ ҳамда Марказий банк вилоят Бош бошқармалари мутасаддилари мазкур қарор ижросига аввалбошдан жиддий киришмасалар, қарорда кўзда тутилган мақсадларга эришиш анчайин қийин кечади. 

Саидолим АбдураҲмонов,

“Adolat” мухбири.

========

Бир миллион қурбони

 

Бўстонлиқ — Тошкент вилоятининг энг сўлим, хушманзара гўшаларидан бири. Арчазор тоғларнинг мусаффо ҳавоси, сойлардан шарқираб оқаётган зилол сувлар навоси кишини оҳанрабодек ўзига жалб этади. Шу сабаб, йил ўн икки ой бу ердан табиат гўзалликларидан баҳра олувчиларнинг қадами узилмайди. Айниқса, ёзнинг иссиқ кунларида шаҳардан одамлар дарё мисоли оқиб келаверади.

Июнь ойининг жазирама кунларидан бири. Уч оғайни —  Фурқат Раҳматжонов (барча исм-фамилиялар ўзгартирилган), Фармон Низомов ва Наим Мусажоновлар қаймоқранг “Жигули”да Чорбоғдаги дала ҳовлилар томон йўл олишди. Улар бошқалар каби оромбахш тоғ ҳавосидан баҳраманд бўлиш, муздек сувда мириқиб чўмилишни хаёлларига ҳам келтирганлари йўқ. Мақсадлари — келишиб олинган мудҳиш режани амалга ошириш.

Фурқат Тошкент вилоятидаги йирик саноат корхоналаридан бирида бошқарув раисининг ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатган Бегали Бакировнинг ҳайдовчиси бўлиб ишлаган. Б.Бакиров ишдан бўшагач, Фурқат ҳам бошқа иш қидиришга мажбур бўлади. Раис ўринбосари доимо ёнида юрган ҳайдовчисига ишонарди. Бироқ одамнинг оласи ичида, экан.

Фурқат назарида жуда бой-бадавлат бўлган Б.Бакировдан пул ундириш бўйича турли режалар тузарди. Ниҳоят, у собиқ хўжайинини гаровга олиб, унинг оила-аъзоларидан катта миқдорда пул ундириш мумкин, деган қарорга келади ва ўйлаган режасини амалга оширишга киришади. Бунинг учун аввало тутқунни сақлаш учун жой керак эди. Бу муаммони ҳал қилиш учун Фурқат Тошкент шаҳрининг четроғида жойлашган кўп қаватли уйларнинг биридаги хонадонни ижарага олади. Кейин, икки-уч кун давомида Б.Бакировнинг Ўрикзор даҳасидаги ҳовлисини кузатади. Бундан мақсад, собиқ хўжайинининг уйдан чиқиш, қайтиш вақтларини аниқлаш, дарвозадан кимлар кириб-чиқаётганлигидан хабардор бўлиш эди.

Аслида Ф.Раҳматжонов ўйлаган режасини ёлғиз ўзи амалга оширмоқчи бўлган. Бироқ юраги дов бермади, ишнинг миси чиқиб қолишдан чўчиди. Шу сабаб, танишлари Ф.Низомов билан Н.Мусажоновни жиноий режасига жалб қилади. “Бегали акани гаровдан озод қилиш учун уйидагилардан бир миллион доллар талаб қиламиз. Пулни олгач, уни ўлдириб, соққани арра қиламиз. Шу билан ёпиғлиқ қозон ёпиғлигича қолиб кетаверади”, дея шерикларини ишонтиради у.

Б.Бакировни уйидан ўғирлашнинг иложи йўқ эди. Шу сабаб ҳийла ишлатиб, тузоққа туширишга қарор қилинади. Фурқат собиқ хўжайинининг қўл телефонига қўнғироқ қилиб, танишларидан бири фойдали тижорат таклифи билан чиқаётганини, хоҳласа у билан учраштириши мумкинлигини билдиради. Ҳеч қандай шубҳа-гумонга бормаган Б.Бакиров учрашувга рози бўлиб, ўзи дам олаётган Чорбоғдаги дала ҳовлисига уларни таклиф этади.

— Ишлар беш, — дейди бу жавобдан хурсанд бўлиб кетган Фурқат шерикларига қараб. — Шеф дачасида ёлғиз ўзи дам олаётган экан, бундан ортиқ фурсат бўлмайди. Қани кетдик.

Шундан сўнг, улар Н.Мусажонов бошқарувидаги “Жигули”га ўтириб, Бўстонлиқ тарафга йўл олишади. Йўл-йўлакай бозордан иккита арқон, бир ўрам скотч, уч дона ишчилар қўлқопи ва  пичоқ сотиб оладилар.

Ҳамтовоқлар Б.Бакировнинг дала ҳовлисига етмай туриб тўхтайдилар. Келишувга кўра Н.Мусажонов машинада қолади. Фурқат эса “тижоратчи” таниши Фармон билан хўжайинининг олдига йўл олади. Ҳол-аҳвол сўрашганларидан сўнг, Фурқат елиб-югуриб дастурхон тузашга киришиб кетади. Ноз-неъматлар билан тўла дас­турхон устида ундан-бундан гаплашиб, кетма-кет қадаҳлар бўшатилади. Тун яримлаб борарди. “Меҳмон”ларнинг нияти Б.Бакировни тезроқ маст қилиш эди. Тўхтовсиз ичилаётган ароқ таъсирини кўрсатиб, ҳовли соҳибининг кайфи ошиб қолади. Бу орада Фурқат машинада кутаётган шеригига қўнғироқ қилиб, “ўлжа” тайёр бўлганини маълум қилади. Шу хабарни кутиб турган Наим шошилганча машинасини юрғазади.

Бу пайтда эса Фурқат ароқдан бўшаган шишалардан бирини олиб, Б.Бакировнинг бошига уради. Бечора кутилмаганда тушган қаттиқ зарбдан ҳушидан кетади. Бундан фойдаланган гуруҳ аъзолари унинг қўл-оёқларини боғлаб, оғзига скотч ёпиштириб қўядилар. Бир маҳал ўзига келган Б.Бакиров ўз аҳволини кўриб савол назари билан Фурқатга қарайди. Собиқ ҳайдовчиси эса унинг бўғзига пичоқ тираб, бир миллион доллар беришни талаб қилади. “Бермасанг, ҳозирнинг ўзида бошингни чопиб ташлайди”, деб ён томонида болта кўтариб турган шериги Наимга ишора қилади. Б.Бакиров нимадир демоқчи бўлгач, Фурқат унинг оғзидаги скотчни юлиб олади.

Б.Бакиров зўравонларга бир миллион доллар пули йўқлигини, ўлдирмасликларини сўраб ёлворади. Бироқ унинг гапларини ҳеч ким эшитмайди. Фурқат шерикларига “Буни ташқарига олиб чиқинглар, қўйдай бўғизлаб ташлайман”, дейди. Фармон ҳовлига юриб чиқиши учун Б.Бакировнинг оёғидаги ар­қонни ечади. Бундан фойдаланган Б.Бакиров жон ҳолатда додлаганча ташқарига югуриб чиқади. Аммо зўравонлар тезда унга етиб олиб, дуч келган жойига уриб, тепа бошлайдилар. Сўнгра шўрликни бўғиб ўлдирадилар.

Шундан сўнг ҳамтовоқлар қотиллик изларини йўқотишга киришадилар. Қон доғлари ювилиб, жиноят қуроллари йиғиштириб олинади. Кейинги вазифа жасадни йўқ қилиш эди. Мурдани “Жигули”нинг юкхонасига жойлаб, дала ҳовлидан чиқиб кетадилар. Машина «Чорбоғ — Тошкент» автомагистраль йўли бўйлаб борар экан, Фурқат Бешқўрғон  қишлоғи яқинидаги кўприк олдида тўхташни буюради. Тун яримлаб қолган, атрофда бирон кимсанинг қораси кўринмасди. Шундай бўлса-да, жиноятчилар шошилганча жасадни кўприк тагига олиб тушадилар ва бир баклашка бензинни сепиб ёқиб юборишади.

Ҳамтовоқлар жиноят изларини йўқотсак, ҳеч нарса кўрмагандек ялло қилиб юраверамиз, дея чучварани хом санаган эдилар. Олиб борилган тезкор-тергов ҳаракатлари натижасида қотилларнинг барчаси қўлга олиниб, суд ҳукми билан узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилдилар. Ачинарлиси, осонлик билан мўмай даромадни қўлга киритиш илинжидаги нобакорларнинг касрига бир бегуноҳ инсоннинг ҳаёти бевақт хазон бўлди.

 

Одил ХОЛИҚОВ,

Тошкент вилоят

прокуратурасининг

бўлим катта прокурори.

 

Кўрган кишининг кўзи қувнайди

 

Юртимизнинг тарихий қадамжоларига қизиқиш билан қарайдиган бир гуруҳ дўстлар биргалашиб, қўҳна ва ҳамиша навқирон Бухоро шаҳри бўйлаб саёҳат қилдик. Энг аввало шуни қувонч билан айтишим керакки, бу саёҳатимиз биз талаба ёшлар учун катта аҳамиятга эга бўлди. Тўғри, мактаб ва олийгоҳда олган сабоқларимиз, ўқиган адабиётларимиз орқали юртимиздаги тарихий шаҳарлардан бири Бухорои Шариф ҳақида кўп маълумотга эга бўлсак-да, қадим шаҳарнинг бой тарихидан асрлар оша гувоҳлик бериб турган қадимий обидаларни ва яратувчан халқимизнинг меҳнати ҳамда ғайрати эвазига қад ростлаган замонавий бунёдкорлик ишларини ўз кўзимиз билан кўриб, мавжуд тасаввурларимиз янада бойиди. Сер­қуёш Ўзбекис­тонимизнинг, бу юртда яшаётган халқимизнинг нақадар қадим ва гўзал тарихи борлигига, Юрт­бошимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламдаги эзгу ишлар эса унинг келажаги порлоқ эканлигидан дарак бераётганига яна бир бор амин бўлдик.

Дастлаб, мустақиллик йилларида барпо этилган ва шаҳар қиёфасига ўзгача кўрк бағишлаб турган «Бухоро маданий марказида» бўлдик. Майдонда қад ростлаган шаҳарнинг ўтмиши ва келажагидан гувоҳлик бериб турувчи «Қўҳна ва боқий Бухоро» монументидан ҳеч ким кўз уза олмайди. Унинг пойидан байрам иштирокчилари, айниқса, ёшларнинг қадами узилмайди. Уларга назар солиб, мажмуа очилиш маросимида иштирок этган Юртбошимизнинг монументда акс этган лавҳалар ғоясини изоҳлаб, «Бу мону­ментда ўтмиш ва келажак акс этган. Бу ғояларни барчага, биринчи навбатда ёшларимизга кенг ва чуқур тушунтиришимиз керак. Баркамол авлод тарбиясида унинг аҳамияти катта», — деган сўзларининг яна бир бор мағзини чақдик.

Қадим Бухоронинг эски шаҳар қисмида бўлганимизда эса бу ерда асрлар силсиласига бардош бериб, аждодларимизнинг билими, салоҳияти ва тафаккуридан гувоҳлик бериб турган Арк қалъаси, Лаби Ҳовуз, Минораи Калон, Пойи Калон мажмуалари, Боло Ҳовуз, Токи Заргарон, Токи Саффарон ансамбллари, Кўкалдош, Мир Араб, Улуғбек, Абдулазизхон мадрасаларини кўриб тасаввуримиз янада бойиди. Уларни томоша қилиб, ўтган бобоколонларимиз ўзларининг нималарга қодир бўлганликларини айнан шу тарихий обидалар тимсолида намоён этаётганликларини яна бир бор дилдан ҳис қилдик.

Айниқса, бухороликларнинг ана шу бебаҳо обидаларни асраб-авайлаш, уларни асл ҳолида келгуси авлодга етказиш мақсадида олиб бораётган савобли ишлари кишини қувонтиради.

Шаҳарнинг айнан шу қисмида яқинда ўтказилган «Асрлар садоси» фестивали муносабати билан амалга оширилган ободончилик ишлари қадим обидаларга ўзгача бир шукуҳ касб этганини мутахассислар бизга сўзлаб беришди.

Шаҳар бўйлаб кезарканмиз, кўнглимизда юртимизга нисбатан ғурур ва фахр туйғуларини янада оширган бир жиҳатга гувоҳ бўлдик. У ҳам бўлса, қишнинг чилласи бўлишига қарамасдан, бу ердан чет эллик сайёҳларнинг қадами узулмаслиги бўлди. Дунёнинг турли давлатларидан келган бу кишилар тарихий обидаларимизга ўзгача бир ҳайрат билан боқишарди...

Бухородаги муборак қадамжо — Баҳовуддин Нақшбанд зиёратгоҳи... Бу табаррук масканнинг остонасига қадам қўйишимиз билан барча тенгдошларим борлиғини сўз билан изоҳлаб бўлмас бир ажиб туйғу эгаллади. Бу ердаги саранжом-саришталик, сокинлик, ҳашаматли дарвоза ва устунларга ишланган бетакрор ўймакорлик санъати намуналари, айвонлар токидаги нақш­лар ҳамда ранглар жилоси бизни ҳайратга солди.

Буюк пирнинг қабри ёнида дуога қўл очиб, ниятлар билдирдик. Кўнглимиздаги орзуларимизни ушалишини сўраб, қадамжонинг сувларидан ичдик...

Мустақиллигимизнинг 20 йиллик тўйи арафасида қуриб фойдаланишга топширилган «Бухоро» халқаро аэропортининг ҳашаматли биноси ва бу ерда жаҳон андозалари талаби даражасида яратилган қулайликлар ҳам вилоятга ташриф буюраётган меҳмонларда катта таассурот қолдириши турган гап.

Бир сўз билан айтганда, қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳар — Бухорога ташрифимиз узоқ вақт ёдимизда сақланиб қоладиган хотираларга бой бўлди. Энг асосийси, саёҳат сабаб бу қўҳна шаҳар ҳақидаги билганларимиз ва ўқиганларимизни кўзимиз билан кў­риб гувоҳ бўлиш бахтига муяссар бўлдик. Барча тенг­қурларимни имкон топилганда, юртимизнинг ана шундай гўзал гўшаларига саё­ҳатга таклиф қиламан. Зеро, бундай саёҳатлар жонажон юртимиз ҳақида янада кўпроқ маълумотга эга бўлиш имконини беради.

Насиба АВЛИЎҚУЛОВА,

Навоий давлат педагогика институти бошланғич таълим услубиёти факультети талабаси.

=========

Интернетдан фойдаланувчилар 8,8 миллионга етди

 

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг ўтган 2011 йилда соҳада амалга оширилган ишларга оид ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда  интернет тизимидан фойдаланувчилар сони (мобиль интенетдан фойдаланувчиларни қўшиб ҳисоблаганда) 8,8 миллионга етган.

Ўтган йилда алоқа ва ахборотлаштириш соҳасидаги корхоналар томонидан 2,4 триллион сўмлик хизмат кўрсатилди (2010 йилга нисбатан ушбу кўрсаткич 19,9 фоизга ўсган). Аҳолига кўрсатилган хизматлардан олинган жами даромадлар 65,8 фоиз (1,56 триллион сўм)ни ташкил этган.

Соҳага хорижий инвестиция ва кредитларни тўғридан-тўғри жалб қилиш лойиҳасига кўра, 266,7 миллион АҚШ доллари (458,02 млрд сўм) ўзлаштирилди. Хусусий корхоналар ҳисобига 72,3 млрд. сўмлик инвестициялар ўзлаштирилди.

1 январь ҳолатига кўра маълумот узатувчи хўжалик субъект­лари, хусусан, интернет тизимига уланиш бўйича хизмат кўрсатувчилар сони 945 тага, жамоат пункт­лари сони эса 1053 тага етди.

Халқаро алоқа тармоғидан фойдаланишнинг умумий тезлиги 4,85 Гбит/с га ошди. Оператор ва провайдерлар учун интернет-каналлар нархи йил давомида 2,9 мартага пасайди.

Кенгтармоқли интернетдан фойдаланувчилар сони 2011 йилда 147,76 мингга етди. UZ ҳудудида рўйхатдан ўтган доменлар сони эса бугунги кунда 13,4 минг­тага кўпайди.

Санжар ЭСОНОВ.

=========

Мерос тўғрисидаги гувоҳнома қандай ҳолатларда берилмайди?

 

— Меросни тақсимлаш васият ва қонунга асосан амалга оширилади. Васият мавжуд бўлмаса ёхуд у бутун мероснинг тақдирини белгиламаса, шунингдек, қонун билан белгиланган бошқа ҳолларда қонун бўйича ворислик амалга оширилади. Мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар, шунингдек, мерос қолдирувчи тириклигида ҳомила ҳолида бўлган, мерос очилгандан кейин туғилган болалари васият ва қонун бўйича меросхўр бўлишлари мумкин.

Агар мерос қолдирувчининг охирги  яшаб турган жойи номаълум бўлса, мерос қолдирувчига тегишли бўлган кўчмас мулк ёки унинг асосий қисми турган жой, кўчмас мулк бўлмаган тақдирда эса, кўчар мулкнинг асосий қисми турган жой мерос очилган жой деб ҳисобланади.

Нотариуслар томонидан мерос қолдирувчиларга тегишли бўлган барча кўчар ва кўчмас мулкларга нисбатан қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома берилишида марҳумнинг неча нафар меросхўрлари борлиги тўғрисида маълумотларни олишда, мерос тўғрисидаги гувоҳнома олиш учун мурожаат қилган фуқародан, яъни меросхўрдан биринчи навбатда у яшаб турган маҳалла (қишлоқ) фуқаролар йиғинидан маълумотнома талаб қилинади.

Фуқароларимиз томонидан кўчмас мулкларга нисбатан нотариал ҳаракатлар расмийлаштириш тўғрисида мурожаат қилинганда, агарда ушбу мерос мулки кўчмас мулк бўлса, мазкур кўчмас мулк марҳумга қандай ҳужжат асосида тегишли эканлиги аниқланади.

Бундай ҳолларда кўпинча марҳумнинг номига у яшаб турган уй-жойини марҳумнинг мулки деб тан олиш тўғрисидаги туман (шаҳар) ҳокимининг қарори талаб қилиниши лозим.

Шунингдек, фуқароларимиз томонидан меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома олиш учун сўраб мурожаат қилинганда, улардан биринчи навбатда меросхўрлар орасида туғма ногирон ёки меҳнатга қобилиятсиз кишилари, яъни меросхўрлари борлиги тўғрисида сўралганда, улар томонидан аниқ жавоб берилмаслик ҳолатлари ёки уларнинг меросхўр сифатида мерос берилишига рози бўлмаганлик ҳолатлари ҳам кўпинча учраб туради. Бундай  ҳолларда эса албатта, нотариус томонидан қонунда назарда тутилган моддаларга асосан тушунтириш берилади.

===========

Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномалар қандай берилади?

 

— Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани меросхўрларнинг ёзма аризаларига кўра мерос очилган жойлардаги Давлат нотариуси беради.

Меросхўр шахсан ўзи мерос очилган жойдаги давлат нотариал идорага келиб, аризани тақдим этган ҳолда, унинг имзоси ҳақиқийлигини шаҳодатлаш талаб қилинмайди. Бу ҳолатда, нотариус меросхўрнинг шахсини аниқлайди ва имзоси ҳақиқийлигини текширади, бу ҳақда аризага белги қўяди ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг номини, унинг рақамини, қачон ва ким томонидан берилганлигини ва туғилган йилини кўрсатади.

Агарда ариза почта орқали келиб тушган бўлса, мерос­хўрнинг имзоси ҳақиқийлиги шаҳодатланмаган бўлса ҳам ариза давлат нотариуси томонидан қабул қилинади, меросхўрга эса аризани нотариус ёки шаҳар (қишлоқ, овул) фуқаролар йиғини раислари (оқсоқоллари) ва Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаларининг консуллари томонидан шаҳодатлантирилган ҳолда юбориш ёки давлат нотариал идорасига шахсан келиши ҳақида хабарнома юборилади.

Барно КАРИМОВА,

Ангрен шаҳар 4-сонли Давлат нотариал идораси нотариуси.

=======

Зомин сайёҳларни чорлайди 

 

Ўзбекистон сайёҳлик соҳасидаги салоҳияти ва тарихий жойлар кўплиги бўйича дунёдаги етакчи ўн мамлакат қаторида туради. Мамлакатимизда тўрт мингдан зиёд тарихий ва маданий ёдгорлик бор. Қадимий шаҳарларимиз, гўзал табиатимиз, бой ва ранг-баранг маданиятимиз асрлар оша дунё аҳлини ўзига мафтун этиб келмоқда.

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан сайёҳлик инфратузилмасини изчил ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самаралар бермоқда. Замонавий меҳмонхоналар, дам олиш масканлари тобора кўпайиб, уларда сервис хизмати тубдан яхшиланаётир. Янги сайёҳлик маршрутлари ишлаб чиқилаётгани, мавжуд транспорт коммуникациялари таъмирланиб, янгилари барпо этилаётгани юртимизга келаётган хорижлик сайёҳлар кўпайишига, ички  сайёҳлик ривожига хизмат қилмоқда.

Мамлакатимизда сайёҳлик инфратузилмасини янада ривожлантириш, жаҳон аҳлига туристик салоҳиятимиз ҳақида кўпроқ маълумот бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Жиззах вилояти ҳокимлиги ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Маҳаллий бошқарув тизимини қўллаб-қувватлаш: фуқаролик иштироки ва ҳамкорлик” лойиҳаси ҳамкорлигида Жиззах вилояти Зомин туманининг сайёҳлик ва сармоявий салоҳиятини намойиш этиш ва юксалтиришга бағишланган лойиҳа амалга оширилмоқда.

Мазкур лойиҳа доирасида Ўзбекистон Республикаси Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши ҳузуридаги курортлар  бошқармаси ва БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси томонидан сайёҳлик фирма ва компаниялари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Зомин тумани бўйлаб инфо-тур ташкил этилди. 

Тоғлар бағрида, денгиз сат­ҳидан 3000 метр баландликда жойлашган Зомин бетакрор табиати, ям-яшил арчазорлари, шифобахш ҳавоси, минг дардга даво ўсимликлари билан машҳур. Зомин туманида туризмни ривожлантиришда, муҳим бўлган бошқа кўплаб дам олиш-соғломлаштириш масканлари ҳам фаолият кўрсатмоқда. “Зомин” санаторийси  улардан биридир.

“Зомин” санаторийси туман марказидан 50 километр узоқликда, Туркистон тоғ тизмасининг шимолий этакларида, денгиз сатҳидан 2000 метр баландликда, қўриқхона ҳудудида, арчазорлар орасида жойлашган. Шу боис атмосфера босими нисбатан паст, ҳавонинг кислород ва қуёшдан келаётган ультрабинафша нурга бойлиги юқори нафас йўллари ва асаб тизими касалликларини даволашда жуда самаралидир. 

Сиҳатгоҳ даволаш бўлими замонавий диагностика ва даволаш ускуналари билан жиҳозланган, юқори малакали шифокор ва ҳамширалар фаолият кўрсатади. Лаборатор-ташхис хонаси, УЗИ, ЭКГ, стоматология, гинекология бўлимлари ишлаб турибди. Бу ерга келган ҳар бир даволанувчи шифокор кўригидан ўтказилгач, зарур муолажалар тайинланади. Даволаш жараёнида физиотерапиядан кенг фойдаланилади. Дам олувчилар иккита ёпиқ сузиш ҳавзаси, сауна, дорили, марваридли ванналар, турли хил душлар, сув ости массажлари, балчиқ билан даволаш муолажаларидан ҳам фойдаланишлари мумкин. 

Санаторияда натрий-хлорли туз билан даволаш усулидан (галотерапия) ва замонавий ингаляция ускунасидан кенг фойдаланилади. Буларнинг барчаси беморларнинг тез фурсатда соғайиши ва мириқиб дам олишига хизмат қилади. Сиҳатгоҳда бронхиал астма, полиноз, возомотор ринит, сурункали бронхит, теридаги тошмали дерматит, асаб тизими касалликлари, умумий невроз, невростения каби касалликларга чалинган беморлар шифо топади. 

Бугунги кунда мамлакатимизда сайёҳликнинг экотуризм, экстремал, маърифий, маданий ва жисмоний саёҳатлар каби турлари ҳам изчил ривожланмоқда. Сайёҳлар орасида альпинистлар, чанғи спортига қизиқувчилар кўпаймоқда. Шу боис «Зомин» санаторийси ҳудудида узунлиги 350 метрлик тоғ-чанғи спорти трассаси барпо этилди. Бунда ушбу спорт турига қизиқувчилар, хусусан, уни ўрганиш истагидаги болалар ва катталар учун барча шароитлар яратилган. Бундай саъй-ҳаракатлар мамлакатимизда чанғи спорти йўналишидаги сайёҳликни янада ривожлантиришга ва қиш мавсумида юртимизга келадиган сайёҳлар оқимининг кўпайишига хизмат қилмоқда.

Зомин тумани сайёҳлик салоҳиятини янада ошириш мақсадида  “Маҳаллий бошқарув тизимини қўллаб-қувватлаш: фуқаролик иштироки ва ҳамкорлик” лойиҳаси доирасида намунавий брэнд ва маркетинг стратегияси ишлаб чиқилди, шунингдек, уч тилда логотип ва шиор тайёрланди. 

— Ташкилотимиз Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан ҳамкорликда Жиззах ва Наманган вилоятларида сайёҳликни ривожлантиришга оид қўшма лойиҳаларни амалга оширмоқда, — дейди БМТ Тараққиёт дастурининг “Маҳаллий бошқарув тизимини қўллаб-қувватлаш: фуқаролик иштироки ва ҳамкорлик” лойиҳаси раҳбари Дилшод Исроилов. — Ўзбекис­тон туризмни ривожлантириш борасида жуда катта имкониятларга эга. Мамлакатимизнинг гўзал табиати ва иқлим шарои­ти сайёҳликнинг соғломлаштириш, экология, маданият, курорт каби йўналишларини ҳам ривожлантириш учун улкан имкониятларга эга. Ажо­йиб табиат, флора ва фаунага эга Зомин туманининг сайёҳлик соҳасидаги салоҳияти жуда юқори. Шу сабабли давлат ва маҳаллий бошқарув органлари билан ҳамкорликда мазкур ҳудудда ички ва халқаро туризмни янада ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқилган брэнд ва маркетинг стратегияси каби қатор таклифларни ўз ичига олган лойи­ҳани амалга оширяпмиз. Бу Жиззах вилоятининг ноёб маданиятини тарғиб қилишга, аҳолининг фаровонлигини янада оширишга, янги иш жойлари яратилишига хизмат қилади.

Инфо-тур доирасида Зомин туманининг сайёҳлик салоҳия­тига бағишланган қатор тадбирлар ва тақдимот маросимлари бўлиб ўтди. Анжуманларда бу ерга қиш мавсумида ҳам сайёҳларни жалб қилиш усуллари, халқаро ва ички туризмни, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини янада ривожлантиришга оид масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

 Мадина УМАРОВА,

ЎзА махсус мухбири.

 

Келажагимизнинг мустаҳкам пойдевори

 

Ҳеч шубҳасиз, бугун таълим-тарбия ва илм-фан соҳасига сарфланаётган маблағлар  мамлакатимиз келажагининг эгаси бўлган ёш авлодни, юксак интеллектуал салоҳиятли жамиятни шакллантириш йўлида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Ислом Каримов

 

Истиқлолга эришилган дастлабки кунлардан юртимизда таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Бу бежиз эмас, албатта. Ахир ҳар қандай тараққиёт, ривожланиш, маънавият асосида маърифат, илм, интеллект ётади. Бу борада  Юрт­бошимизнинг ҳикматли фикрини эслаб ўтиш ўринли: “Юксак марраларни кўзлаган ҳар қандай миллат, халқ учун таълимни ривожлантириш ҳаёт ва мамот масаласидир”.

Тўғри, мустақилликнинг илк йилларида таълим муассалари қисқа муддат ичида энг замонавий ўқув-лаборатория ускуналари, компьютер техникаси, дарсликлар ва ўқув-услубий воситалар билан жиҳозланишини, спорт инфратузилмасига эга бўлишини, мактаб ҳаётига интернет тизими кенг кириб боришини ҳатто фараз қилиш ҳам мушкул эди. Аммо меҳнат, интилувчанлик, ғайрат-шижоат, фидойилик эзгу орзуларни ҳақиқатга айлантирди.

Бевосита Президентимизнинг ташаббуси ва раҳбарлигида 1997 йили «Кадрлар тайёрлаш миллий Дастури» қабул қилиниши бу соҳадаги ислоҳотларнинг янада чуқурлашувига, сифат ва самарадорлиги ошишига олиб келди.

Бунга ўтган йили эришилган натижалар ҳам яққол мисол бўла олади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 2011 йилнинг асосий якунлари ва 2012 йилда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида ҳам ўтган йилда умумий ўрта таълимдан бошлаб ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълимгача бўлган бўғинларда чуқур билим ва пухта касб-ҳунар тайёргарлигига эга бўлган ёш авлодни тарбиялаш жараёнини ўз ичига олган яхлит узлуксиз таълим тизимини шакл­лантириш ишлари изчил давом эттирилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Биргина 2011 йил мобайнида мамлакатимизда эллик минг­га яқин ўқувчига мўлжалланган 166 та янги мактаб қурилди ва реконструкция қилинди. 151 та мактаб капитал таъмирланди. 852 та мактабда замонавий ўқув компью­тер синфлари ташкил этилди. Жами мактабларнинг 96 фоизи ёки 9 минг 400 таси ZiyoNet электрон ахборот тармоғига уланди.

Мени, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг иш билан таъминланишига алоҳида эътибор қаратилгани қувонтиради. Ахир бундай муассасалар билан корхоналар ўртасида тузилган битирувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиётини ўташи, келажакда мазкур корхоналарда ишга жойлашиши бўйича шарт­номалар асосида 2011 йилда 390 мингдан ортиқ битирувчи иш билан таъминланган. 

Албатта, ўтган йилни ёдга оларканмиз, пойтахтимизда қад ростлаган «Маърифат маркази»да етти миллионга яқин китоб фондига эга Алишер Навоий номидаги Ўзбе­кистон Миллий кутубхонаси эшиклари биринчи навбатда ёшлар учун катта очилганини алоҳида қайд этиб ўтсак арзийди. Мазкур кутубхонада оддий китобхон учун яратилган шарт-шароитга эса ҳар қанча ҳавас қилса арзийди.

Олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини модернизация қилиш ва мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш бўйича 2011-2016 йилларга мўлжалланган дастурни амалга ошириш учун 277 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтириш кўзда тутилган бўлса, ўтган йили шу мақсадда ташкил этилган махсус жамғарма маблағлари ҳисобидан 39 миллиард сўмдан ортиқ ҳажм­даги тадбирлар молиялаштирилди.

Президентимиз ўз маърузасида жорий йилнинг устувор йўналишларини белгилаб бераркан, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар битирувчиларини ишга жойлаштириш масаласига яна бир бор алоҳида тўхталиб ўтди. Жорий йилда коллеж ва лицейларни ярим миллиондан ортиқ йигит-қиз битиради. Уларнинг қаерга ишга жойлашишини ҳозирданоқ белгилаб олиш катта ижтимоий аҳамиятга эга, албатта.

Юртбошимиз бу борада аниқ кўрсатмалар берди: «Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Иқтисодиёт вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари манфаатдор корхоналар ва идоралар билан биргаликда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш юзасидан чора-тадбирлар мажмуини бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва уни шу йилнинг 1 июнигача амалга оширсин... Фурсатдан фойдаланиб, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларини, айниқса, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашини, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларини бу борадаги ишлар қандай йўлга қўйилгани ва қандай бажарилаётганига қараб уларнинг фаолиятига баҳо берилиши ҳақида алоҳида огоҳлантириб қўймоқчиман».

Назаримда, келажагимизнинг мустаҳкам пойдевори бўлган таълим соҳасига, ёшларнинг эртанги кунига давлат миқёсида, юрт раҳбари миқ­ёсида бундай эътибор, ғамхўрлик дунёнинг бошқа бирон мамлакатида учрамаса керак.

Ишончим комилки, ёшларга нисбатан бўлаётган эътибор ўзининг бениҳоя улкан самараларини беради, жамиятимизнинг билимдон, маънавий етук, янгича фикрловчи, комил авлоди Ватанимизнинг янада тараққий этиши, буюк келажаги йўлида элим деб, юртим деб астойдил, фидокорона меҳнат қилади.

 

Б.ТЎРАЕВ,

Чирчиқ Саноат иқтисодиёт коллежи ўқитувчиси.

======

Витаминлар — жон озиғи

 

Инсон ҳаётида витаминлар организм учун муҳим роль ўйнайди. Қайсидир витаминларнинг етишмаслиги оқибатида организмда касалликка мойил­лик уйғонади. Витаминлар организмга нафақат озиқ-овқат маҳсулотлари орқали, балки турли косметик воситалар орқали ҳам қабул қилинади. Шу боис, айниқса, аёллар қайси витамин нима учун кераклигини билишлари ниҳоятда зарур ҳисобланади. Организмингиздаги ўзгаришларга қараб қандай витаминлар етишмаётганлигини билиб оласиз. Шунга қараб ўз таомномангизни тузишингиз мумкин.

А витамини: Бу витамин тери, сочлар ва тирноқлар учун жуда керакли. А витамини етишмаса терингиз дағаллашади, тери тез қуруқшаб, кўчади. Сочларингиз қуруқшаб, тез синадиган бўлиб қолади. Бу витамин балиқ ёғи, буйрак, жигар, сабзи, ўрик ва қаролида кўп бўлади.

В1 витамини: Бу витамин углеводлар алмашинувини мўътадиллаштиради, асаб тизими, ҳужайралар ва ошқозон-ичак тракти фаолияти учун зарур. Ақлий ва жисмоний фаолият билан кўп шуғулланувчилар бу витаминни кўпроқ истеъмол қилиши керак. Соч кўп тўкилиши ва оқариши шу витамин етишмаслигидан далолат беради. Бу витамин сут, мол гўшти, чўчқа гўшти, нўхат, картошка, юрак, жигар ва буйракда кўп бўлади.

В2 витамини: Бу витамин етишмаса, юзингизда ҳуснбузар пайдо бўлади. Лаб ва оғиз атрофи тез-тез ёриладиган бўлиб қолади. Бу витамин хамиртуруш, тухум сариғи, сут, жигар, буйрак, балиқ, гўшт ва товуқ гўштида кўп бўлади.

В3 витамини: Пигментация учун жавобгар. У етишмаса соч оқаради. У барча турдаги ўсимлик ва гўштларда бўлади.

В6 витамини: Асаб тизими ва оқсиллар алмашинуви учун зарур. Бу витамин жигар, сут, картошка, сабзи, тухум, сариёғ, гуруч, буғдой ва карамда кўп бўлади.

В9 витамини: Ҳамма ички органлар, тери ва соч тўкилмаслиги учун зарур. Бу витамин лавлаги, тарвуз, қовун, творог, олма, сабзи, карам, тухум ва пиёзда кўп бўлади.

Е витамини: Тери касалликлари келиб чиқмаслиги учун зурур. Бу витамин сут, тухум сариғи ва сабзавотларда кўп бўлади.

C витамини: Организмнинг касалликка қарши курашиш қобилиятини кўтаради. Қон томири тизими ва терида доғ пайдо бўлмаслиги учун зарур. Бу витамин барча цитрус меваларда, қулупнай, малина, карам, петрушка, укроп, қизил қалампир ва бақлажонда кўп бўлади.

Шаҳноза Шермуродова,

Тошкент давлат маданият институти талабаси.

===========

40 рақамининг сирлари

 

Дунё сонлар йиғиндисидан иборат, дейди қадим файласуфлардан бири. Айни пайтда айрим рақамларда англаб етиш мушкул бўлган сир-синоатлар бордек. Мисол учун, 40 рақамини олайлик.

40 сони халқимизнинг урф-одатларида, маиший ҳаётида жуда кўп қўлланилади.

Жумладан, «чилла» атамасини олинг. Қиш чилласи, ёз чилласи. Булар 40 кунлик ўта совуқ ёки иссиқ даврни билдиради.

Гулдан чиққач, 40 кунда пишадиган узум «Чиллаки» деб айтилишида ҳам ҳақиқат борлигига ишонч ҳосил қиласан киши. Эртаки редиска ҳам росса 40 кунда етилади.

Урф-одатларимизга кўра, чиллага амал қилиниб, фарзанд кўрган аёл 40 кун парвариш қилинади. Бунда она саломатлиги тикланиши, чақалоқнинг об-ҳавога мослашуви, кўз тегмаслиги, чақалоқ ётган хонага бегоналар кирмаслиги назарда тутилгани бежиз эмас.

Юлдузларнинг бир туркуми «Қирқ қароқчи» деб аталади, қирқбўғим, қирқоёқлар эса ҳаммамизга яхши таниш.

Эрта баҳорда қизлар тол баргида соч ўриши, шукрона, шодлик, хурсандчиликни билдирган. Уни момоларимиз «40 кокил» деб аташган.

Тилимиздаги «Чилвир» асли «Чилбир» — «40 та бириккан» маъносини англатади. Бу йўғон бўлмаган мустаҳкам арқондир.

Қадимдан ҳозиргача қандолатчилар тўйлар, рўзаларда нишолдаларни кўпиртирадиган, беҳи новдасидан қилинган кўпиртиргични «чилчўп» деб аташган. Бу чилчўп ингичка 40 та беҳи чўпидан тайёрланганига ишора.

«Қирчиллама» ибораси асли «Қирқчиллама»дир. Бунинг замирида иккита қирқ ёшли йигит кучи борлигига ишора мавжуд.

Турсунхўжа АЗЛАРХОНОВ.

========

Бир чимдим кулгу

 

Пулга ўчлиги билан машҳур бўлган таниқли врачни учратиб қолган Насриддин қизиқсиниб ундан сўради:

«Дўхтир, масалан, айтайлик, сизнинг ўзингиз шамоллаб қолдингиз деяйлик, хўш, унда қандай даволанасиз?

Врач қандай даволанишини ипидан-игнасигача гапириб берди.

«Яхши маслаҳатингиз учун сизга катта раҳмат» — миннатдорчилик билдирди Насриддин. «Энг муҳими, яна текинга-я...»

 

—Дада, чеҳрангизни яхши эслайсиз-а?

— Бу нима деганинг, ўғлим?

— Яъни, бурнингиз, иягингиз, оғзингиз қаердалигини биласизми?

— Албатта, биламан.

— Эҳ, хайрият-е... Мен сиз соқол оладиган ойнани синдириб қўйиб, қўрқиб  ўтирган эдим.

 

—Дада ухлаяпсизми?

— Йўқ, нима эди?

— 1000 сўм беринг...

— Ухлаяпман ўғлим, ухлаяпман..!

Mulohazalar

Mulohazalar: 0 | Sahifa: 0



Mulohaza qoldirish

Ism *:
Kod *:
Фотогалерея
Видеоролик
"Адолат" газетаси
7-сон7-сон
Барча сонлар
Сўровнома
Партия тадбирларига журналистларни сайт орқали таклиф этиш тадбир бўлишидан неччи кун олдин амалга оширилиши лозим?
ПАРТИЯГА АЪЗО БЎЛИШ УЧУН

• 18 ёшга тўлган бўлиш

• Партиянинг Устав ва Дастурини тан олиш

• Партия Дастурида белгиланган тадбирларни амалга оширишда фаол иштирок этиш хоҳиши

• Аъзоликка қабул қилинишни сўраб ариза ёзиш

Ўзбекистон “Адолат” СДПга аъзо бўлиш ихтиёрийдир. Агар сизда бунга хоҳиш бўлса, ўзинингиз яшаётган ҳудуддаги партия Кенгашига мурожаат қилишингиз мумкин.

Партия Кенгаши манзили, ишонч телефонлари, аъзоларни қабул қилишга масъул шахсни топиш ва саволларингиз учун:

+99871 230-56-07

Партия аъзосининг ҳуқуқлари

Партия аъзосининг мажбуриятлари

alt Аризанинг электрон варианти

Анонс

24 февраль куни соат 11:00 да Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Аёллар қаноти томонидан Миллий Матбуот марказида “Мустаҳкам оила йили”га бағишлаб “Оила мустаҳкамлигини таъминлашда замонавий аёлнинг етакчи роли” мавзуида давра суҳбати ўтказилади. Давра суҳбатида оилада соғлом турмуш тарзини шакллантириш, хотин-қизлар ижтимоий фаоллигини ошириш масалалари, бу борада Аёллар қаноти олдида турган долзарб вазифалар муҳокама этилади.

Мурожаат учун телефонлар:                 245-81-74, 244-69-65

Боғланиш учун

altМанзил: Тошкент шаҳри,

            Новза кўчаси, 14-уй.


altТелефонлар:


Котибият:
(8 371) 245-70-27

Матбуот хизмати:
(8 371) 230-56-07

SMS-хабар учун:
+99890-977-19-97

altinfo@adolat.uz   

ФИКР-МУЛОҲАЗАЛАРИНГИЗ
Admin
Меҳмонлар китоби партия фаолиятига доир аниқ савол-жавоблар учун ташкил этилган. Муаммоингизни in...
Хоразмдан Феруз
Партиядошлар эътибор берманглар. Кушиламан: "...карвон ўтаверади". Бундай ахмок одамларни касали ...
Жаҳон сиёсий партияларида
Европарламент раиси - социал-демократлардан

Январь ойи охирида Брюсселда Европа парламентининг барча қўмиталари раислари ва уларнинг ўринбосарлари сайланди. Амалдаги қонунчиликка кўра, улар икки ярим йил давомида, яъни 2014 йилнинг июнь ойига қадар фаолият юритишади. 

Бугунги кунда Европарламентда қонун ижодкорлиги билан 20 та доимий қўмита ва иккита қўмита ости органлари шуғулланади. Улар Европарламент раисининг тўрт нафар ўринбосари томонидан сайланади. Кимнинг қандай қўмитага раҳбарлик қилаётганнини бу ерда  кўришингиз мумкин.

Тавсия этамиз

... Норматив-ҳуқуқий атамалар комиссияси фаолиятида йўл қўйилаётган камчиликлар, қонун лойиҳаларидаги атамалар билан боғлиқ муаммолар санаб ўтилди ...

... Оладиган иш ҳақи паст бўлиб, на бола-чақасининг еб-ичишига, на кийим-кечагига ва на коммунал хизматлар тўловига етса, иш берувчилар томонидан меҳнат дафтарчалари очилмаса — “бандлиги таъминланди, ижтимоий ҳи­моя­га олинди", бўлиб қолар эканми? ...

... Украина собиқ бош вазири Юлия Тимошенко сиёсатга ўзига хос ташқи қиёфаси билан кириб келди. Унинг сап-сариқ боғламли соч турмаги ҳақида жуда кўп гапирилди. АҚШнинг “New-York Times” газетаси бу соч турмагини  сиёсий манипуляция учун восита дея ёзди ...

Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
PRESS-SERVICE.UZ
Ўзбекистон Республикаси Давлат хокимияти портали
GOV.UZ
Олий Мажлис Конунчилик палатаси
PARLIAMENT.GOV.UZ
Олий Мажлис Сенати
SENAT.GOV.UZ

ABDUKAMOL.UZ