7-сон

20 Февраль 2012

Оқсаройда қабул

alt

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 16 февраль куни Оқсаройда “Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш — мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг муҳим шарти” мавзуидаги халқаро конференцияда қатнашиш учун мамлакатимизга келган Осиё тараққиёт банки (ОТБ) президенти Харухико Куродани қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни юртимизга ташрифи билан қутлар экан, мамлакатимиз билан кўп йиллардан буён яқин ҳамкорлик қилиб келаётган ОТБ ҳақли равишда энг нуфузли ва етакчи халқаро молия муассасаларидан бири эканини таъкидлади. Самарали икки томонлама ҳамкорлик ҳамда бунинг натижасида Осиё тараққиёт банки томонидан умумий қиймати 8,6 миллиард АҚШ долларига тенг 35 қўшма лойиҳанинг  маъқуллангани бунинг тасдиғидир. Ушбу лойиҳаларни молиялаштиришда ОТБнинг улуши 3,8 миллиард долларни ташкил қилади.

Ўзбекистон ва ОТБ ҳамкорлиги таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларини ислоҳ қилишни қўллаб-қувватлаш, энергетика секторининг ишлаб чиқариш қувватлари ва инфратузилмасини, темир йўл ва автомобиль йўллари инфратузилмасини, коммунал хўжалик соҳаларини модернизация қилиш, қишлоқ хўжалигида тузилмавий ўзгаришларни амалга ошириш, молия секторини ривожлантириш каби йўналишларни қамраб олган.

Ўзбекистон билан Осиё тараққиёт банки ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларида таълим тизимини ислоҳ қилиш соҳасидаги ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади. Бундай ҳамкорлик доирасида умумий қиймати 300 миллион АҚШ долларига тенг 8 қўшма лойиҳа амалга оширилди.

Ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолати кенг кўламли йўналишларда жадал ҳамкорлик қилинаётгани билан диққатга сазовордир. Сўнгги йилларда ОТБнинг Ўзбекистондаги операциялари ҳажмининг йиллик ўсиши бир  миллиард долларга етди. Хусусан, ОТБ президентининг ушбу ташрифи асносида умумий қиймати қарийб 950 миллион долларлик тўртта лойиҳа бўйича 508 миллион долларга тенг заём битимлари имзолангани рамзий маънога эга.

Шу билан бирга, Осиё тараққиёт банки томонидан 2012 йил 17 январь куни “Сурғил кони негизида Устюрт газ-кимё мажмуини барпо этиш ва конни жиҳозлаш” лойиҳасини молиялаштиришда умумий қиймати 400 миллион АҚШ долларини ташкил қиладиган кредит ва кафолатлар билан иштирок этиш тўғрисида қарор қабул қилингани катта аҳамиятга эгадир. МДҲ мамлакатларида ягона бўлган ушбу лойиҳанинг Осиё тараққиёт банки томонидан қўллаб-қувватланиши тўғридан-тўғри хорижий сармоя ва кредитлар жалб қилишда муҳим катализатор бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон ва ОТБ икки томонлама шериклик билан бир қаторда, энг муҳим минтақавий масалаларни ечишда ҳам фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бунинг натижасида йилига Ўзбекистондан Афғонистонга узлуксиз равишда 1,2 миллиард киловатт/соат электр энергияси етказиб берилишини таъминлайдиган электр узатиш линиялари фойдаланишга топширилди. Шунингдек, “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик темир йўл компанияси томонидан Афғонистоннинг Ҳайратон ва Мозори Шариф шаҳарларини боғлайдиган, ушбу мамлакат тарихидаги илк темир йўлнинг қурилиши муваффақият билан якунланди. Бу қўшма лойиҳалар Афғонистонда тинчликни мустаҳкамлашга, ушбу  мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга ҳамда Марказий Осиёда минтақавий иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришга муҳим ҳисса бўлиб қўшилди.

Муқобил энергия манбаларини ривожлантириш Ўзбекис­тон билан ОТБ ўртасидаги ҳамкорликнинг яна бир янги йўналишидир. ОТБнинг 2010 йилда Тошкентда ўтган Йиллик мажлиси чоғида ОТБ президенти Х.Курода томонидан илгари сурилган қуёш энергетикаси ташаббуси доирасида жорий йилнинг 16 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси иштирокида муқобил энергия манбалари соҳасида замонавий технологияларни ишлаб чиқиш борасида нуфузли марказ бўладиган қуёш энергияси бўйича қўшма халқаро илмий тадқиқот институтини тузиш ҳақида келишувга эришилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Ўзбекистон Республикасининг Осиё тараққиёт банки ва бош­қа халқаро молия институтлари билан ҳамкорлигини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшгани, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар дастурини амалга оширишга, минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга фаол ёрдам кўрсатгани учун ОТБ раҳбари Харухико Куродага давлатимизнинг юксак мукофотини — “Буюк хизматлари учун” орденини топширди.

ОТБ президенти самимий қабул ва юксак эътибор учун мамлакатимиз раҳбарига чуқур миннатдорлик билдириб, Осиё тараққиёт банки Ўзбекистон билан ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Учрашувда томонлар ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати юзасидан фикр алмашиб, истиқболда ҳамкорлик муносабатларини янада кенгайтиришнинг устувор йўналишларини белгилаб олдилар, Ўрта Осиё­да минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.

ЎзА.

========

Баркамол авлод билан қутлуғ манзил сари

alt

Миллатнинг бахти, келажаги, эл-юртнинг фаровонлиги, шаън-шавкати ҳаётимизнинг давомчилари бўлмиш азиз фарзандларимизга, уларнинг ҳар жиҳатдан комил инсонлар бўлиб улғайишларига боғлиқ. Шу боисдан ҳам, миллий тараққиёт йўлини тутган ҳар бир мамлакат, ҳар бир жамият янги авлод тарбиясини муҳим стратегик вазифа, бош мақсад сифатида ўз олдига қўяди, бундай мақсадга эришиш учун зарур бўлган барча шарт-шароитларни яратади. Бу йўлда қилинган сарф-харажатлар, шубҳасиз, ўзини оқлайди. Бунга мисоллар кўп.

Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов халқимизнинг мустақилликка эришиш орзуси рўёбга чиқиши арафасидаёқ (1990 йил, 24 февраль) мамлакат жамоатчилиги, халқ депутатлари ва ижодкор зиёлилар эътиборини ёшлар тарбиясига қаратиб, шундай деган эди: “Республиканинг келажагини ўйлаган ҳар бир киши, энг аввало, эртанги кунда шу ҳаётни бошқарадиган ёшларимиз тақдири ҳақида қайғуриши керак. Шунинг учун ҳар бир депутат, ҳар бир раҳбар, бугун жамоанинг олдига тушаман деб турган ҳар бир кишининг қилаётган иши, босаётган қадами ана шу мақсадга қанчалик мослиги билан баҳоланади... Минг раҳмат ўз фарзандларини халқ ва жа­мият манфаати йўлида, асл инсонийлик йўлида тарбия қилаётган ота-оналарга, фахрийларга! Уларнинг меҳнати билан юртимиз ёшлари халқимизнинг қадимий урф-одатларини, одоб-ахлоқини, катталарга ҳурмат, кичикларга ғамхўрлик, бировнинг оғирини енгил қилиш каби ажойиб хислатларини давом эттиряпти... Мана шу бебаҳо бойлигимизни сақлаб қолиш, ёшларимиз тарбияси учун, уларнинг бахтли, тўкин, мазмунли ҳаёти учун ҳеч нарсани аямаслигимиз керак”.

Истиқлолимизнинг дастлабки қадамларидан бошлаб бу эзгу мақсад, яъни, янги дунёқарашга эга бўлган баркамол авлод тарбияси мамлакатимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президентимиз таъкидлаганидек, халқимизнинг эртанги куни қандай бўлиши фарзандларимизнинг бугун қандай тарбия олишига боғлиқ. Бунинг учун ҳар қайси ота-она, устоз ва мураббий ҳар бир бола тимсолида аввало шахсни кўриши зарур. Собиқ тузум шароитида ёшлар тарбияси, уларнинг руҳий, маънавий ва жисмоний камолоти эътибордан четда қолди, боз устига, пахта яккаҳокимлиги сиёсати миллатнинг келажаги бўлмиш ёшларнинг бир неча авлодини майиб-мажруҳ  қилди, қаддини букиб қўйди. Тақдирини ўз қўлига олган, миллий ўзлигига қайтаётган, жаҳон кенгликларини кўзлаган миллат учун бу хатоликларга барҳам бериш, таълим-тарбия соҳасини бутунлай ўзгартириш зарур эди ва шундай бўлди ҳам.

alt

Миллат қаддини ростлаш мамлакатимизда оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлашдан бошланди. Хусусан, қишлоқ жойларида, маҳаллаларда болалар спортини ривожлантириш, спортнинг кўплаб оммавий турларига мактаб ёшидаги болаларни, айниқса, қизларни кенг жалб қилиш устувор вазифага айланди. Мамлакатимизнинг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни, кадрлар тайёрлаш Миллий дас­тури қабул қилинди. Бу ҳужжатларда белгиланган кенг қамровли мақсадлар ҳамда Юртбошимизнинг бевосита кўрсатмалари  асосида ўсиб келаётган ёш, умидли авлодни юксак интеллектуал салоҳиятли, замонавий билимларни, компьютер техникасини пухта эгаллаган, мустақил фикрлай оладиган, шу билан бирга, соғ­лом турмуш тарзига эга, жисмонан бақувват, руҳан соғлом қилиб тарбиялаш юзасидан аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Давлатимиз раҳбарининг 2002 йил 24 октябрда имзолаган “Ўзбекистон болалар спортини ривожлантириш жам­ғармасини тузиш тўғрисида”ги ҳамда 2004 йил 29 августдаги “Ўзбекистон болалар спортини ривожлантириш жам­ғармаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонлари соҳа мутасаддилари учун зарур дас­туриламал бўлди.

Ўтган жума куни Президент Ислом Каримов раислигида Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси Ҳомийлик кенгашининг Оқсаройда бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида кенгашнинг бундан бир йил аввалги йиғилишида белгиланган вазифаларнинг ижроси атрофлича таҳлил  этилди. Чунончи, йиғилишда 2011 йилда шаҳар ва қишлоқларимизда болалар спортини янада ривожлантириш мақсадида ўнлаб янги муҳташам спорт иншоотлари қад ростлагани, болалар спорти объект­лари, мусиқа ва санъат объектлари барпо этиш, реконструкция қилиш  ва капитал таъмирлаш бўйича белгиланган вазифалар тўла бажарилгани айтиб ўтилди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек,  бу иншоотлар фарзандларимиз келажагига, уларнинг баркамол авлод бўлиб улғайишларига хизмат қилади, уларда спортнинг турли соҳалари билан шуғулланаётган, ҳар томонлама соғлом ва бақувват бўлиб ул­ғаяётган, фикрлаши, ақлий салоҳияти ва жисмоний имконияти ошиб бораётганини кўрган ота-она эса ўзини бахтли ҳис этади, ҳаётидан рози бўлиб яшайди.

alt

Йиғилишда болалар ўртасида оммавий спорт турлари билан шуғулланиш тобора ривожланиб бораётганини кўрсатувчи факт ва рақамлар келтириб ўтилди. Жумладан, аниқ мақсадга йўналтирилган дастур ва режа асосида олиб борилган ишлар қисқа вақт ичида ўз натижасини берди. Яъни, мамлакатимизда 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган ўқувчилар ўртасида спорт билан шуғулланувчилар кейинги уч йил ичида 29,2 фоиздан 34,9 фоизга, жумладан, қиз болалар ўртасида 24,1 фоиздан 31,4 фоизга ошган. Хал­қ­аро мусобақаларда фаол иштирок этаётган ва ҳурмат шоҳсупасининг юқори поғонасига кўтарилаётган ёшларимизнинг сафи тобора кен­гайиб бормоқда. Биргина 2008 йили ёш спортчиларимиз дунё биринчиликларида иштирок этиб, жами 103 медалга (51 таси олтин) эга бўлишди. Бу кўрсатгич 2011 йили 182 тани (60 таси олтин) ташкил этди. Ёшлар орасида авваллари у қадар оммалашмаган спорт турларига — сузиш, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, дзюдо, бадиий гимнастика, волейбол, футбол, кураш, сувда рақс тушиш, шахмат ва бошқаларга қизиқиш тобора кучайиб бормоқда. Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан қатор йиллардан бери муттасил ўтказиб келинаётган уч босқичли “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва “Универсиада” спорт ўйинлари ёшлар, айниқса,  талабалар орасидан мамлакатимиз шаън-шавкатини, ғурур ва ифтихоримизни оширадиган, мустақил Ўзбекистон номини дунёга танитадиган маҳоратли, эътиқоди мустаҳкам спорт усталарининг етишиб чиқишида ҳамда мустақил ҳаётга кириб келаётган фарзандларимизнинг ҳар жиҳатдан соғлом бўлишларида катта аҳамият касб этмоқда.

— Болаларни 3-5 ёшдан спортга жалб этиш катта аҳамиятга эга, — деди Ислом Каримов йиғилишда сўзлаган нутқида. — Чунки айни шу давр­да ҳар бир боланинг характери шакллана бошлайди, ҳаётга теран кўз билан қарашга ўрганади. Спортга меҳр қўйган бола бир умр спортга ошно бўлиб қолади. Спорт боланинг нафақат саломатлигини мустаҳкамлайди, балки зарарли иллатлардан уни ҳимоя қилади, характерини тоблайди.

Оммавий спорт турлари билан шуғулланишдан мақсад мусобақаларда ғолиб бўлишгина эмас, биринчи навбатда, болаларнинг, ўсиб-улғаяётган йигит-қизларнинг, бўлажак ота ва оналарнинг соғломлиги. Шу маънода ёш қизларга спорт билан шуғулланишлари учун зарур бўлган барча шарт-шароитларни яратиш, бу ишни, айниқса, қишлоқ жойларида талаб даражасида йўлга қўйиш, янгидан қад ростлаган иншоотларни замонавий техник жиҳозлар, малакали мураббийлар, ўз соҳасининг билимдонлари бўлган аёл устозлар  билан таъминлаш, уларни ҳар жиҳатдан рағбатлантириш муҳим вазифа ҳисобланади. Истиқлол йилларида мамлакатимизда кенг қанот ёзган “Соғлом она — соғлом бола” ҳаракати шу мақсадда тузилган давлат дас­туридан кўзланган асосий мақсад ҳам шу. Йиғилишда таъкидланганидек, 2005-2011 йилларда мутлақ соғлом болалар мамлакат бўйича 52,7 фоиздан 62,9 фоизгача ўсган, сурункали касалликларга чалинган   болалар сони эса кескин камайган. Ўтган йили “Болаларни асрайлик” халқаро ташкилоти томонидан эълон қилинган жаҳон рейтингида Ўзбекис­тон болалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида самарали фаолият олиб бораётган етакчи ўн мамлакат сафига киритилгани ғоят қувонарлидир. Пойтахтимиз Тошкентда бўлиб ўтган “Соғлом она — соғлом бола” мавзусидаги халқаро анжуманда саломатликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган спортни ривожлантиришга мамлакатимизда алоҳида аҳамият берилаётгани Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЮНИСЕФ ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан юксак баҳолангани ҳам бу борада амалга оширилаётган узлуксиз ишларнинг натижасидир.

Спорт узоқ йиллар давомидаги машаққатли машқ ва меҳнат деганидир. Ҳар бир мусобақада кимдир ғолиб, кимдир мағлуб бўлади. Мағлубиятни, рақибнинг маҳоратини тан олиш,  унинг ҳурматини жойига қўйиш ҳақиқий спортчиларга хос бўлган фазилатдир. Буни, айниқса, кейинги йилларда бутун дунёга ёйилиб бораётган,  ўз сафларига янги-янги мухлисларни жалб қилаётган ўзбек курашида яққол кўриш мумкин. Франциянинг Лион шаҳрида ўтказилган ўзбекча кураш мусобақасида мамлакатимиз вакили ғолиб бўлган бўлса-да, рақибга ҳурмат маъносида унинг елкасига зарбоф тўн ёпгани, бағрига босиб, яхши курашгани, мусобақа қоидаларига амал қилгани учун миннатдорчилик билдиргани фикримизга мисол бўла олади. Кураш қоидаларидаги ҳалоллик, рақибга жароҳат етказмаслик талаблари бугун дунё миқёсида эътироф этилмоқда. Демакки, спорт соғ­лом бўлишгина эмас, юксак инсоний фазилатларни тарбия­ловчи маънавий восита ҳамдир. Келажаги буюк давлат қураётган эканмиз, ёшларимизнинг ҳар жиҳатдан комил инсонлар бўлиб вояга етишлари бизни бу қутлуғ манзилга тобора  яқинлаштираверади.

Худоёр МАМАТОВ.

 

Сарҳисоб

Юксалиш йўлида: Ўзбекистон “Адолат” СДП  17 ёшда

 

Партия дегани – бу мансаб учун, лавозим учун кураш эмас, балки муайян ғоя учун, унинг жамиятда устувор бўлиши ва рўёбга чиқиши учун кураш демакдир.

Ислом Каримов

alt

1995 йилнинг 18 февралида пойтахтимизда бўлиб ўтган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг таъсис қурултойида иштирок этган 185 делегат Ватанимиз мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, республикада демократияни ривожлантириш, ҳуқуқий давлат қуриш жараёнларини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш мақсадларидан келиб чиққан ҳолда сиёсий партия тузиш юзасидан қарор қабул қилди. “Адолат” номини олган янги партия ўша пайтда нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиёда ягона социал-демократик йўналишдаги сиёсий партия бўлди. Таъсис этилган йили партиямиз аъзолари сони 3400 кишини ташкил этарди, холос.

Бугунги кунга келиб “Адолат” СДП ўз сафида 83 000 га яқин аъзони 2870 та бошланғич партия ташкилоти (БПТ)га бирлаштирган. Партиямиз аъзолари кўп миллатли: унинг сафларида ўзбеклар билан бир қаторда руслар, қорақалпоқлар, қозоқлар, татарлар, тожиклар ҳамда бошқа миллатлар ва элатлар вакиллари бор. Шуни ҳам қувонч билан таъкидлашимиз мумкинки, партиямиз — ёшлар партияси, зеро, аъзоларимизнинг ўттиз беш минг нафардан ошиғини, ёки деярли 44 фоизини 30 ёшга етмаган ёшлар ташкил этади. Партия Марказий аппарати, вилоятлар Кенгашлари, шаҳар ва туман кенгашлари раҳбарлари таркибининг ўртача ёши ҳам 38-41 ёш орасида. Партия аъзоларининг 48 фоизга яқини аёллардан иборат. “Адолат” СДП  аъзоларининг 21,7 фоизини соғлиқни сақлаш тизими ходимлари, 26,7 фоизини таълим соҳаси, 9,2 фоизини аграр сектор вакиллари, 7,3 фоизини эса тадбиркорлар ташкил этади. Партиямиз аъзоларининг 33,2 фоизи бакалавр, 11,6 фоизи эса магистр даражасига эга. Биз ўз сафларимизда 587 нафар фан номзоди, 192 нафар фан доктори ва 12 нафар академик борлигидан ҳақли равишда фахрланамиз. Бу партиямизнинг интеллектутал салоҳияти юксак эканлигидан далолат бериб турибди.

Бугунги кунга келиб Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида 452 нафар депутатимиз партия электорати манфаатларини ҳимоя қилмоқда. 72 нафар вакилимиз Қорақалпоғистон Республикаси Жуқор­ғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига, 380 нафар вакилимиз туман ва шаҳар Кенгашларига сайланган бўлиб, улар 84 та депутатлик гуруҳларига бирлашган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон  “Адолат” СДП фракциясида 16 нафар депутатимиз фаолият юритмоқда. Фракция аъзолари фаолият юритаётган қўмиталарида ўзларига бириктирилган қонунлар ижроси юзасидан ўтказилаётган назорат-таҳлил ишларида бевосита иштирок этиб, қонунлар ижросини таъминлашда, уларнинг амалга оширилишига эришиш ҳамда қонунийликни мустаҳкамлашда, қабул қилинган қонунлар ва қарорлар самарадорлигини оширишда фаоллик кўрсатиб келмоқдалар.

Бугун, ўтган ўн етти йилни сарҳисоб қиларканмиз, Ўзбекистон “Адолат” СДП сиёсий майдонга чиққан илк кунларданоқ ижтимоий адолат ғояси тамойилини илгари суриб, мамлакатда амалга оширилаётган барча ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларда фаол иштирок этиб келаётганини, аҳолининг турли ижтимоий қатламлари манфаатларини ифодаловчи жипслашган куч сифатида ўзини кўрсата олганини таъкидлаб ўтмоқ керак.

Биз партиямиз аъзолари ва хайрихоҳлари, аҳоли ўртасида социал-демократия мафкурасини тарғиб қилиш, унинг бош­қа мафкуралардан жозибадорлигини асослаш бўйича қатор амалий ишларни амалга оширдик. Натижада “Адолат” СДП аҳоли орасида нафақат қонун устуворлиги ва адолатни тар­ғиб қилувчи, балки социал-демократияни мустаҳкамловчи сиёсий куч сифатида ҳам танилмоқда.

Зеро, жаҳоннинг кўпгина тараққий этган демократик мамлакатлари ҳаётида катта  таъсир кучига эга тараққийпарвар мафкуравий оқим ҳисобланган социал-демократия ижтимоий ислоҳотларни босқичма-бос­қич амалга ошириш йўли билан жамиятни ривожлантириш ва халқ фаровонлигини оширишни кўзда тутади.

2009 йилнинг 5 ноя­брида бўлиб ўтган “Адолат” СДПнинг V қурултойида партиянинг сайловолди дастури қабул қилинди. Мазкур дастурда партия ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти, демократик ҳуқуқий давлат, кучли, адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш, маънавий жипслашган жамиятни шакллантириш жараёнларида ўз ролини кучайтиришни мақсад қилиб қўйди. Партия мамлакатимиз ривожланишининг Юртбошимиз томонидан баён этилган беш тамойилини миллий ўзига хослик ҳисобга олинган ҳолда асосий шиори Эркинлик, Адолатлилик, Бирдамлик бўлган жаҳон социал-демократик ҳаракатининг энг муҳим қадриятлари билан ҳамоҳанг, деб ҳисоблайди. Шунингдек, “Адолат” СДП ижтимоий адолат, қонун устуворлигига асосланган, барча фуқаролар қонун олдида тенг бўлган ва ўз конс­титуциявий ҳуқуқ ҳамда эркинликларини бемалол амалга ошира оладиган ҳуқуқий демократик давлатни барпо этиш ғоясини илгари суришда давом этади.

alt

2012 йил  17 январда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партиямиз фракциясининг мажлисида “2010 йил 12 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да белгилаб берилган асосий кўрсатмаларидан келиб чиққан ҳолда  “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг 2012 йилга мўлжалланган фаолиятининг асосий йўналишлари” қабул қилинди. Унинг асосида партия сайловолди дастуридан келиб чиқиб, 10 га яқин қонун лойиҳасини тайёрлаш мўлжалланган.

Шу билан бирга, қишлоқ ва сув хўжалигини модернизация қилиш жараёнида инновацион технологияларни татбиқ қи­лиш, мамлакатимиз умумтаълим муассасаларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, уй-жой-коммунал соҳани  модернизация қилиш шароитида инновацион технологияларни жорий қилиш, нақд пулсиз тўловлар тизимини янада ривожлантиришнинг истиқболлари, Элек­т­рон таълим ва масофали ўқитишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари юзасидан парламент назорати ва парламент сўровини ўтказиш назарда тутилган. Оила институтининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш,  Концепция­ талаблари асосида давлат органларининг ахборот хизматлари фаоллигини оширишнинг долзарб муаммолари, мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида болаларни тиббий хизматлар билан таъминлаш ҳолати ва истиқболлари, хотин-қизларнинг сиё­сий фаоллигини янада оширишга қаратилган конференция, семинар ва давра суҳбатлари ўтказишни режалаштирган.

Партиямиз сайловолди дас­турининг “Иқтисодиётни ривожлантиришдан турмуш сифати ва даражасини ошириш сари” йўналишида белгиланган вазифалар қаторида, жумладан, қуйи­даги бандлар ҳам бор: “Партия Ўзбекистонда инновация туридаги иқтисодиётни ташкил этиш муҳим вазифа, деб ҳисоблайди... Бу борада “миллий инновация тизими”ни ишлаб чиқиш ва амалда рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратамиз. Негаки, бу яқин истиқболда ғоялар, ихтироларни реал амалиётга тез татбиқ этиш қобилиятига асосланган инновацион иқтисодиё­т­га ўтиш учун муҳим омилга айланади...

...Қайта тикланадиган ноанъанавий энергия манбаларидан фойдаланишни асослаш механизмларини ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва татбиқ этиш масалалари ҳам партия диққат марказида бўлади. Партия энергиянинг мавжуд барча муқобил турларини комплекс равишда ривожлантириш орқали рақобатли энергетика бозорини ташкил этишни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратади.

Партия бу борада, айниқса, қишлоқларда янги ижтимоий объектлар — қишлоқ врачлик пунктлари, болалар боғчалари ва яслилари, мактаблар, болалар спорти, телекоммуникация ва почта алоқаси объектларини қуришда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда, энергияни тежайдиган инновация тизимларини жорий этиш”ни муҳим вазифа деб ҳисоблайди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП ўз фаолиятида инновацион технологияларни мамлакатимизда кенг жорий этишни рағбатлантириш борасида муайян ишларни амалга ошириб келмоқда. Бу ўз самарасини бераяпти, албатта. Айниқса, партиямиз қайта тикланувчи энергия манбалари (ҚТЭМ) ривожланишини мамлакатимизда халқимизнинг ҳар томонлама фаровон ҳаёт кечиришининг, юксак тараққиётга эришишининг воситаси деб билади. Ўтган қисқа давр ичида партиямиз дастурда белгиланган мазкур вазифани изчил тарзда адо этиб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси ташаббусига кўра қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича тайёр­ланган қонун лойи­ҳаси ҳозирги кунда муҳокамалар жараёнидан ўтмоқда. 

Партиямизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ташаббуси билан Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Фан ва технологиялар ривожланишини мувофиқлаштириш бўйича қўмитанинг Ижроия аппарати билан имзоланган келишувга мувофиқ муқобил энергия турларини қўллаш бўйича семинар ўтказилди, “Ўзбек­энерго” давлат-акциядорлик компанияси ҳамкорлигида “Ўзбекистон Республикасида қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг концептуал йўналишлари” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди. “Ўзбек­энерго” ДАК ва ЎзРФА Энергетика ва автоматика институтининг “Электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқаришнинг салоҳиятли концептуал йўналишлари, улардан қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш асосида фойдаланиш” деб аталувчи қўшма лойиҳаси Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ташаббуси билан якунига етказилди.

Партиямизнинг Тошкент ви­лояти Кенгаши ташаббуси билан Ўртачирчиқ тумани “Кучлик” маҳалласида муқобил энергия манбаларидан бўлган биогаз қурилмасининг аллақачон ишга туширилгани ва бу тажрибанинг аста-секин республикамизнинг бош­қа вилоятларига ҳам кўча бошлаганини мамнуният билан таъкидлаш жоиз. Партиянинг вилоят Кенгаши қошида ташкил этилган “Истеъдод” клуби ташаббуси билан вилоятнинг шаҳар ва қишлоқлари ҳудудидаги ёш мутахассислар, ўқувчилар, ёшлар ижодий жамоалари, корхоналар ва ташкилотлар ишланмаларини кенг намойиш қилувчи кўрик-танлов (масалан, “Ёш инноватор — ислоҳотларга кўмакдош”) ларининг ўтказилиши ҳам ёшларда инновацияларга бўлган қизиқишни орттирмоқда.

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракция­си ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати ташаббуси билан ўтказилган “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш: халқаро тажрибалар ва энг яхши амалиёт масалалари” мавзуидаги давра суҳбати давомида эса Муқобил  ёқилғи энергия манбалари ва чиқиндисиз технологиялар корхоналари ассоциацияси ташкил этилди. 

Бугунги кунга келиб мазкур соҳанинг бутун дунёда долзарблик касб этаётганининг ўз сабаблари бор, албатта. Мутахассисларнинг тадқиқотларига кўра, яқин келажакда, истеъмол ҳажми йилига тахминан 12 фоизга ошиб бораётган амалдаги энергия воситалари захиралари камайган тақдирда қайта тикланувчи энергия манбаларидан унумли фойдалана олган давлатгина тараққиёт йўлидан дадил одимлайди. “Адолат” СДП эса бизнинг миллий манфаатларимизга мос келадиган мазкур соҳани кенг кўламда ривожлантириш вазифасини ўз сайловолди дас­турига киритди ва уни амалиётга татбиқ этиш учун астойдил ҳаракат қилмоқда.

Кейинги пайт­ларда партиямизнинг шифобахш ҳисобланган топинамбур ўсимлигидан импорт ўрнини босувчи инновацион маҳсулотлар ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш таклифини ўртага ташлаётгани ҳам муҳим аҳамиятга эга. Авваллари унчалик оммалашмаган, кўпчиликка номаълум бўлган топинамбур ўсимлиги сўнгги 10-15 йил мобайнида қон босими баланд, қандли диабет билан оғриган беморлар дардига малҳам бўлаётганини, инсулин ўрнига топинамбур баргини дамлаб ичганда қимматбаҳо дорилар ўрнини босганлиги ҳақида мароқ билан сўзлаган кишилар сони ошиб бормоқда. 

Маълумки, шу кунларда ҳаммамиз Президентимиз Ислом Каримовнинг 2011 йилнинг асосий якунлари ва 2012 йилда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги “2012 йил Ватанимиз тараққиётини янги босқичга кўтарадиган йил бўлади” мавзусидаги маърузасини қайта-қайта таҳлил этиб, керакли хулосалар чиқариб олмоқдамиз. Маърузада Юртбошимиз “... биз ўрта муддатли истиқболда иқтисодиётимизни ривожланган демократик давлатлар даражасига олиб чиқишни ҳозирги босқичдаги бош стратегик вазифа сифатида ўз олдимизга қўйганмиз. Ўз-ўзидан аёнки, рақобатдош иқтисодиётни шакллантирмасдан, пировард натижада эса рақобатдош мамлакатни барпо этмасдан туриб, биз қабул қилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида кўзда тутилган мақсадли вазифаларни амалга оширмасдан туриб, бу ҳақда жиддий сўз юритиш мумкин эмас”, дея бежиз таъкидламадилар. Демакки, бизнинг ҳам асосий стратегик вазифамиз мамлакат иқтисодиётини ривожланган давлатлар даражасига олиб чиқишдек буюк мақсадларга амалий ишларимиз билан ҳисса қўшишдан иборат бўлиши керак.  Алоҳида қайд этиб ўтиш жоиз, ўтган “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” “Адолат” СДП учун кўп томонлама муваффақиятли кечди. Бу ўринда фақат айрим рақамларни келтириб ўтаман. Йил давомида партия томонидан уюштирилган уч мингга яқин семинар, ўқув маш­ғулотлари, давра суҳбати, конференцияларда 255 мингдан ортиқ киши иштирок этди. Айниқса, бундай тадбирлар Хоразм, Фар­ғона, Қашқадарё вилоятларида ҳамда Тошкент шаҳрида кўтаринки руҳда ўтди. 

Шунингдек, йил мобайнида бевосита ёшларга бағишланган 372 та, аёлларга бағишланган 142 та тадбир ўтказилиб, уларда партиямизга хайрихоҳлар билан бир қаторда турли касб эгалари ҳам фаол иштирок этишди.

2011 йил давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзолари  қонунчилик ташаббуси ҳуқуқидан 12 маротаба фойдаландилар, 21 та қонун-лойиҳасига масъул этиб тайинландилар, қонунчиликни мукаммалаштириш борасида 125 та таклиф билан чиқдилар, 17 бор назорат-таҳлил ишларида, 2 марта парламент сўровида иштирок этдилар, фуқароларнинг 176 та мурожаатини ўрганиб чиқдилар, сайловчилар билан 221 марта учрашдилар, бу учрашувларда 54 минг нафардан ортиқ фуқароларимиз иштирок этишди.

Яна бир рақам: йил давомида маҳаллий кенгашлар томонидан электорат учун 1482 та тадбир ташкил этилиб, уларда  187300  киши қатнашди. Айнан ўтган йили “Энг яхши матбуот котиби”, “Адолат” СДП билимдонлари” танловлари эълон қилинди ва унинг ғолиблари аниқланиб, муносиб рағбатлантирилди.

Йил мобайнида партиямизга бўлган эътибор ошиб борди. Бу ҳол партиянинг марказий ва ҳудудий органларига, ижтимоий-сиёсий газетасига ва Интернетдаги веб-сайтига келаётган мурожаатлар кўпайганида ҳам намоён бўлмоқда.

Албатта, юқорида келтирилган залворли натижалар ва хулосалардан “Адолат” СДПда ишлар буткул кўнгилдагидек кетаяпти, деган тўхтамга келиш фикридан йироқмиз. Ҳали партия олида турган муҳим ва долзарб вазифалар, амалга оширишимиз зарур бўлган ишлар жуда кўп. Айни пайтда биз фаолиятимиз давомида йўл қўйилган айрим камчиликлардан, хусусан, баъзи жойлардаги БПТ фаолиятидан кўнглимиз тўлмаётганидан кўз юммоқчи эмасмиз. Аксинча, улардан тегишли хулосалар чиқариб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳаракатидамиз. Энг асосийси, биз ўз электоратимиз, хайрихоҳларимиз, умуман, мус­тақил юртимизнинг бутун озод халқи манфаатлари йўлида бундан кейин ҳам ҳормай-толмай меҳнат қилаверамиз. Ахир  шундай озод ва обод Ватанда яшаб туриб, унинг ёрқин келажаги, иқтисодий ва сиёсий ривожланиши, тараққий этган давлатлар қаторидан ўрин олиши йўлида заҳмат чекмаслик, астойдил элим деб, юртим деб меҳнат қилмаслик мумкин эмас. Зеро, биз — социал-демократлармиз, сайловчиларга берган ваъдасининг устидан чиқадиган, ўз дастурида кўрсатилган мақсад-вазифаларни шараф билан адо этадиган партиямиз. 

Исмоил Саифназаров,

Ўзбекистон “Адолат” СДП  Сиёсий Кенгаши раиси.

=========

 

Парламентда

Ижтимоий адолат — Ўзбекистон “Адолат” СДП фаолият дастурининг бош ғояси

alt

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракция­сининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда парламентнинг қуйи палатасидаги партия фракцияси аъзолари, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Адлия ва Ички ишлар вазирликлари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Республика Савдо-саноат палатаси, «Маҳалла» жамғармаси, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши, Тошкент шаҳар хокимлиги масъул ходимлари ва Омбудсманнинг Тошкент шаҳри бўйича вакили, партия фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Кун тартибидаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2011 йилдаги фаолияти  тўғрисида”ги ҳисоботи тингланди.

Ҳисоботда қайд этилишича, 2011 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятининг устувор йўналишлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябр­да ўтказилган қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” мавзуидаги маърузасида белгиланган устувор йўналишдан келиб чиқадиган мақсад ва вазифаларни амалга оширишга қаратилган.

Омбудсманнинг мамлакатда инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши ва қонуний  манфаатлари таъминланиши устидан мониторинг ўтказиш, инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантирган ҳолда ахборот-маърифий ишларни олиб бориш, фуқароларнинг мурожаатлари ва шикоятларини кўриб чиқиш ҳамда ўрганиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий қонун ҳужжатлари нормалари бузилишининг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича фаолиятининг самарали амалга оширилиши давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар мансабдор шахсларининг фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасидаги ҳамда ҳуқуқни қўллаш фаолияти устидан парламент назоратини кучайтиришга хизмат  қилмоқда.

Омбудсман томонидан алоҳида мурожаатлар бўйича 2011 йил мобайнида 6 та хулоса тайёрланиб, улардан 3 таси Олий судга, 5 таси Бош прокуратурага ва 1 таси Ички ишлар вазирлигига юборилди.

— Ҳисобот даврида Хотин-қизлар қўмитаси, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва “Маҳалла” жамғармаси, шунингдек, бошқа манфаатдор идоралар ва ташкилотлар билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида ва мамлакатимизнинг барча минтақаларида оилавий бизнесни ривожлантириш орқали фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришига бўлган ҳуқуқини таъминлаш юзасидан мониторинглар ўтказилди, — деди  С.Рашидова. — 2011 йил Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили инс­титути учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан  “Мамлакатимизда  демократик  ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да ифодалаб берилган мамлакатни ривожланиш стратегиясининг умумий талқинида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича давлат сиёсатини амалга оширишда муҳим бос­қич бўлди.

Шунингдек, ҳисоботда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан мониторинг олиб борилгани, фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш натижасида муайян ишлар қилингани таъкидланди.

alt

Фракция аъзолари Қ.Жўраев, А.Аҳадов, А.Раҳмонов, З.Ботирова, О.Ахунова, С.Турсуновлар масала юзасидан ўз мулоҳазаларини билдиришди ва мутасадди ташкилотлар вакилларига ҳисоботда келтирилган фуқароларнинг ариза, шикоятлари ҳамда уларнинг қаноатлантирилиши юзасидан қатор саволлар билан мурожаат қилишди.

Жамиятда ижтимоий адолатни қарор топтириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда Омбудсман ниҳоятда муҳим ўрин тутаётганлиги, бу эса Ўзбекистон “Адолат” СДП сайловолди дас­турида белгиланган ижтимоий адолат, қонун устуворлигига асосланган, барча фуқаролар қонун олдида тенг бўлган ва ўз конс­титуциявий ҳуқуқ ҳамда эркинликларини бемалол амалга ошира оладиган ҳуқуқий демократик давлатни барпо этиш ғояси билан ҳамоҳанг эканлиги депутатлар томонидан эътироф этилиб, ҳисобот бир овоздан қўллаб-қувватланди.

Иккинчи ўқишда депутатлар муҳокамасига ҳавола этилган “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси юзасидан бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси А.Жумаевнинг ахбороти тингланди.

Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 14 январдаги Фармойиши билан тасдиқланган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”нинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар Дастурини амалга ошириш мақсадида, мамлакат иқтисодиётига хорижий инвестиция­ларни жалб этиш соҳасидаги амалдаги қонунчиликнинг ҳамда Республика ҳудудида фаолият юритаётган чет эл капитали иштирокидаги корхоналарнинг танқидий таҳлили натижалари бўйича ишлаб чиқилганлиги таъкидланди.

— Қонун лойиҳасининг биринчи ўқишидан сўнг қўмиталар ва фракция аъзолари томонидан берилган таклифлар инобатга олинган ҳолда такомиллаштирилди, — деди маърузачи. — Унга кўра амалдаги Қонуннинг бир қатор моддаларига таркибий, таҳририй ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган бўлиб, таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар чет эл инвестицияларини, айниқса, саноатнинг юқори технологик соҳаларига жалб этишни янада рағбатлантириш, мамлакатдаги инвестицион муҳитни янада такомиллаштириш, Ўзбекистон ҳудудида чет эл инвесторларининг фаолия­ти учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга йўналтирилган.

Фракция аъзолари қонун лойиҳасининг долзарблиги, миллий иқтисодиётимиз ривожи учун муҳимлигини қайд этиб, уни концептуал жиҳатдан маъқуллашди.

“Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 477-моддасига ўзгартиш киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам иккинчи ўқишда депутатларнинг қизғин муҳокамасидан ўтказилди. Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси А.Раҳимов Фуқаролик кодексига киритилаётган ушбу ўзгартиришлар электр энергияси ва табиий газ етказиб берилмаслиги ёки кам етказиб берилиши натижасида тадбиркорлик субъектларига етказилган ҳақиқий зарар ва олинмай қолган фойдани таъминотчи корхоналардан ундирилишига қаратилиши мақсадида киритилаётганлигини таъкидлади.

Муҳокамалар жараёнида қонун лойиҳаси Ўзбекистон “Адолат” СДП дастурий ғояларига мос келиши эътироф этилиб, депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Фракция аъзолари томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилган “Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги қонун лойиҳаси тўғрисида бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси Қ.Тошматов маъруза қилди.

Мазкур қонун лойиҳаси “Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида”ги Қонунда кредит ахбороти алмашинуви бевосита махсус ташкил этиладиган институт-кредит бюролари томонидан амалга оширилиши белгиланганлиги, улар фаолиятини лицензиялаш, тартибга солиш, фаолиятини назорат қилиш, уларнинг ҳисоботи ва ҳужжатларини олиш ва текшириш, ички аудитга доир талабларни белгилаш, кредит ахбороти шакллантирилиши ва алмашинуви учун зарур бўлган маълумотларни банк­лар томонидан кредит бюроларга тақдим этилиши каби нормалар мавжудлигидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишини назарда тутади.

Йиғилиш қатнашчиларининг қизғин савол-жавобларидан сўнг қонун лойиҳаси концептуал жиҳатдан маъқулланди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан фракция аъзолари Ўзбекистон “Адолат” СДП позицияси ва нуқтаи-назаридан ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар. Муҳокама этилган масалалар юзасидан фракциянинг нуқтаи назари белгилаб олинди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Илёс Сахатов,

“Adolat” мухбири.

=========

БПТларда

 

Партиянинг ташкилий жиҳатдан ривожи бошланғич ташкилотлар фаоллиги билан боғлиқ

 

Мамлакатимизда кечаётган туб ислоҳотлар демократик ривожланиш тамойиллари энг чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи юртдошларимизни ҳам янгича яшаш, янгича фикрлашга даъват этмоқда. Бу эса бошланғич партия ташкилотлари зиммасига улкан масъулият юклайди. Шу боис қуйи ташкилотлар фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг омма ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш ҳануз долзарб вазифалардан бўлиб қолмоқда.  Туман, шаҳар кенгашлари раҳбарлари ҳамда БПТ аъзоларининг ғоявий-сиёсий, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича турли ўқувлар, семинар-тренинглар ташкил қилинаётгани ҳам ўз самарасини бермоқда.

Айни пайтда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партия­си Сурхондарё вилояти Кенгаши қошида 145 дан ортиқ бошланғич партия ташкилоти фаолият юритмоқда. Тўғри, ҳудуддаги имкониятлар нуқтаи назаридан бу рақам нисбатан кам. Сон эмас сифат, режа эмас, натижа муҳим. Бироқ бугунги давр қуйи тузилмалардан ташаббускорликни талаб этмоқда.

Жаҳондаги барча социал-демократик партиялар одатда ишчи-хизматчилар манфаатларини ҳимоя қилиб келади. Жамиятнинг мазкур қатлами ҳар бир мамлакатда кўпчиликни ташкил этади. Шу нуқтаи назардан айтганда, партиямизнинг имкониятлари кенг. Бизнингча, партия аъзолари сонини кескин ошириш борасидаги тадбирларни кучайтириш мақсадида вилоят партия Кенгашлари томонидан “Янги аъзоларни партия сафларига жалб этиш” акциясини ўтказиш, шунинг баробарида туман ва шаҳар ташкилотлари таркибида БПТлар сонини кўпайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бу эса аъзолар сонининг ошишига, партия молиявий имкониятларининг мус­таҳкам­ланишига хизмат қилади. Энг муҳими, партия ғояларини тарғиб ва ташвиқ этишда БПТ ўрни беқиёс. Қуйи  ташкилотлар сонининг кўплиги ҳам партиянинг ташкилий жиҳатдан ривожланиши гаровидир.

Бу масалаларни ҳал этишда вилоят партия Кенгаши таркибида махсус тарғибот гуруҳи тузиб, барча қуйи бўғинларда “БПТнинг мақсад ва вазифалари нималардан иборат?”, “БПТ қандай ташкил қилинади?”, “БПТнинг ҳуқуқлари нималардан иборат?” каби муҳим масалаларда мунтазам сиёсий ўқишлар ташкил қилиб борилмоқда.

Бошланғич ташкилотлар партиянинг ташкилий жиҳатдан ривожланишига ижобий таъсир этиши биргина ўзим раҳбарлик қилаётган Термиз тиббиёт коллежи бошланғич партия ташкилоти фаолияти мисолида намоён бўлмоқда. Масалан, турли давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорликда Президентимиз томонидан илгари сурилган Концепциянинг мамлакатимиз тараққиётининг бугунги бос­қичидаги ўрни, истиқболдаги ривожланиш жараёнидаги аҳамияти, Юртбошимизнинг “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” китобининг мазмун-моҳиятига бағишланган ҳамда партия дастурий вазифалари доирасида қатор тарғибот-ташвиқот тадбирлари ташкил этилди ва бундай тадбирлар давом эттириб келинмоқда. Айниқса, Президентимиз Концепцияси партиявий фаолиятимизда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаяпти. Ушбу ҳужжат жамиятимизни барқарор ривожлантириш, ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотларни чуқурлаштириш борасида давлат ва жамоат ташкилотлари, жумладан, сиёсий партиялар зиммасига алоҳида масъулият юклаб, уларни янги изланишларга ундайди. Биз бундан тегишли хулоса чиқаришимиз, шу асосда ўз фаолиятимизни янада такомиллаштиришимиз лозим.

Тан олиш керак, БПТнинг ҳар бир аъзоси ўз бурчига нисбатан масъулият билан ёндашади. Зеро,ёшларга намунали билим бериш учун якдиллик ва уюш­қоқлик ниҳоятда зарур. Улар жамоага ўрнак бўлиш билан бирга, партия ғояларини тарғиб этишда алоҳида фаоллик кўрсатишмоқда. Бир сўз билан айтганда, ташкилот фаоллари электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш йўлида куч-ғайратларини аяшмаяпти. 

Партиянинг обрў-эътибори амалий ишларда шаклланади, тобланади ва сиёсий майдондан ана шу йўл орқали мустаҳкам ўрин олади. Бу жараён­да албатта, БПТларнинг алоҳида ўрни бор.

 

 

Анвар БЕГИМОВ,

Бошланғич партия ташкилоти етакчиси.

=======

 

Депутатлик гуруҳи

 

Фаолият мезони депутатларнинг фидойилик, ишчанлик ва ташаббускорлигида намоён бўлмоғи лозим

 

Мамлакатимизда истиқлолнинг илк дамлариданоқ олиб борилаётган ислоҳотлар инсонни эъзозлашга, қадр-қимматини оширишга, инсон манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилиб келинмоқда. Айниқса, сиёсий партияларнинг жамиятдаги ролини оширишдаги ислоҳотлар моҳиятан ҳуқуқий демократик жамият қуришга қаратилмоқда.

Бунга жавобан бугунги давр сиёсий партиялардан, айниқса, барча тоифадаги депутатлардан алоҳида фидойиликни, ишчанлик ва ташаббускорликни талаб этмоқда. Чунки улар зиммасига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ масъулият юкланмоқда. Хусусан, депутатлар партия электоратини ўйлантираётган масалаларни чуқур ўрганган ҳолда уларни халқ депутатлари вилоят, туман ёки шаҳар Кенгашлари сессияларига олиб чиқишлари, бу борада ташаббус ва қатъият кўрсатишлари лозим. Шу билан бирга, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳудудий дастурлари ижроси юзасидан қатъий депутатлик назоратини изчил йўлга қўйиш мақсадга мувофиқдир.

Депутатлик мақомига эга бўлиш — бу сайловчилар овозига эришишгина эмас, балки юрт тинчлиги, Ватан равнақи, халқ фаровонлигини таъминлаш йўлида жонбозлик қўрсатиш демакдир. Шу маънода, маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳи аъзоларининг ҳар бири ўз фаолияти давомида ҳудудий партия ташкилотлари ва сайловчилар билан доимий алоқада бўлиши ҳамда ҳокимият вакиллик органида уларнинг манфаатларини изчил ифода этиши керак.

Ҳозирги пайтда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашида 3 нафар, туман ва шаҳар Кенгашларида эса 26 нафар депутати фаолият кўрсатмоқда. Депутатларимизнинг ўтган йилдаги фаолиятини таҳлил қиладиган бўлсак, муайян ютуқларга эришилганлигига гувоҳ бўлиш мумкин. Шунингдек, фаолиятимиз айрим хато ва камчиликлардан ҳам холи эмас. Масалан, барча депутатларимиз ҳам вилоят партия Кенгаши ёки жойлардаги партия ташкилотлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўя олмаганлар. Натижада амалдаги қонунлар, фармон ва қарорлар, ҳудудларни ривожлантириш бўйича махсус дастурларнинг партия сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифалар ҳамда партия электорати манфаатлари нуқтаи назаридан ижро этилишини назорат қилиш бир қадар суст кечмоқда.

Бу йилги иш режамизга мувофиқ, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг партия ташкилотлари, қолаверса, ижтимоий ҳамкорлар, ўзини ўзи бош­қариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорлигини янада мус­таҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки бундай ҳамкорлик барча бўғиндаги ижро этувчи тузилмаларнинг ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий тараққиётига доир амалий вазифаларни ҳал этиш ишида партиялар, партия депутатлик гуруҳларининг таъсирини оширишга хизмат қилади. Маълумки, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги депутатларининг ҳар йилги фаолият дастури ишлаб чиқилади. Дастурда вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари ўзлари бириктирилган Кенгашнинг доимий комиссия­ларида, сессияларида таклиф-мулоҳазалари билан фаол иштирок этишлари белгиланади. Бунда улар ўз фаолиятларини партиянинг сайловолди дастуридан ўрин олган долзарб мақсад ва вазифалар доирасида олиб боришлари, муайян масалаларни атрофлича, чуқур ўрганишлари, сўнгра комиссия ва сессия мажлислари кун тартибларига киритишга эришишлари кўзда тутилган. Жумладан, 2011 йилда депутатлик гуруҳларининг иш режалари асосан “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” Давлат дастури ҳамда “Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозига қарши 2009-2012 йилларга мўлжалланган чоралар дастури”да белгиланган вазифалар, “Адолат” СДП Сиё­сий Кенгаши ижроия қўмитаси қарорлари ижросини таъминлаш масалаларига қаратилди. Шунингдек, Президентимизнинг “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси”да белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда “Адолат” СДПнинг халқ депутатлари Қашқадарё вилоят кенгашидаги депутатлик гуруҳи фаолиятида Президент фармонлари, амалдаги қонунлар ва ҳудудий дастурлар ижросини назорат қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Маълумки, ҳар қандай сиёсий куч сайловчилари билан тирик. Шу нуқтаи назардан, сайловчилардан тушган турли мурожаатлар асосида жамоатчилик ва депутатлик назорати олиб борилди. Хусусан, Чироқчи туманидаги “Ғалаба”, “Ўрта қишлоқ” аҳолиси мурожаатига кўра тегишли ташкилотларга юборилган депутатлик сўрови натижасида ҳудудда уяли алоқа тизими хизмати йўлга қўйилди. Худди шундай сўров асосида шу тумандаги Додик қишлоғида жойлашган 43- умумий ўрта таълим мактаби тоза ичимлик суви билан таъминланди. Бундан ташқари, депутатлик сўрови юборилиши билан “Қашқадарётранс” АК қишлоқ аҳолисининг туман марказига қатновини енгиллаштириш учун доимий транспорт  қатновини таъминлашда амалий ёрдам кўрсатилди. 

Депутатлик гуруҳи аъзоси Муниса Суюнова ўтган йили ўз сайловчилари билан 8 маротаба учрашувлар ўтказди. Каттабоғ, Жовуз, Батмон, Паландара қишлоқ аҳолисининг шунга ўхшаш талаб ва таклифларини депутатлик сўрови асосида ижобий ҳал этишга эришди.

Депутат Шодмон Қодировнинг ҳам бу борадаги жонбозлиги эътиборга молик. Касби туманидаги электр тармоқлари ва “Жанубгазтаъминот” корхоналарига депутатлик сўрови билан мурожаат этилиши натижасида Муғлон қишлоғи, “Насаф” кўчасининг охирги қисмидаги 12 километрлик масофага газ қувурлари тортилди. Натижада 30 та янги қурилган хонадон тўлиқ газлаштирилди, электр энергияси билан таъминланди.

Ҳудудларда касаначиликни ривожлантириш ҳамда аҳолини иш билан таъминлаш бўйича ишлаб чиқилган Ҳукумат қарорларининг ижроси юзасидан вилоят Кенгашининг барча қуйи бўғинлари ҳамда партиядан сайланган депутатлар иштирокида назорат гуруҳлари тузилди. Бу эса депутатлар ва партия фаолларининг жойлардаги касаначилик ва аҳолини иш билан таъминлашнинг аниқ аҳволини пухта ўрганиб чиқишларига, мавжуд имконият ва камчиликларни аниқлашларига имкон берди.

Шу билан бирга, депутатлик гуруҳимиз Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг вилоят бозорларидаги ижросини “Бозорсавдо” АЖ уюшмаси ҳамда мутасадди ташкилотлар билан биргаликда ўрганиб чиқиб, ушбу масалани Халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияси кун тартибига киритиш таклифи билан чиқди. 

Бундан буён ҳам электоратни ўйлантираётган муаммоларни чуқурроқ ўрганиш ва уларни ҳал этиш, Президентимиз Ислом Каримовнинг 2011 йилнинг асосий якунлари ва 2012 йилда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасидан келиб чиқадиган долзарб вазифалар диққат-эътиборимизда бўлади. Истиқболдаги ана шундай режаларимиз “Мамлакатни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамиятини қуриш жараёнида Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилояти Кенгашидаги депутатлик гуруҳларининг ўрни” деб номланган семинарда ҳам белгилаб олиндики, буларнинг бари бизни “Мус­таҳкам оила йили” деб эълон қилинган 2012 йилда ҳам янги марралар сари ундайди.

Абдуқаҳҳор  АҲМЕДОВ,

Халқ депутатлари

Қашқадарё вилояти

Кенгаши депутатлик

гуруҳи раҳбари.

========

 

Ўз-ўзини танқид

 

Бурч ва масъулият ҳисси хато ва камчиликлардан  тўғри хулоса чиқариш имконини беради

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилояти Кенгашининг навбатдаги фаоллар йиғилишида туман ва шаҳар партия ташкилотлари олдида турган долзарб вазифалар танқидий руҳда чуқур таҳлил қилинди.

Тадбирда Президентимиз томонидан илгари сурилган Концепциянинг мамлакатимиз тараққиётининг бугунги бос­қичидаги ўрни, истиқболдаги ривожланиш жараёнидаги аҳамияти, мамлакатимиз раҳбарининг Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги “2012 йил Ватанимиз тараққиётини янги бос­қичга кўтарадиган йил бўлади” мавзуидаги маърузасида белгилаб берилган асосий вазифалар юзасидан атрофлича фикр юритилди.

Вилоят партия Кенгаши раиси А.Турсунов “Туман ва шаҳар партия ташкилотларига партия тарафдорларини жалб қилишнинг таъсирчан шакллари ва уларнинг фаоллигини ошириш йўллари” мавзусида маъруза қилди. Маърузачи ўз чиқишида қуйи бўғинлар фаолиятини танқидий нуқтаи назардан баҳолашга алоҳида эътибор қаратди. 

— Ўтган йилги самарали фаолиятимиз натижасида аъзоларимиз сони ўсди, хайрихоҳларимиз кўпайди, амалий ишларимиз билан аҳоли орасига кириб бора олдик, — деди А.Турсунов. — Аммо шунга қарамай айрим ҳудудий ташкилотларимиз фао­лиятида муаммо ва камчиликлар ҳам учрамоқда. Яъни, туман ва шаҳар партия кенгашлари раиси ҳамда аъзолар ўртасида доимий равишда мустаҳкам алоқа ўрнатилмаган. Масалан, ўиждувон, Жондор, Вобкент тумани каби партия кенгашларида партия­вий иш тизимли равишда йўлга қўйилган бўлса, Олот, Қоровулбозор, Шофиркон каби баъзи туман партия кенгашларида эса бунинг акси. Шунингдек, БПТлар ва партия ташкилотлари алоқаларини мустаҳкамлаш ҳам долзарб вазифалардан бири саналади. Бундан ташқари, баъзи жойларда бошланғич партия ташкилотлари етакчиларининг қўнимсизлиги, уларнинг тез-тез алмаштирилиши БПТ­лар ишини жонлантиришга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Муҳокамаларда сўз олганлар мавжуд камчиликларни бартараф қилишга қаратилган ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

— Дарҳақиқат, жойлардаги партия ташкилотлари фаолияти сустлигининг асосий сабаби — маҳаллий Кенгаш депутатлари билан самарали иш олиб бора олмаётганлигимизда, — деди Когон шаҳар кенгаши раи­си Гулнора Мўминова. — Бошланғич ташкилотлар сонини кўпайтириш мақсадида эса тадбирлар режаси асосида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши депутатлари иштирокида жойларда ўтказилаётган давра суҳбатлари, учрашувлар, сиёсий ўқишлар сифатини янада жонлантирмоқ лозим. Шунинг­дек, вилоят миқёсида «Энг яхши ҳудудий партия ташкилоти» кўрик-танловини ҳам эълон қилиш керак, назаримда.  Шу билан бирга, шаҳар ва туман партия Кенгашлари раислари ва БПТлар етакчилари иштирокида ҳар ҳафтада кундалик вазифаларни бажариш ва ижро назорати тизимини ташкил этиш бўйича йиғилишлар ташкил этиш ҳам яхши самара беради, деб ўйлайман.

Айни вақтда Бухоро вилояти партия Кенгаши томонидан партиявий ишларни жонлантириш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур тадбир ҳам бу борада амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг амалдаги кўринишларидан биридир.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилояти Кенгаши матбуот хизмати.

===========

 

Сиёсий ўқиш

 

Бугунги талаб партия матбуот хизмати ходимларидан ҳам ишга янгича ёндашувни талаб этмоқда

alt

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Марказий аппаратида партия Матбуот хизмати ташаббуси билан партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари матбуот котиблари учун икки кунлик сиёсий ўқиш бўлиб ўтди. Мазкур ўқиш “Adolat” ижтимоий-сиёсий газетаси томонидан қўлга киритилган Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг “Партия мавзусига ихтисослашган шарҳ­ловчилар малакасини ошириш услубларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш” грантини амалга ошириш лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Тадбирни кириш сўзи билан очган партия Сиёсий Кенгаши раиси И.Саифназаров оммавий ахборот воситалари, хусусан, партиявий нашрлар ва матбуот хизматларининг пар­тия ҳаётидаги ўрни беқиёслигини таъкидлади.

— Сўнгги пайтларда партия газеталари сиёсий баҳс-мунозаралар ва ғоявий курашлар минбарига айланаётгани партиялараро соғлом рақобатни янада кучайтиришга хизмат қилмоқда, — деди маърузачи. — Президентимиз Ислом   Каримов томонидан Парламент палаталарининг 2010 йил 12 ноябрдаги қўшма мажлисида илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясида оммавий ахборот воситаларининг давлат ҳокимияти ва бош­қарув органлари фаолияти устидан жамоатчилик ва парламент назоратини таъминлаш, ҳокимият ва жамоатчилик ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатиш борасидаги ролини кучайтириш, хусусан, давлат ва жамоат бирлашмалари ахборот хизматлари, медиа-тузилмалар ишини фаоллаштириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирларни белгилаш лозимлиги таъкидланган. Ушбу устувор вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида 2011 йил бошидан “Адолат” СДП тизимида матбуот хизматлари фаолияти йўлга қўйилган эди. Ўтган вақт давомида матбуот хизматлари партия дастурий ғояларини тар­ғиб этиш, ҳудудий Кенгашлар ва депутатлар фаолиятини батафсил ёритиш ҳамда жамоатчиликни партия ҳаётидан кенгроқ хабардор этишда ўзига хос ўрин эгаллаб келмоқда. Мазкур сиёсий ўқиш матбуот котибларимизнинг фаолиятини танқидий баҳолаш, улар фаолиятида янгича ёндашувларни жорий этиш, келгусида партия­нинг дастурий ғоялари ва олиб бораётган амалий ишларининг фаол тарғиботчисига айлантириш, бу орқали хайрихоҳлар сафини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Тадбирда “Фуқаролик жа­мияти қуриш ислоҳотларининг оммавий ахборот воситаларида ёритилиш масалалари” мавзуидаги маърузаси билан иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси профессори М.Қирғизбоев бугунги кунда журналистлар олдига қўйилаётган талаблар, хорижий давлатлар сайловолди кампанияларида ОАВ иштироки, пиармен ва матбуот котибларининг номзод имиджини шакллантиришдаги фаолияти ҳамда соҳада учраётган муаммолар хусусида атрофлича сўз юритди.

Шунингдек, иштирокчилар ахборот ва сўз эркинлигининг Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида акс этиши, журналистикага оид қонунлар, қонуности ҳужжатларининг мазмун-моҳияти билан яқиндан таништирилди.

Фуқаролик жамияти шакл­ланишини мониторинг қилиш  мустақил институти етакчи мутахассиси Д.Қаюмова сиёсий партияларнинг PR кампаниялар ўтказиши усуллари, тар­ғибот-ташвиқот жараёнлари, сиёсий партиялар ахборот-ресурслари ҳақида маъруза қилди. Сиёсий шарҳловчиларнинг интеллектуал-психологик ва профессионал қобилиятларини ривожлантириш, “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетасида таҳлилий-танқидий мақолалар тайёрлаш тажрибаси, партия Кенгашлари матбуот хизматининг кундалик функциялари сиёсий ўқишнинг асосий мавзулари қаторида ўрганилди. Ҳар бир маърузачининг чиқиши савол-жавоб ва қизғин мунозаралар остида ўтди.

alt

Сиёсий ўқишнинг иккинчи куни амалий машғулотларга бағишланди. Унда матбуот котиблари оммавий ахборот воситалари учун материаллар тайёрлаш, журналистлар билан ишлаш, матбуот котибининг кундалик вазифаларига оид янги маълумотлар билан танишдилар.

— Мазкур сиёсий ўқиш касбий малакамиз, ижодий салоҳиятимиз ва профессионал маҳоратимизни оширишга хизмат қилди, — деди партиянинг Хоразм вилояти Кенгаши матбуот котиби Замира Абдуллаева. — Ўқиш давомида олган билимларимиз бизни оммавий ахборот воситаларининг барча тармоқлари орқали мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва унда  Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг амалий иштирокини ҳамда партиямиз депутатлик гуруҳлари фаолиятини кенг жамоатчиликка етказишда янада фаол бўлишимизга ундайди.

Тадбир мобайнида “Энг яхши матбуот котиби — 2012” анъанавий танлови шартлари хусусида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, партия сайтида матбуот котибларининг иштироки таҳлил этилиб, веб тармоқда жорий этиладиган янги лойиҳалар доирасида вазифалар топширилди.

Сиёсий ўқиш дастурига мувофиқ, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жа­миятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг “Партия мавзусига ихтисослашган шарҳловчилар малакасини ошириш услубларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш” грантини амалга ошириш лойиҳаси дои­расида сиёсий партиялар вакиллари иштирокида мунозара олиб борилди. Унда “Жамият” ижтимоий-сиёсий газетаси бош муҳаррири Сирожиддин Раупов сиёсий шарҳловчи, пар­тиявий сайтда ижод қилувчи журналист масъулияти, партия электорати манфаатларини оммавий ахборот воситалари орқали ҳимоя қилиш масалалари юзасидан маъруза қилди. “Жамият” газетасидаги “Сиёсий партиялар” саҳифасига топширилаётган материалларга қўйилаётган талаблар ҳақида сўз юритиб, тан­қидий мулоҳазаларини билдирди ва тегишли тавсиялари билан ўртоқлашди.

Муҳокамалар жараёнида сиё­сий партиялар вакиллари партиялараро рақобатга бағишланган мақолалар юзасидан қизғин баҳс-мунозара юритиб, ўз нуқтаи назарларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлдилар. Шунингдек, муайян соҳаларга оид партия позицияси тўрттала сиёсий партия сайловолди дастурлари мисолида атрофлича кўриб чиқилди.

Тадбир сўнггида партия Кенгашлари матбуот котибларининг партия ҳаёти ва мамлакатимиз ижтимоий ҳаётидаги муҳим воқеаларни таҳлилий жиҳатдан ёритишдаги камчиликлар, уларнинг самарали фаолият юритишларига тўсқинлик қилаётган муаммолар таҳлил қилинди. Матбуот котибларининг аксариятида журналистиканинг замонавий талабларини тушуниш, материалларни тезкорлик ва аниқлик билан тайёрлаш, партия Кенгаши билан жамоатчилик алоқаларини ўрнатишда оқсоқлик кузатилаётгани қайд этилди. Мазкур камчиликларни бартараф этиш мақсадида матбуот котибларининг малакасини доимий ошириб бориш, ижодий маҳоратларини бойитишга кўмаклашиш, фаолиятини намунали йўлга қўйган матбуот хизмати ходимларини рағбатлантириш зарурлиги таъкидланди ва тегишли таклиф, тавсиялар билдирилди. Сиёсий ўқиш якуни бўйича махсус услубий қўлланма чоп этиш белгилаб олинди.

Илёс САХАТОВ,

“Adolat” мухбири.

=====

 

Ижро ҳокимияти қандай ишлаяпти?!

 

Икки хил статистика, ёндашув

ёки Оқдарё туман ҳокимлиги фаолиятига оид ҳисоботлар бошқарувда  очиқликни таъминлашга хизмат қилаяптими?

 

Даставвал шуни таъкидлаш лозимки, автомобилсозликдан тортиб кимё саноатигача бўлган ишлаб чиқаришнинг замонавий таркибини ва меҳнат ресурсларининг салмоқли қисмини ўзида мужассамлаштирган Самар­қанд вилоятида ислоҳотларни амалга оширишда янги-янги ташаббуслар юзага келмоқда. Иқтисодиётдаги барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш орқали аҳоли фаровонлигини ошириш, ижтимоий масалаларни муваффақиятли ҳал этиш ҳокимлик эътиборидаги асосий вазифага айланган.

Вилоятда давлат мақсадли дастурлари ижросини таъминлаш учун раҳбар, мутахассис, тадбиркорлар, банк-молия идоралари ходимлари бурчга масъулият билан ёндашмоқдалар. Шу туфайли биргина саноат соҳасини ривожлантириш бўйича тасдиқланган дастурлар доирасида вилоятда 71 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция жалб этилиб, 255 та лойиҳа амалга оширилди. 1197 та янги иш ўрни яратилди. Корхоналарни модернизациялаш учун 576 мил­лиард сўмлик инвестиция киритилди. Натижада саноат маҳсулоти 11,4 фоизга кўпайди. Ҳудудий тасарруфдаги корхоналар томонидан салкам 100 миллион АҚШ долларига тенг маҳсулот ва хизматлар экспорт қилинди.

Бироқ Самарқанд вилоятида иқтисодиётни юксалтириш борасидаги ташаббус ва тажрибалар барча туманларда ҳам манфаатдорлик билан ўзлаштирилаяпти деб бўлмайди. Ҳокимлик ва бошқарув идоралари фаолиятида бугуннинг талабини илғамаслик, ваколатлардан ўринли фойдаланмаслик, давлат мақсадли дастурлари ижросини таъминлашда сусткашлик кўзга ташланмоқда. Оқдарё туманида шундай вазиятга дуч келиш мумкин. Шу ўринда туман ҳокимлиги Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказининг маълумотига эътиборингизни қаратмоқчимиз. Маълумотда 2011 йилда туманда 150 та янги касаначилик иш ўрни яратилгани ва бу борадаги прогноз кўрсаткичи тўлиқ бажарилгани қайд этилган. Туман статис­тика идорасининг расмий маълумотида эса 2011 йилда 111 та касаначилик иш ўрни  барпо этилгани кўрсатилган. Хўш ҳисоботларнинг қай бири тўғри, қайси нотўғри? Умуман битта соҳадаги ишлар аҳволига тааллуқли  икки хил маълумотнинг пайдо бўлиши тасодифми?

Бандликка кўмаклашиш маркази раҳбарининг ўринбосари Одилхон Ҳамидовнинг таъкидлашича, Марказ томонидан тайёрланган маълумот  статистика идорасининг тақдим этилган рақамидан фарқли равишда касаначиликни  ривожлантиришнинг ҳақиқий аҳволини кўрсатишга хизмат қилади. Марказ ишлаяпти! Меҳнатга лаёқатли кишиларни касб-ҳунар билан таъминлашнинг барча имкониятларини, шу жумладан, касаначиликни ривожлантиришнинг зарурий чораларини кўраяпти.

Шу туфайли биргина Янгиқўрғон пахта тозалаш заводи ва тумандаги ММТПлар базасида ўнлаб касаначилик иш ўринлари очилгани ўзини оқлаяпти. Оила бюджетига ҳам, корхона иқтисодиётига ҳам фойда келтираяпти.

Демак, статистика  идораси адашган. Битта рақам замиридаги заҳматли  изланишларни, оила фаровонлигини таъминлаш йўлидаги югур-югурларнинг моҳиятини тушуниб етмаган.

Лекин аслида ҳам шундаймикан? Оқдарёда янги иш ўринларини яратиш, касаначиликни  ривожлантириш талабга жавоб берадими? Саноат салоҳиятини ошириш, хизмат кўрсатиш ва сервис  соҳаларини юксалтириш орқали туман иқтисодиётини мустаҳкамлаш, аҳолини, айниқса, ёш мутахассисларни доимий иш билан таъминлашнинг реал имкониятлари излаб топилаяптими? Ҳокимлик, унинг бўлим ва идоралари бу борада ўзларига юклатилган ваколатлардан келиб чиққан ҳолда фаолият юритишаяптими?

Туманда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, шу йўналишдаги янги корхоналарни ишга тушириш, мавжудларини кенгайтириш ва модернизациялаш Дас­тури, афсуски сусткашлик билан амалга оширилмоқда. Шу туфайли аҳоли жон бошига истеъмол моллари ишлаб чиқариш 82,2 минг сўмни ёки вилоят кўрсаткичидан беш баробар кам миқдорни ташкил этмоқда. Бунинг асосий сабаби тумандаги саноат корхоналари бозор рақобатини ҳис эта олмаётганида. Ишлаб чиқаришда янги талаб ва имкониятларни жорий этолмаётганлигида. Шу боис мавжуд 69 та саноат корхонасидан 23 таси мутлақо  фаолият  юритмаяпти. Қолганларида эса  қувватларни ўзлаштириш даражаси пастлигича қолмоқда. «Лола бизнес», «Элбек файз мебель», «Оқдарё мармар Аҳмад Зоҳид», «Авазбек Оқдарё сервис», «Жаҳон Гулистон Шер», «Оқдарё тоза сут», «Гулрухсора Озода чевари», «Азиза дил ифори» сингари  корхоналарда маҳсулот ишлаб чиқариш тўхтаб қолган.

Туманда иқтисодий ночор, зарар кўриб ишлаётган, паст рентабелли ва кам қувватли корхоналарни молиявий соғ­ломлаштириш, улар негизида ишлаб чиқаришни ва иш ўринларини тиклашни жадаллаштириш дастурига мувофиқ иккита корхонага 250 миллион сўм миқдорида инвестиция киритилиб 70 та янги иш жойи барпо этилиши режаси ҳам тенг ярмига уддаланмади. Шунга қарамай, туманни 2011 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига бағишлаб чиқарилган маълумотларга назар соладиган бўлсангиз тантанавор рақамларга дуч келасиз. Саноатда ҳам, қурилиш-пудрат ишларида ҳам, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида ҳам фақат юксалишлар қайд этилган.

Ҳисобот ким учун ва нима мақсадда тайёрланганлиги-ю ва у ҳақиқий аҳволга қай даражада мос келиш-келмаслиги ҳақида ўйлаб қоласиз. Биргина мисол. Туманда электр таъминотидаги доимий узилишлар тадбиркорларнинг ҳам, аҳолининг ҳам ҳафсаласини пир қилган. Уйда чироқ ёнмайди, мактабда компьютер ишламайди, саноатчи корхонасига электр уланишини пойлаб дастгоҳнинг ёнида кунни кеч қилади. Туман ҳокимлигига ташриф буюрган кунимиз идора аппарати «селектор» йиғилишини ўтказиш мақсадида кўчма электр станциясини ўт олдириш билан овора эди. Сабаби, туман электр тармоқлари идорасининг дебиторлик қарзи 6 миллиард 539 мил­лион сўмга етган. Уни ўз вақтида тўлаш чоралари кўрилмаётгани вазиятни кун сайин мураккаблаштирмоқда. Шундай аҳволда туманда саноат корхоналари гувиллаб ишлаяпти, иқтисодий кўрсаткичлар салмоғи ортиб бораяпти, деб айтиш мумкинми?

Ана энди туман Бандликка кўмаклашиш марказининг касаначиликда яратилган иш ўринлари ҳақидаги ҳисоботига қайтсак. Маълумотда Янгиқўрғон пахта тозалаш заводида ўнлаб касаначи шартнома асосида қоп-қанор тикиш билан банд, деб кўрсатилган. Лекин пахта териш мавсуми аллақачон поёнига етган бўлса ҳам — уй чеварлари завод буюртмасини бажариш билан йил — ўн икки ой шуғулланишларига ишониш мумкинми? Ўки  ММТПлар қошида ғилдиракларни алмаштириш ва резина камераларини ямаш устахоналарини касаначилик рўйхатига «тиркаб» қўйиш кимга керак? Ахир бу устахоналар илгари ҳам ижара шартномаси асосида бинойидек фаолият юритаётган эди-ку. Лекин ҳокимликка, бандликка кўмаклашиш марказига янги ҳисобот керак! Шунинг учун эски ишга янги тўн кийдириш зарар қилмайди.

Туман ҳокимлигининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўлими бош мутахассиси Отабек Валиевнинг бизга берган маълумотига кўра, касб-ҳунар йўналишидаги 6 та коллежни 2011 йилда 2200 нафар ёш мутахассис битириб чиққан. Лекин корхона, коллеж ва битирувчи ўртасидаги уч томонлама шартномага асосан уларнинг 60 фоизи ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаштирилди. Қолганлари эса фермер хўжаликлари-ю, ММТПларга тақсимланган. Ана энди мулоҳаза юритиб кўринг: фермер хўжаликлари коллеж битирувчиларини «ишга жойлашди» деб ҳисобот юритиши учун энг қулай даргоҳми? Хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини ривожлантириш (туманда шу йўналишдаги коллежлар оз эмас) билан ким шуғулланади?

— Муаммонинг илдизи шундаки, коллеж битирувчиларини ишга жойлаштиришда ижтимоий эҳтиёж тўлиқ ўрганилмай қолаяпти, — дейди «Оқдарё овози» газетаси муҳаррири Йўлчибек Муҳаммадиев. — Шу тариқа коллежларда янги йўналишларни, янги амалиётхоналарини яратиш пайсалга солинаяпти. Ахир маҳалла марказига бир нафар мутахассисни ишга олиш имконияти бўла туриб беш нафар битирувчининг хожатини чиқариб бўлмайди-ку! Худди, шунингдек, коллеждан тўғри саноат корхонасига ишга юборилган мутахассис эртасигаёқ бўшаш ҳақида ариза ёзишга мажбур. Чунки саноат корхонаси турли сабабларга кўра тўхтаб қолган. Маъмурият битирувчига ойлик иш ҳақи, махсус кийим-кечак етказиб бериш қурбига эга эмас.

Дарвоқе, бу ҳолат аниқроғи Оқдарё туманида коллеж битирувчиларига янги иш жойларида зарур шароит яратиш, уларнинг корхонага келиб кетиши, овқатланиши, иш ҳақини ўз вақтида олиши билан боғлиқ масалалар ўз ечимини топмаганлиги Самарқанд вилоят ҳокимлигининг йил якунига бағишлаб ўтказилган йиғилишида ҳам қаттиқ танқид қилинган эди. Ва жорий йил февраль ойининг йигирманчи кунигача ҳудудий бандлик дас­турларида кўзда тутилган иш жойларига битирувчиларни жойлаштиришнинг исми-шарифлари аниқ кўрсатилган рўйхатини шакллантириш вазифаси топширилган эди. Бироқ муддат тугаб бораётганига қарамай, Оқдарёда Банд­ликка кўмаклашиш маркази ва ҳокимлик томонидан бу ишни поёнига етказиш пайсалга солинмоқда. Шу тариқа меҳнат бозорига 2012 йилда кириб келаётган 2200 нафар битирувчининг муайян қисми ижтимоий муаммо қаршисида яна ёлғизланиб қолиши эҳтимоли пайдо бўлмоқда.

Ана энди Оқдарё туман ҳокимлиги фаолиятига доир ҳисоботлар бошқарувда очиқликни таъминлашга хизмат қилаяптими, ижтимоий муаммоларни ўз вақтида аниқлаб уларга ечим топишга кўмаклашаяптими, деган саволга қайт­сак. Афсуски, ижро ҳокимияти фаолиятида ҳисобот шунчаки ҳисобот учун ёки жамоатчиликни тинчлантириш учун тузилаёт­ганига амин бўласиз. Сабаби ҳокимлик, унинг бўлим ва бош­қармалари фаолияти устидан жамоатчилик назорати сезилмайди. Зарур ваколатга эга бўлган депутатлик гуруҳларида ҳам талабчанлик етишмайди. Шундай бўлгач, саноат салоҳиятини ошириш ёки истиқболли лойиҳаларни ўзлаштириш режалари якунланган йил дастурларидан янги йил дастурларига кўчиб юраверади. Ахир туманда 23830 хонадонда 131,5 минг аҳоли истиқомат қилишини назарда тутадиган бўлсак, уларнинг ҳаётий эҳтиёжларини рўёбга чиқаришга ким кўмаклашади? Ким ишга жойлаштиради? Кимлар корхонани юргизишга ёрдам беради? Икки хил статистика ва икки хилдаги ёндашув билан ижтимоий муаммолар юкини енгиллаштириб бўлармикан?

Зоҳир ТЎраҚулов,

“Adolat” мухбири.

=======

Парламент назорати

 

Инсон ҳуқуқлари — энг олий қадрият

 

Муҳтарам Юртбошимизнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрда ўтказилган қўшма мажлисидаги «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси» мавзуидаги маърузасида давлат ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари, адлия органлари, шунингдек, мансабдор шахсларнинг ҳуқуқни қўллаш фаолияти устидан парламент назоратини кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган эди.

Таъкидлаш жоизки, давлат ва ҳокимият тузилмалари фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик ва парламент назоратини амалга оширишда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг жамиятимизда тутаётган роли тобора ошиб бормоқда. Фуқаролар мурожаатларининг йилдан-йилга кўпайиб бораётгани, улар муаммоларининг ижобий ҳал этилаётгани Омбудсманга ишонч ортаётганлигидан далолатдир.

Вакил ташкил этилганининг илк давриданоқ ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари, халқ­аро шартномалари ҳамда халқ­аро ҳуқуқнинг умум­эътироф этилган принциплари ва нормаларига асосланиб амалга ошириб келмоқда. Шу боис, Вакил томонидан Ўзбекистонда ҳу­қуқий-демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти барпо этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш йўлида эътиборга молик ишлар амалга оширилди.

Маълумки, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 1-моддасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари тўғрисидаги амалдаги қонун ҳужжатларига риоя этишлари устидан парламент назоратини таъминлаш ваколатлари берилган.

Шу боис, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили фаолиятида суд-ҳуқуқ тизими ислоҳоти ва уни либераллаштириш жараёнларида фаол иштирок этишга, шахсни қамоққа олиш ва ушлаб туриш учун санкция беришнинг таъсирчанлигини таъминлаш, ҳуқуқни қўллаш фаолияти устидан парламент назоратини кучайтириш мақсадида фуқароларнинг қонун устуворлиги, қонунийлик, шахснинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган мурожаатларини чуқур таҳлил қилиш йўли орқали фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Омбудсманнинг мамлакатда инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши ва қонуний  манфаатлари таъминланиши устидан мониторинг ўтказиш, инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантирган ҳолда ахборот-маърифий ишларни олиб бориш, фуқароларнинг мурожаатлари ва шикоятларини кўриб чиқиш ҳамда ўрганиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий қонун ҳужжатлари нормалари бузилишининг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича фаолиятининг самарали амалга оширилиши давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар мансабдор шахсларининг фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасидаги ҳамда ҳуқуқни қўллаш фаолияти устидан парламент назоратини кучайтиришга хизмат  қилмоқда. Бу эса Ўзбекис­тон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили фаолиятининг самарадорлигини оширишнинг янги механизмларини жорий этишга даъват этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг 2011 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботида келтирилишича, Омбудсманнинг ўтган йилдаги саъй-ҳаракатлари инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишига оид мониторингда иштирок этиш йўли билан инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ва ҳимоялаш соҳасида парламент­нинг назорат фаолияти юзасидан конференциялар, семинарлар ва бош­қа тадбирлар ўтказиш, шунинг­дек, мамлакатда инсон ҳуқуқларига риоя қилиш бўйича аҳвол ҳақида маълумот алмашишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмиталари билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга йўналтирилган.

Хусусан, 2008 йилдан буён Омбудсманнинг вилоятлардаги вакиллари амнистия актининг қўлланиши тартиб-таомиллари устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда фаол иштирок этиб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2011 йил 5 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўн тўққиз йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Қарорига мувофиқ амнистия актини қўллашда ошкоралик ва очиқликни таъминлаш, ҳуқуқ­бузарликларга йўл қўймаслик чора-тадбирлари назарда тутилган. Ана шу мақсадда таркибида сенаторлар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, Инсон ҳуқуқ­лари бўйича вакилнинг минтақавий вакиллари иштирок этадиган ишчи гуруҳлар ташкил этилган. Ишчи гуруҳларнинг аъзолари судларда амнистия актини қўллаш бўйича материалларни ўрганиш ва кўриб чиқишда иштирок этибгина қолмай, жиноий жазоларни ижро этиш муассасаларида маҳкумлар ва озод этилган шахслар билан суҳбатлашиш асносида уларнинг ҳуқуқлари қай даражада таъминланаётгани юзасидан мониторинглар ўтказганлар. Натижада соҳадаги жамоатчилик назорати институтини янада такомиллаштириш ва унинг самарадорлигини ошириш масалалари юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар билдирилган.

Сўнгги 3 йил мобайнида Омбуд­сман Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 17 апрелда қабул қилинган «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 8 июлда қабул қилинган «Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорининг ижро этилиши устидан парламент назоратини амалга оширишда бевосита иштирок этмоқда. Шу мақсадда Омбудс­ман ва унинг вилоятлардаги вакиллари Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика Идоралар­аро комиссияси ва унинг ҳудудий тузилмалари ишида фаол иштирок этмоқдалар.

Фуқароларнинг инсон ҳамда фуқаро ҳуқуқ ва эркинликларининг бузилиши тўғрисидаги шикоятлари ва мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда ушбу ҳуқуқ ва эркинликларни тиклаш чора-тадбирларини кўриш ҳам Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили фаолиятининг асосий йўналиши ҳисобланади.

Мазкур фаолият «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги ва «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ ташкил этилган. Бу иш асосан фуқароларнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Котибиятига почта орқали, Вакил ва Котибият ходимларининг шахсий қабулида, мамлакат минтақаларида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши бўйича ўтказилган мониторинг­лар давомида келиб тушган мурожаатларини кўриб чиқиш асосида олиб борилмоқда.

Бу эса бир томондан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг давлат ва ҳокимият тузилмалари устидан таъсирчан жамоатчилик ва парламент назоратининг кучайиб бораётгани, иккинчи томондан, фуқароларнинг ҳуқу­қий онги ва маданияти, билимлари ошиб бораётганини кўрсатади.

 «Инсон манфаатлари — энг олий қадрият!» шиори остида Ўзбекистон «Адолат» СДП ҳам ҳамма вақт ижти­моий адолат, қонун устуворлигига асосланган, барча фуқаролар қонун олдида тенг бўлган ва ўз конституциявий ҳуқуқ ҳамда эркинликларини бемалол амалга ошира оладиган ҳуқуқий демократик давлатни барпо этиш ғоясини илгари суради. Адолатлилик ғояси, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш эса партиядан сайланган ҳар бир депутатнинг фаолият мезонига айланган. Шу маънода Омбудсман институти билан партиямиз мақсадлари муштараклиги алоҳида эътиборга моликдир.

Илёс САХАТОВ,

“Adolat” мухбири.

 

 

Қонунчилик

Электрон тўлов ва электрон тижорат

уни ривожлантириш — давр талаби

alt

Бугунги кунда ахборот коммуникация технологиялари хизматлари жамиятимизнинг барча жабҳаларига шиддат билан  кириб келмоқда.

Ахборот технологияларини жорий қилиш туфайли иш юритиш маданиятининг электрон кўриниши шаклланмоқда, масофа қис­қармоқда, вақт тежалмоқда, ишимизда иқтисодий самара ошмоқда. Мамлакатимизда замонавий ахборот технологиялари асосида янги турдаги банк хизматларини кўрсатиш, электрон тижорат, элек­трон тўловлар тизими ва хўжалик юритувчи субъ­ектлар ўртасида ўзаро ҳисоб-китоблар самарадорлигини ошириш учун кенг шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.

Хўш, электрон тўлов ва тижорат тизимининг қандай афзалликлари бор? Унинг ёрдамида хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги тўлов операциялари тезкор бажарилади, буюртмачилар ва маҳсулот етказиб берувчилар ўртасидаги ҳамкорлик сифатли амалга оширилади. Қолаверса, тадбиркорларимиз замонавий ахборот технологиялари хизматларига эга бўлишиб, сайёрамизнинг исталган давлатидан ўзларига ҳамкорлар топиши, маҳсулот ва хизматларини жаҳон бозорига олиб чиқишлари учун янги уфқлар очилади.

Янги реалликларга мувофиқ қайта кўриб чиқилган ва янги таҳрирда қабул қилинган «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги Қонун банк тизимида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш учун ҳуқуқий асосдир.

Парламент томонидан “Электрон тўловлар тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши электрон тўловлар тизимини янги босқичга кўтарди. Бугунги кунга келиб тўловлар бир неча сонияларда амалга оширилмоқда. Электрон тўловлар тизими орқали бир кунда бир неча миллиард сўм миқдорида 35-40 минга яқин тўлов ҳужжатлари ўтмоқда.

“Электрон тижорат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуннинг қабул қилиниши мазкур соҳанинг миллий иқтисодиётда муносиб ўрин эгаллашига сабаб бўлди. Натижада мамлакатимизда ахборот коммуникация технологиялари юқори даражада рақамлаштирилди, Интернетга уланиш тезлиги мутассил равишда ўсиб борди ва улардан фойдаланиш учун қулай шароитлар яратилди. Зеро, хорижий мамлакатлар тажрибасидан маълумки, электрон тижоратнинг ривожланишига Интернетдан фойдаланувчилар сони аҳолининг 20-25 фоизини ташкил этганда эришиш мумкин.

Шу билан бир қаторда плас­тик карточкалар орқали ҳисоб-китоб қилишни жорий этиш нақд пулнинг банкдан ташқари муомаласини қисқартиришга, нақд пул эмиссиясини камайтиришга ва аҳоли қўлидаги бўш пул маблағларини иқтисодиётга жалб этишга имкон бермоқда. 

“Электрон тижоратни амалга оширишда тўловларни ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарорининг қабул қилиниши банк мижозларига масофадан туриб хизмат кўрсатишни ривожлантиришни ҳам кўзда тутади. Айниқса, мамлакатимизда уяли алоқа абонентларининг сони муттасил ошиши бунга асос бўлиб хизмат қилади, чунки телефон келажакда нафақат алоқа, балки тўлов воситаси вазифасини ҳам бажаради. Юртимизда мазкур йўналишда илк қадамлар қўйилди: “МТС-Ўзбекистон” уяли алоқа оператори ва “Кредит-Стандарт” банкининг қўшма лойиҳаси асосида «SMS-банкинг хизмати йўлга қўйилди. Бугунги кунда мамлакатимиз молия бозоридаги электрон тўлов тизимига молиявий муассасалар билан бир қаторда номолиявий муассасалар ҳам кириб келмоқда. Буларга “Pay Net”, “Fast Pay”, “Moblis”, “E-karmon” хизмат курсатиш муассаларини киритиш мумкин. Ушбу турдаги хизматларнинг қулайлиги шундаки, мижозлар коммунал хизматлари, мобиль алоқа ва Интернет хизматлари ҳамда уй-рўзғор молларини Интернетдан фойдаланган ҳолда сотиб олишлари мумкин.

Эътибор берайлик, электрон харидни амалга ошириш Давлат бюджети харажатларини 20-40 фоизга, тадбиркорлик субъектлари учун эса ишлаб чиқариш харажатлари ва маҳсулот таннархини 5-10 фоизга камайтириш имконини беради. Тежалган молиявий ресурслардан эса ишлаб чиқаришни кенг кўламли тараққий топтириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли турмуш тарзини янада яхшилаш мақсадида фойдаланиш имкони пайдо бўлади.

Муҳтарам Юртбошимиз Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясида замонавий рақамли ахборот технологияларини жорий этишни жадаллаштириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратган эдилар.

Замонавий ахборот коммуникация технологияларининг имкониятлари чексиз, у шиддат билан ривожланмоқда, уни жорий қилиш масаласи мамлакатимиз стратегик вазифасининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Бу Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг дастурий мақсад ва вазифаларига тўла мос келади ва парламентдаги партиямиз фракцияси қонунчилик фао­лиятида буни қўллаб-қувватлайди ҳамда уни такомиллаштирилиб боришида фаол иштирок этади. Чунки партиямиз дастурида замонавий телекоммуникация ва ахборот технологияларини жамиятнинг барча соҳаларига фаол жорий этиш, Интернент тармоғи ор­қали турли интерактив хизматларни кўрсатишни ривожлантириш кўзда тутилган. Шу нуқтаи назардан электрон тижорат ва электрон тўлов тўғрисидаги қонунчиликни янада такомиллаштиришда нафақат тадбиркорлик субъектларининг, балки аҳолининг барча қатламлари манфаатларини ҳам инобатга олиш лозим. Электрон тўлов тизими самарадорлигини оширишда ҳар бир оилани компьютерлаштиришни ривожлантириш, электрон тижоратни ривожлантириш борасида инновацион дастур ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш зарур.

Соҳа имкониятларини тобора кенгайтиришни даврнинг ўзи талаб этмоқда. Шунинг учун маҳаллий маҳсулотларнинг электрон кўргазмасини ташкил этиш, электрон тўлов тизимини такомиллаштириш мақсадида ахборот-тўлов терминаллари (инфо-киоскалар)ни жорий этиш, ахборот тизимларини яратиш ишларини жадаллаштириш бугунги куннинг устувор вазифаларидандир. Зотан, бу аҳолини замонавий қулайликлардан баҳраманд бўлиши ва глобал майдонда илғор давлатлардан бирига айланишининг муҳим омилларидан биридир. Шунинг учун тегишли ҳуқуқий механизмларни янада такомиллаштириш, қонунларнинг сўзсиз ижроси самарадорлигини ошириш долзарб вазифа, албатта.

Ўтган давр мобойнида мамлакат парламенти томонидан ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш, жамиятни ахборотлаштириш, шунингдек, Ўзбекистон банк тизимига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишни тартибга солувчи “Ахборотлаштириш тўғрисида”, “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги Қонунлар, ахборотнинг электрон шакли ривожига кенг йўл очиб берувчи “Электрон ҳужжат айланиши тўғрисида”ги, “Электрон тижорат тўғрисида”ги, “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги,  “Электрон тўловлар тўғрисида”ги, “Автоматлаштирилган банк тизимида ахборот ҳимояси тўғрисида”ги ҳамда “Ахборотлаштириш ва маълумотларни узатиш соҳасида содир этилган қонунга хилоф ҳаракатлар учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги  Қонунлар ҳамда Президентимизнинг соҳага оид бир қатор фармон ва қарорлари бу борадаги ислоҳотлар самарасини оширишнинг пойдевори бўлиб келмоқда.

Мухтасар айтганда, соҳа қонунчилигини такомиллаштириш асносида замонавий ахборот коммуникация технологиялари жамиятнинг барча соҳаларига фаол жорий этилади, Интернет тармоғи орқали турли интерактив хизматларни кўрсатиш ривожланади. Бу эса аҳолининг барча қатламлари манфаатларига ҳамоҳанг­дир.

Раъно ГАИМОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси.

========

Партиялараро мунозара

 

Сиёсий платформага содиқлик ҳар қандай партияга обрў ва муваффақият келтиради, холос

 

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар даврида кўппартиявийлик тизимини янада мустаҳкамлаш, фикрлар хилма-хиллигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Конституциямизнинг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши сиё­сий партиялар ва уларнинг парламентдаги фракциялари зиммасига жиддий масъулият юклаб, депутатлар ташаббускорлигини кучайтиришни талаб этмоқда. Сиёсий майдонда юзага келган янги талаблар, сиёсий партиялар учун берилган ваколатлар эса уларнинг ўз электорати манфаатини изчил ҳимоя қилиш учун имкониятлар яратиш баробарида партиялараро рақобатнинг янги босқичга кўтарилишини тақозо этаётир. Негаки, улар ўртасидаги соғлом рақобат сиёсий тизимнинг янада ҳаракатчанлигини таъминлайди.

Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон “Адолат” СДП жамиятда кўппартиявийлик мустаҳкамланиши ҳамда ғоялараро соғлом рақобат бўлишининг тарафдоридир. Бундай соғлом рақобат шубҳасиз, мамлакат тараққиётига, фуқаролар сиёсий ва ҳуқуқий маданиятининг янада ошишига хизмат қилади. Энг муҳими, сиёсий партияларнинг саъй-ҳаракатларида иш ва сўз бирлиги, дастурда белгиланган вазифаларнинг амалий натижаларига эришилади. Зеро, бу ҳол мамлакатимиз тараққиёти ва аҳоли фаровонлигини  таъминлашга, демакки, барчамизнинг манфаатимизга хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан бизнинг партия рақобатчи сиёсий партиялар томонидан мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича илгари сурилаётган таклиф ва ташаббусларни, бу борадаги амалий ютуқларни эътироф этган ҳолда, рақобатчи партиялар илгари сураётган ташаббуслар уларнинг дастурий мақсадларига нечоғли мувофиқ эканлигига ҳам ўз муносабатини билдирмоқда. 

Хусусан, газетамизнинг 2012 йил 10 фераль сонида чоп этилган “Бугунги сайловчи кечаги сайловчи эмас“ сарлавҳали мақолада ЎзХДПнинг ўз дастурий ғояларини амалга оширишда сўз ва иш бирлиги етишмаётганлиги, ХДПчилар рақиб партиянинг, аниқроқ айтадиган бўлсак, мамлакатимизда фаолият юритаётган либерал демократик партиянинг платформасига ўтиб олиб, Ҳукуматимиз ташаббуси билан тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун амалга оширилаётган ишларни ўзиники қилиб кўрсатишга ва шу орқали сайловчиларни чалғитишга яна бир бор уринаётганлиги, унинг мамлакат сиёсий кучларининг сўл қаноти, мухолиф партия сифатидаги мус­тақил позицияси мутлақо кўзга ташланмаётгани баён қилинган эди, холос. Бироқ ХДПчилар бизнинг мулоҳазаларимизни нотўғри тушунган шекилли, “Ўзбекистон овози” газетасининг 2012 йил 14 февраль сонида чоп этилган “Эскича қараш ва нохолис ёндашув”  номли мақолада “Адолат” СДПни масалага яна эскича қарашда айблаб, “бизнинг электоратга O`zLiDeP ёрдам берсин, деб қўл қовуштириб ўтиришимиз керакми?” қабилидаги саволни ўртага ташлайди. Албатта, биз ҳам ХДПнинг иқтисодиётда банд бўлмаган меҳнатга лаёқатли аҳоли, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келаётган кишилар, кам таъминланган оилалар, имкониятлари чекланган одамларнинг ижтимоий ҳимоясига бел боғлаганини қўллаб-қувватлаймиз. Зеро, дунёдаги сўл қанот партияларнинг барчаси ана шу қатлам манфаатини ҳимоя қилиб келган... 

Бироқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан ўтказилаётган тадбирларда ХДПнинг айрим вакиллари хам иштирок этиши, бу тадбирларда ижтимоий ҳимояга муҳтожлар ва ногиронлардан кўра кўпроқ тижорат банклари ходимлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни йўлга қўйган ва қўймоқчи бўлган тадбиркорларнинг қатнашаётгани ХДПнинг ғоявий мақсадларидан оғаётганлигини кўрсатди холос. Чунки ХДПсиз ҳам Марказий банк томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига ажратилаётган кредит маблағларининг ҳажми йилдан-йилга ортиб бораётганлиги, мазкур соҳа давлат ва ҳукуматимизнинг доимий диққат марказида эканлиги сир эмас-ку. Бу ҳам  майли. ХДП ўз дастурида аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги вазифаларини белгилаш чоғида “Иш билан банд бўлмаган аҳолини фақат тадбиркорликка тортиш йўли билан бу масалани ҳал қилиш мумкинми?” деган савол қўйганлиги ва уни инкор этган ҳолда ўз позициясини эълон қилганлиги нима-ю, бугун ўз позицияси қолиб,  ўз нашри саҳифаларида тадбиркорликни ривожлантириш, улар манфаатини ҳимоялаш юзасидан билдираётган фикрлари нима?

Ваҳоланки, ХДП ўз дастурида электорати манфаатларини кўзлаб давлат томонидан ижтимоий йўналтирилган сиёсатнинг изчил юритилишига эришиш учун ҳаракат қилишини, сайлов кампаниялари даврида ишсизлик, ижтимоий адолатсизлик ва қашшоқлик билан ҳеч ҳам келишолмайдиган барча эзгу ниятли кишилар уни қўллаб-қувватлашларига умид боғлашини ҳам баён қилган. Демак, ХДП дастурий ғоясидан келиб чиққан ҳолда давлат томонидан аҳолининг ижтимоий муҳофазасига оид кучли сиё­сат юргизилиши тарафдори экан, айни пайтда асосий урғуни ишсизликни бартараф этишда кучли ижтимоий сиёсат давлат томонидан амалга оширилишини қўллаб-қувватлаши лозим эмас-ми? Партия дастурида таъкидланганидек, ишсизликнинг бўлмаслиги партия манфаатига мос экан, уни таъминлаш учун ХДП қандай амалий ишларга қўл урди?  ўалабанинг эгаси кўп бўлади, деганларидек, Юртбошимиз Ислом Каримов ташаббуслари ва раҳбарлиги остида ҳукуматимиз томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, эзгу ишлар партия ҳисоботлари учун ўзлаштирилмоқдами? Зеро Президентимиз 2011 йилнинг асосий якунлари ва 2012 йилда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида биргина Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили мобайнида ҳудудий бандлик дастурларининг амалга оширилиши натижасида яратилган 1 миллионга яқин иш ўрнининг 68 фоиздан кўпроғи қишлоқ жойларда ташкил этилганлигини, бу борадаги кўрсаткич 2012 йилда Олий Мажлис томонидан маъ­қулланган иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурига асосан 967 мингни ташкил этишини, уларнинг қарийб 600 мингги қишлоқ жойларда яратилишини алоҳида таъкидлаб ўтдилар...  

Кимни ўз сайловчилари деб ҳисоблаш ҳар бир партиянинг ўз иши, албатта. Аммо бизни бир савол ўйлантиради. ХДП вакиллари сиёсий платформанинг гоҳ у томонига, гоҳ бу томонига оғиш билан сайловчиларни чалғитиб қўймаяптиларми? Ахир, ҳар қандай партиянинг ўз ғоя ва маслакларига содиқлиги, танлаб олган сиёсий платформасидан чекинмаслиги унга фақат ва фақат обрў ва муваффақият келтирмайдими?

Нурбек АБДУХАЛИЛОВ.

========

 

Сўз конференция иштирокчиларига

 

Ўзбекистон ёшларига  ҳавас қилса арзийди

 

“Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш — мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг муҳим шарти” мавзуидаги халқаро конференция иштирокчилари 16 февраль куни пойтахтимиздаги умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, олий таълим муассасаларига ташриф буюриб, таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самаралари билан яқиндан танишдилар. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги — ЎзА мухбирлари уларнинг таассуротлари билан қизиқди. 

Кис ЛАДАЖ, «Фонтис» университети профессори, «Intertwine Consultancy» нодавлат ташкилоти раҳбари (Нидерландия):

— Ҳар бир давлатнинг куч-қудрати, иқтисодий ва маънавий салоҳия­ти, жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи кўп жиҳатдан замонавий кадрларга боғлиқ. Ўзбекистонда ёш авлодни юксак маънавиятли, бой билим ва тафаккур соҳиблари этиб тарбиялаш масаласи давлатингиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгилангани узоқни кўзлаб юритилаётган оқилона сиёсатнинг самараларидандир.

Халқаро анжуман доирасида мамлакатингизнинг қатор таълим масканларида, жумладан, пойтахтингиздаги 50-умумтаълим мактаби, Тошкент автомобиль ва йўллар касб-ҳунар коллежи ўқувчилари, Тошкентдаги Турин политехника университети талабалари, профессор-ўқитувчилар билан суҳбатлашиш, улар учун яратилган қулайликлар билан танишиш имкониятига эга бўлдим. Ўзбекистонда илм-фан ва таълимни ривожлантиришга давлат томонидан катта эътибор қаратилаётир ва бу борада ҳавас қилса арзигулик самараларга эришилаётир. Ўзбекистонда жаҳондаги етакчи олий таълим даргоҳларининг филиаллари фаолият кўрсатаётгани соҳада эришилаётган ютуқ ва натижалардан, таълим тизимида халқаро ҳамкорлик тобора кенгайиб бораётганидан далолатдир. 

Ўзбекистон академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган, замонавий касб-ҳунар сирларини ўрганаётган, икки-уч тилда бемалол гаплаша оладиган минг-минглаб ўқувчилари, катта ҳаётга кириб келаётган, ўз истеъдоди ва салоҳиятини ёрқин намоён этаётган ёш кадрлари билан ҳар қанча фахрланса арзийди.

Мамлакатингиз билан фан-таълим соҳасида қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ниятидамиз. Ўзаро маслаҳатлашиш ва тажриба алмашиш икки томонлама алоқаларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилади. 

Маурицио ЧАМПИ, Санта Чечилия консерваторияси ректори (Италия):

— Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат академик катта театри билан бир неча йилдан буён фаол ҳамкорлик қилиб келяпмиз. Ўзбекистонда ўтказилган кўплаб йирик концертларда мунтазам иштирок этаман. Хусусан, 2011 йили «Туркистон» саройида ўтказилган «Тошкент баҳори» иккинчи халқаро опера санъати фестивали бизда жуда катта таассурот қолдирди.

«Юксак билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш — мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг муҳим шарти» мавзуидаги халқаро конференция доирасида Тошкент геодезия ва картография касб-ҳунар коллежи, 1-республика тиббиёт коллежи, Ўзбекистон Миллий университетида бўлдим. Мамлакатингиз таълим тизимининг нафақат санъат, балки бошқа йўналишларида ҳам амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бераётган юксак самаралар билан бевосита танишиш, талаба-ёшлар билан суҳбатлашиш имконига эга бўлдим. Уларнинг илмга чанқоқлиги, интилувчанлиги, айниқса, танлаган касбининг қандай соҳага йўналтирилганидан қатъи назар, чет тилларини қунт билан ўрганиши, 4-5 тилда эркин сўзлаша олиши менда ҳавас уйғотди.

Дайен Юри АДАЧИ хоним, Вашингтон университети вице-президентининг ўринбосари (АҚШ):

— Ўзбекистонга биринчи келишим. Халқаро анжуман доирасида мамлакатингиздаги бир қатор умумтаълим мактаблари, коллеж ва лицейлар, олий ўқув юртларида бўлиб, таълим тизимида амалга оширилаётган кенг кўламдаги ишлар билан танишдик. Улардаги ресурс марказлари, электрон кутубхоналар, аудиториялар, илмий-маърифий тадбирлар учун мўлжалланган заллар, замонавий спорт майдончалари халқаро талаблар даражасида бунёд этилгани ва жиҳозлангани эътиборимизни тортди. Ўзбекистон ёшларига астойдил ҳавасим келди. 

Ширинсухан ўзбек халқининг меҳмоннавозлиги, меҳр-оқибатли ва инсонпарварлиги менда, айниқса, катта таассурот қолдирди. Мамлакатларимиз ўртасида таълим соҳасида ўрнатилган ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ҳар икки томон учун ҳам фойдали, деб ўйлайман.

Жун Ку ЛИ, «Daegu Haany» университети президенти (Жанубий Корея):

— Конференцияда Жанубий Корея таълим тизими, хусусан, «Daegu Haany» университети фаолиятига бағишланган маърузамни тақдим этиш ниятидаман. 1979 йили ташкил этилган университетимиз шарқ табобатида фойдаланиладиган биотехнологияларни ўрганишга ихтисослашган. Мақсадимиз мамлакатларимиз ўртасида таълим соҳасидаги ўхшаш ва фарқли жиҳатларни чуқурроқ ўрганиш, соҳада тажриба алмашиш, шунингдек, ўзаро талабалар алмашинувини йўлга қўйишдир.

Ўзбекистон таълим муассасалари фаолияти билан яқиндан танишиб, мамлакатингиз олий ўқув юртларини тугатаётган талабалар халқаро талаблар ва андозаларга жавоб бера оладиган етук мутахассислар бўлиб етишишига тўла амин бўлдим. Ўзбекистон ёшларининг ўз билимини мустаҳкамлаши, бўш вақтини фойдали ва мазмунли ўтказиши учун яратилган қулай шароит ва имкониятларни кўпгина ривожланган мамлакатларда ҳам учратиш қийин. Замонавий билим олиш учун барча зарур шарт-шароитга эга, интилувчан ва изланувчан Ўзбекистон ёшларига ҳар жиҳатдан ҳавас қилса арзийди.

ЎзА мухбирлари     

Нодира МАНЗУРОВА,

Мадина УМАРОВА

ёзиб олди.           

 

 

Таълим

ЎзМУ — авлодларнинг зиё маскани

alt

Ўзбек зиёлилари азалдан илм-фанни ривожлантириш масаласига жиддий эътибор қаратган. Ёш авлоднинг билим олиши, юксак интеллектуал салоҳият эгалари бўлиши учун барча шароитларни яратишга интилган. Хусусан, 1918 йилда Тошкентнинг эски шаҳар қисмида Мунавварқори Абдурашидхонов, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний сингари маърифатпарварлар ташаббуси билан миллий дорилфунун ташкил қилинган. Ўзбекистон Миллий университети дастлаб, яъни 1918 йилдан Халқ университети деган ном билан фаолият кўрсатган. 1920 йилдан Туркистон давлат университети, 1923 йилдан эса Ўрта Осиё давлат университети, 1960 йилдан 2000 йилгача Тошкент давлат университети деб юритилган. 1995 йил 14 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Қарори билан Тошкент давлат университетига Мирзо Улуғбек номи берилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2000 йил 28 январдаги Фармони билан унга Ўзбекистон Миллий университети мақоми берилиб, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети деб номланди.

Университетда мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида муҳим аҳамият касб этувчи янги таълим йўналишлари, мутахассисликлари ва фаннинг устувор соҳалари белгилаб олинди. Жумладан, кейинги йилларда бу ерда «Санъатшунослик», «Миллий истиқлол ғояси, «Ҳуқуқ ва маънавият асослари», «Ихтиология», «Хитой тили», «Ижти­моий иш» каби янги йўналишлар очилди.

Истиқлол йилларида университет турли соҳалар бўйича 40 минг нафардан ортиқ мутахассислар тайёрлаб, мамлакатимизнинг илм-фан, иқтисодиёт, маданият ва бошқа соҳаларини кадрлар билан таъминлаш ишига ўз ҳиссасини қўшди. Ҳозир унинг қошида 83 кафедра, Олий педагогика инс­титути, Амалий физика илмий тадқиқот институти, Олий журналистика курси, тайёрлов бўлими ва 3 та академик лицей фаолият кўрсатмоқда. Уларда 1180 нафар профессор-ўқитувчи фаолият юритиб, буларнинг 21 нафари академик, 200 нафарга яқини фан доктори-профессорлар, 550 нафарга яқини фан номзоди-доцентлар, 400 нафардан ортиғи катта ўқитувчи ҳамда ўқитувчи-ассистентлардан иборат.

alt

Ҳозирги кунда университетда жами 10000 нафарга яқин талабалар ва магистрлар таълим олмоқда. «Ўзбекистон Миллий университети» ва «Журналист» ўқув газеталари, «ЎзМУ хабарлари» илмий журнали нашр қилинади. Интернет тизимида www.nuu.uz web сайти, нашриёт, босмахона, Ахборот хизмати, «Журналистика масалалари» телерадиостудияси ва фотостудия фаолият кўрсатмоқда.

Университетда халқаро талабларга мос фундаментал тад­қиқотлар олиб бориш, хорижий мамлакатлардаги нуфузли фан ва таълим марказлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида кўпгина ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ўтган йиллар давомида Япония, Австрия, Греция, Хитой, Польша, Жанубий Корея, Германия, Чехия, Россия, Украина, Озарбайжон, Туркия, Исроил, Англия, Малайзия, Швеция, Ҳиндистон, Италия, Қозоғистон каби мамлакатлардаги илмий марказлар ва олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик шартномалари имзоланди. 1995-2010 йиллар давомида халқаро грантлар доирасида 100 га яқин профессор-ўқитувчилар хориждаги нуфузли илмий марказлар ва университетларда малака ошириб қайт­дилар.

Мухтасар айтганда мустақиллик даврида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида талабалар интеллектуал салоҳиятини ошириш, етук мутахассислар тайёрлаш борасида улкан натижаларга эришилди ва эришилмоқда.

Воҳиджон ТОПИЛДИЕВ,

Ўзбекистон Миллий

университети ўқув-услубий

бўлими бошлиғи, 

юридик фанлари номзоди, доцент.

========

 

Марказ

Архитектура ва қурилиш маркази очилади

 

Тошкент архитектура ва қурилиш институти қошида Ўзбекистон — Германия архитектура ва қурилиш маркази очилади. У ерда «Бинолар ва иншоотлар, шаҳарлар, тарихий ёдгорликларни сақлаш» мутахассислиги бўйича магистрлар тайёрланади, дейилади Германия элчихонасининг матбуот хизмати берган хабарда. 

Марказнинг асосий мақсади Ўзбекистонда бинолар, иншоотларни, ёдгорликларни асраш, шаҳар ва минтақавий қурилишларни лойиҳалаштириш, техник инфрақурилмаларни ривожлантириш, архитектура-қурилиш профилидаги бинолар менежменти соҳаларида юқори малакали мутахассисларни тайёрлашдан иборатдир. Таълим  2012-2013 ўқув йилида бошланиб, лойиҳалаштиришнинг европача технология ва усулларини ўзбек миллий технология ва усуллари билан бирга ўрганишни ўз ичига олади. Магис­тратурада ўқиш икки йил давом этиб, битирувчиларга Потсдам ихтисослашган институтининг магистрлик дипломи берилади. Таълим Тошкент архитектура ва қурилиш институтида Германия олий таълим муассасалари ўқитувчилари томонидан немис тилида олиб борилади. Талабалар иккинчи ярим йилликда Германияда таҳсил олишади. 

Ушбу лойиҳа «Folks­vagen» Германия фонди молиявий ҳамкорлигида, шунингдек, Ўзбекис­тондаги икки йирик архитектура инс­титутлари — Тошкент архитектура ва қурилиш институти ва Самар­қанд давлат архитектура ва қурилиш институти ҳамда Германиянинг Бамберг Отто-Фридрих университети, Дрезден техника университети, Потс­дам ихтисослашган институти ва  “Bauxaus” Веймар университети иштирокида амалга оширилмоқда. 

=========

 

Анъана

Россия таълим ҳафталиги Ўзбекистонда

Шу кунларда мамлакатимизда Россия олий таълим муассасалари вакиллари иштирокида III Россия таълими ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. Анъанага кўра, унда Россиянинг етакчи олий ўқув юртлари вакиллари қатнашаётир.

Бу сафар Марий давлат техника университети, Иркутск давлат техника университети, Жанубий Россия давлат иқтисодиёт ва сервис университети, Шимолий (Арктик) Федерал университети ва Олтой давлат техника университети вакиллари  мамлакатимизда меҳмон бўлишди.

Россия таълим ҳафталиги Ўзбекистон ва Россия олий таълим муассасалари вакиллари  ўртасида техника соҳасида етук, профессионал кадрларни тайёрлаш юзасидан ҳар томонлама фикр алмашишга ҳамда икки мамлакат олий ўқув юртлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилади. 18 февраль куни ўз якунига етадиган ҳафталик Тошкентдаги Россия Фан ва маданият марказида кўр­газма, пойтахтимиз ва Самарқанд таълим муассасаларида Россия олий ўқув юртларининг тақдимоти, коллеж ва лицейларнинг профессор-ўқитувчилари билан учрашувлар ҳамда рус тили ўқитувчилари учун семинарлар ташкил этилиши кўзда тутилган. 

Ирода ҚОСИМОВА.

=======

 

Адлия муассасалари

Нотариат соҳаси такомиллашмоқда

alt

Ўзбекистон Республикасида  кучли ижтимоий ҳимояга асосланган бозор иқтисодиётининг жорий қилиниши турли хил шаклдаги мол-мулкларнинг эркин муомаласи ва турли хил субъектларнинг фуқаролик ҳуқуқий муносабатларда тенг ҳуқуқли иштирокини таъминлаш учун зарур шароит яратди.

Эркин рақобатга асосланган бозор иқтисодиёти шароитида субъектлар ўртасидаги фуқаролик-ҳуқуқий низоларнинг олдини олишнинг муҳим шарти — бу улар ўртасидаги нормал муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликни мунтазам равишда такомиллашиб боришидан иборатдир.

Бу борада нотариат институтини такомиллаштириб бориш муҳим аҳамиятга эга. Чунки, айнан нотариат институти фуқаролик ҳуқуқий муносабат иштирокчилари ўртасида келажакда келиб чиқиши мумкин бўлган низоларнинг олдини олиш масаласида улар ўртасидаги нормал муносабатларнинг қонун доирасида бўлишини таъминлаб, бундай муносабатларни эътиборга олиб (фиксация қилиб) боради.

1996 йил 26 декабрдаги Ўзбекистон Республикасининг “Нотариат тўғрисида”ги қонунига кўра  республика ҳудудида  нотариал ҳаракатларни  давлат нотариал идораларининг нотариуслари билан бир қаторда хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар амалга оширар эди. Кейинги пайтларда бундай тизим ўзини оқлай олмаётганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 5 майдаги «Ўзбекистон Республикасида нота­риат инс­титутини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисида»ги Фармонига асосан хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг фао­лияти тугатилди.

Бундан ташқари, 2010 йил 14 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг «Адлия  органлари ва муассасалари фао­лияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни қабул қилиниб, эндиликда фуқаролар йиғинлари раисларининг айрим нотариал ҳаракатларни амалга оширишга доир ваколатлари кескин қисқартирилиб, уларга фақатгина қонунда белгиланган  ҳолларда хат-хабарни, шу жумладан, пул ва жўнатмани олиш учун, муаллифлар ва ихтирочиларнинг ҳақларини, пенсиялар, нафақалар ва стипендияларни, шунингдек, банклардан суммаларни олиш учун ишончномаларни белгиланган тартибда тасдиқлаш ваколати қолдирилди.

Шунингдек, юқоридаги қонунга кўра, белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомалага лаёқати чекланган деб топилган шахс­лар, қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар, ўз касби фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этганлиги учун нотариус, адвокат, терговчи, прокурор, судья ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бошқа ходими сифатидаги ваколати белгиланган тартибда тугатилган шахслар нотариус бўла олмаслиги тўғрисидаги норма мустаҳкамланди.

Эндиликда нотариусликка номзод бўлган шахсга нисбатан ёш цензи 25 этиб белгиланди. Бундан ташқари, олдинги тартибдан фарқли ўлароқ, нота­риусликка номзод шахс юридик мутахассислик бўйича камида 3 йил муддатли иш стажига эга бўлиши лозимлиги белгиланди. Нотариус стажёри учун стажировка муддати 1 йилдан 2 йил муддатга узайтирилди.

Бундан ташқари, эндиликда нотариуслик лавозими учун талабгорлар ўртасида танлов ўтказиш ваколати ҳудудий адлия бошқармаларидан олиниб, таркиби 11 кишидан иборат Ўзбекистон Республикаси Конс­титуциявий судининг, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг судьялари, нотариуслар ҳамда адлия органларининг бошқа ходим­лари, адвокатура вакилларидан ташкил топган Олий малака комиссиясига берилди.

Буларнинг барчаси фуқаролик ҳуқуқий муносабат иштирокчилари ўртасидаги фуқаровий-ҳуқуқий низоларнинг олдини олиш ва улар ўртасидаги нормал муносабатларни ижобий қарор топтиришга кўмаклашувчи ҳамда бундай муносабатларни фиксация қилишни етарлича тажриб ва малакага эга бўлмаган шахсларга юклаш мумкин эмаслигидан далолат беради ва бундай ислоҳотлар нотариал фаолият билан тегишли тажрибага эга бўлган етук профессионал нотариуслар шуғулланиши учун шарт-шароит яратиб беради.

Шунингдек, юқоридаги қонунга эндиликда нотариуснинг касбий мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилиш, шу жумладан, нотариусга нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни тақдим этмаслик — энг кам иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши тўғрисидаги тартиб жорий қилинди. Бу нотариуснинг мустақиллигини ошириш билан бирга қатор нормал муносабатларнинг ижобий қарор топишига ҳам хизмат қилади.

Мазкур қонун билан нотариат соҳасида яна бир муҳим янгилик нотариуснинг Ўзбе­кистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Олий малака комиссиясининг мажлисида «Нотариус вазифасини ҳалол ва виждонан бажаришга, Ўзбекис­тон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга тантанали қасамёд қиламан» мазмунида қасамёд қилиши лозимлиги белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2010 йил 28 декабрда қабул қилинган 318-сонли қарор ҳам нотариат соҳасидаги муҳим ислоҳотлардан бири бўлди. Чунки, бунда нотариус томонидан ўз касб мажбуриятларининг бузилиши оқибатида етказилган зарарни қоплаш тартиби аниқ-равшан белгилаб берилди. Бу эса нотариуснинг ўз касб мажбуриятига янада масъулият  билан ёндашишига ундайди.

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, нотариат соҳасидаги бундай ўзгаришлар республикада амалга оширилаётган барча ислоҳотлар қатори халқимиз турмуш тарзини яхшилашга, юртимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.

Фавзия Мустафаева,

Бухоро шаҳар 3-сон ДНИ

катта нотариуси.

======

Бўз ерларда...

ҳайратбахш узумзорлар

 

Олтиариқ. Биргина сўз. Уни эшитишингиз биланоқ кўз ўнгингизда марварид водий — Фарғонамизнинг дурдона гўшаси гавдаланади, ёруғ дунёнинг жаннати ҳақида гап бораётгандек вужудингиз қу­лоққа айланади. Бошқача бўлиши мумкинми? Асло! Чунки Олтиариқ номи республикамиздагина эмас, таъбир жоиз бўлса, узоқ хорижда ҳам кўпчиликка маълум ва машҳурдир. Бу маш­ҳурликни боиси нимада?

Бу саволга ҳеч иккиланмай: олтиариқликларнинг меҳнаткашлиги, миришкорлиги, тадбиркорлигида, — деб жавоб бериш мумкин. ­Олтиариқликлар собиқ шўро давлатининг барча республикалари бозорларини бодрингу туруплари билан тўлдиришгани бор гап — ҳақиқат! Ўзбекистонимиз давлат мус­тақиллигига эришгач, олтиариқлик соҳибкорлар ҳам жаҳон бозорини сархил мевалари, тиллога тенг узумлари билан тўлдира бошлашди.

Яқинда Олтиариқ шаҳри биқинидаги Жўрак қишлоғида юзларида нур балқиб турган — қуёшюз отахон билан танишиб қолдик. Бизга у кишини Олтиариқ тумани маънавият тарғибот маркази раҳбари Ваҳобжон Азимов таништираркан, шундай дедилар:

— Бу акамиз Тожиали ака Тожидавлатов бўладилар. Кўп йил катта Фарғона каналида мироблик қилганлар. Ҳозир ёшлари 78 да. 52 йилдан буён жисмоний меҳнат билан фаол шуғулланадилар. Ўз ташаббуслари ва ўз кучлари билан қаровсиз ётган бўз ернинг салкам ярим гектарини ўзлаштириб, мана шундай ажойиб боғ яратганлар. Бу боғда камида 200 минг туп мевали ва манзарали дарахт бор. Тожиали ака меҳнаткашгина эмас, миришкор узумчи ҳамдир. Саховатли ва мурувватли, қалби дарё инсон эрурлар. Шундай кишилар туфайли Олтиариқнинг довруғи тобора ортиб бормоқда. Қўшни боғнинг эгаси Юнус­али ака Абдуҳошимов ҳам Тожиали ҳожи аканинг маслаҳатлари билан бўз ердан ўттиз сотих ўзлаштириб, боғ ва узумзор яратишган.

Ҳар икки узумзорда ҳосил мўллигидан кўзларингиз қувнаб, дилингиз яйрайди. «Хоним бармоғи», «Оқ калта хусайни», «Ризамат ота», «Қора кишмиш», «Киндик»... Булар узум турлари, боғлар бол тўпламоқда. Илоё, баракасини берсин!

— Шуни таъкидлаш жоизки, бўз ерларда ажойиб боғ-роғлар яратган Тожиали ака ҳам, Юнусали ака ҳам ўқувчи ёшларни она заминга меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялашдек муҳим ишга катта ҳисса қўшиб келмоқдалар, — деди Ваҳобжон ака. — Эл ҳурмат-эътиборига сазовор бўлаётган бу соҳибкорлар Олтиариқ туманидаги барча касб-ҳунар коллежлари ва кўплаб мактабларнинг ўқувчилари билан учрашувларда қатнашиб, ёшликнинг, мустақиллик берган имкониятларнинг қадрига етиш, ҳар қарич ердан мақсадли фойдаланиш зарурлиги ҳақида сўзлаётирлар.

Ҳ.АЛИЕВ.

========

Қиш фасли — иш фасли

 

Асл деҳқон тили билан айтганда шу кунларда қантар оғди. Энди ерда қор турмайди. Негаки, она ер қаъридан кўтариладиган тафт заминни қоплаган қор кўрпасини «титади». Қуёш бироз қиздирса бас, кузакда палахса-палахса қилиб шудгор қилинган майдонлардан ҳовур кўтарилади. Демак, ер билан тиллашадиган омилкор деҳқон учун масъулиятли дамлар бошланди. Эртанги куним деб ҳаракат қиладиган инсон борки, ҳовлисида бир парча ери бўлса мўъжазгина иссиқхона қилиб, эрта баҳорда етиладиган сабзавот кўчатини ўтказиш илинжида. Тажрибаю меҳнат самара берса — рўзғор ҳам, бозор ҳам обод. Дарҳақиқат, бугуннинг ҳаракати, эртанинг барокати дейишади, ёши улуғлар. Бугун тақдирини ер билан боғлаган миришкор борки, дала бошидаги ариқларни қазиб, сув йўлларини тозалашмоқда. Айни кунларда хоразмлик ирригаторлар ҳам кузги-қишки мавсум тадбирларини якунига етказишмоқда.

— Деҳқончиликда юқори натижаларга эришиш каналу ариқларимизда обиҳаётнинг сероблиги ва равон оқишига боғлиқ, — дейди Қуйи Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Қаҳрамон Ортиқов. — Она ернинг қон томирлари бўлган канал ва ариқлар ўз вақтида лойқаю қамишпоялардан тозаланса, сув шар­қираб оқади. Ана шунда бободеҳқон ҳам даласига сув ҳайдаб боришида машаққат чекмайди. Миллионлаб гектар майдонларда парвариш қилинадиган экинларимиз баравж ўсиб, меҳнатимизга яраша ҳосил беради. Дастурхонларимиз тўкин, турмушимиз фаровон бўлиши бугунги ҳаракатларимизга боғлиқ. Вилоятимиз ирригаторлари ҳам айни кунларда ана шу мақсадларни амалга ошириш учун белни маҳкам боғлаб меҳнат қилишмоқда.

Ҳа, айни кезларда вилоятнинг ирригация тизимларида меҳнат қилаётган раҳбару мутахассислардан тортиб, эксковаторларгача 2011-2012 йилларнинг кузги-қишки мавсуми давомида бажарилиши керак бўлган режалардаги юмушларни ниҳоясига етказиш билан банд. Жумладан, 588,8 километр узунликдаги хўжаликлар­аро каналларни лойқадан тозалаш, улардаги 88 дона гидроиншоотлар ва 77 дона гидропостларни таъмирлаш ишлари якунига етказилмоқда. Ушбу тадбирларни Қуйи Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси тасарруфида бўлган вилоятдаги 4 та ирригация тизимлари бошқармалари ва сув хўжалигида пудрат ишларини бошқарувчи давлат унитар корхоналари амалга оширмоқда. Улар орасида, айниқса, «Қорамази-қиличбой» ирригация тизимлари бошқармаси ҳамда «Тошсоқа» ирригация тизимлари бошқармаси мутахассис ва хизматчилари етакчилик қилишмоқда.

Меҳнатни қадрлаш ва ишчи-ходимларни рағбатлантириш ҳамиша юқори натижаларга эришишда муҳим омил бўлиб келган. Вилоятда ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси тизимига қарашли иншоотлар атрофидаги ерларга ишлов берилиб, кўплаб мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирилмоқда. Паррандачилик ва чорвачиликни ривожлантиришга ҳам алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Буларнинг барчаси тизимда меҳнат қилаётган ишчи-хизматчиларнинг ижтимоий таъминоти ва рағбатлантиришда асқотмоқда. Вилоят ирригация тизимлари ҳавза бош­қармаси ҳовлисида ташкил қилинган мўъжазгина иссиқхона ҳам мутахассис ва ходимлар учун айни муддао бўлди.

— Иссиқхонамизда парвариш қилиниб, етиштирилаётган сабзавот ва кўкат маҳсулотлари ишчи ва ходимларимиз учун эрта кўкламнинг «илик узилди» маҳалида дармон-дори бўлиши, шубҳасиз, — дейди бошқарма мутахассиси Даврон Кенжаев. — Бундан ташқари, иссиқхонамизда парвариш қилинаётган лимон кўчатлари ҳадемай мўл ҳосил бериб, ходимларимиз дастурхонларига кўрк бағишлайди.

Қиш фаслини — иш фасли  билган Қашқадарё вилояти ирригаторлари ҳам юртимизнинг бошқа жойларида бўлгани каби жорий йилдаги деҳ­қончиликда эришиладиган ютуқлар учун замин ҳозирлашмоқда. Ариқ ва зовурлар лойқадан тозаланиб, шўрланган ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланмоқда, янги-янги коллекторлар қурилмоқда. Косон туманининг Қўнғиртоғ этакларида янгидан «Некўз-Узунқудуқ-Ушоқтепа» зовурини қуриш ва қайта қуриш лойиҳасидан ҳам ана шундай мақсад кўзланган. Лойиҳа амалга ошиши билан мазкур ҳудуддаги суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланиб, тупроқ унумдорлиги кўтарилади. Лойи­ҳада белгиланган пудрат ишларини «Косондавсувмахсуспудрат» давлат унитар корхонаси жамоаси бажараяпти.

Вилоятнинг Яккабоғ тумани тоғли ҳудудларида жорий йилда янги сув омбори қурилиши режалаштирилган. Бу янгиликдан туманнинг Ҳисор ҳудудидаги Чуброн, Ажрим, Уйғур, Бешқўтон, Лангар ва Наврўз қишлоқларида умргузаронлик қилаётган юртдошларимизнинг қувончи чексиз. Негаки, лойиҳа амалга ошса, ҳудуднинг қақраб ётган минглаб гектар майдонларида зироатчилик билан шуғулланиш имкони туғилади.

Биз ушбу қурилиш ҳақида мазкур лойиҳанинг бош пудратчиси «Яккабоғдавсувмахсуспудрат» давлат унитар корхонаси раҳбари Исомиддин Ҳамроев билан суҳбатлашдик. Қурилиш лойиҳасини мутахассислар билан кўздан кечириб, галдаги режаларни муҳокама қилаётган корхона раҳбари қуйидаги маълумот ва мулоҳазалари асосида биз билан ўртоқлашди:

— Қурилишнинг номи «Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги Гулдара дарёсида сел сув омбори қурилиши» деб номланади. Иншоотнинг қуввати 3 миллион куб метр сувни йиғиб туришга мўлжалланган. Сув омбори ишга тушгандан сўнг ҳудуддаги 3 минг гектардан зиёд майдоннинг сув билан таъминланиши яхшиланади. Ушбу лойиҳамизнинг тендер нархи ўн тўрт миллиард бир юз олтмиш тўрт миллион уч юз минг сўмни ташкил қилади.

Ўтган 2011 йилда лойиҳа қиймати доирасида 376 276,5 куб метр тупроқ ишлари, 2 756 куб метр бетон ва темир бетон ишлари, «26,90 ТН» металл конструкция ишларини амалга оширдик. Қурилиш-монтаж ишларини бажаришга 9 дона самосвал, 5 дона бульдозер, 2 дона автокран, 6 дона эксковатор, 1 дона автогрейдер, 1 дона водовоз, 1 дона каток, 1 дона МТЗ тракторлари жалб қилинган. Иншоотни 2013 йилнинг 20 декабирига қуриб топшириш мўлжалга олинган.

Исомиддин ака билан сув қурилишининг ўзига хос муҳим жиҳатлари хусусида дилдан суҳбатлашдик. Мақоламизни ҳам у кишининг қуйидаги фикр­лари билан якунлашни лозим топдик:

— «Худо берса қулига, чиқариб қўяр йўлига», дейишади кексаларимиз. Ўтган йили сув танқислиги сезилган бўлса, жорий йилда табиат баракасини ёғдирди. Заминимизни қоплаган қор эриб улгурмаяпти, тоғларимизга боқинг... Ишончимиз комил, бу йил дарё­ларимиз тўлиб оқади. Ҳадемай сув омборимиз сувга, хирмонларимиз донга тўлади.

Анвар ҲАҚБЕРДИЕВ.

 

“Адолат” 17 ёшда

Бугун унинг 866-сони чоп этилди

 

Ватанимиз мустақилликка эришганининг бешинчи йилида мамлакатимиз сиёсий майдонида юзага келган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партия­сининг нашри — “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетаси яна бир неча кундан сўнг — яъни, 22 февралда роппа-роса 17 ёшга тўлади. Зеро, 1995 йилнинг 22 февраль куни унинг илк сони босмадан чиққан бўлиб, бугун 866-сони қўлингизда турибди.

17 йилки, “Адолат” мамлакатимизда рўй бераётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий-маърифий ва ҳуқ­у­қий ислоҳотларни изчил ёритиб келмоқда. Мамлакатимизнинг ички ҳамда ташқи сиёсатига оид материаллар газета саҳифаларида мутассил кенг ўрин олмоқда. Хусусан, ҳуқуқий демократик давлат қуришга кўмаклашиш, кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари боришда доимо ҳамкору ҳамроҳ бўлиш, мамлакатни чуқур ислоҳотлар жараёнларида тўла модернизациялаш, қонун устуворлигини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва дунёда “ўзбек модели” деб тан олинган машҳур беш тамойилнинг мазмун-моҳиятини теран очиб беришда партиянинг холис минбарига айланди. Парламент томонидан қабул қилинган қонунлар, Президент фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, қонун чиқарувчи, ижро ва суд ҳокимиятларининг фаолияти, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси олиб бораётган ишлар, қонун ҳужжатларининг шарҳи каби кўпдан-кўп мавзулар аҳамиятини халқимиз онгига етказиш — газетанинг энг асосий вазифаси бўлиб келмоқда.

Ўтган йиллар мобайнида газета саҳифаларида босилган турли мавзулардаги мақолалар фуқароларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини тиклашда, адолатни қарор топтиришда уларга катта мадад бўлмоқда. Муаллифлари ва ўқувчилари — обуначилари сони йил сайин ошиб, рукнлари, мавзулари ва жанрлари доираси кенгаймоқда. Материалларнинг мазмун-мундарижасида, пишиқ-пухта ёзилишида, таҳлилий-танқидий ёндашувида сезиларли ўзгаришлар ясалаётир.

Газета жамоаси ҳали нисбатан ёш бўлса-да, унда ўз ишини малакали эгаллаган, етарли журналистик маҳоратга эга, қалами чарх олган ўнлаб журналист кадрлар ижод қилмоқда. Улар орасида журналистика соҳаси бўйича ўтказилаётган кўрик-танловларда фахрли ўринларга сазовор бўлган профессионал кадрлар, ёзувчилар, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналистлар бор. Газетанинг сифатли дизайни ҳам кенг жамоатчилик томонидан эътироф этилаётгани кишига фахр-ифтихор бағишлайди.

Тўғри, ҳали қилинадиган ишлар, кўтариладиган мавзулар, ёзилажак мақолалар мундарижаси катта. Айниқса, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концеп­циясида белгиланган йўналишлар моҳияти тарғиботини кенг ёйиш — газета ижодий ходимлари олдида турган муҳим масъулиятталаб вазифалар сирасига киради. Биз учун муҳим бўлган миллий давлатчилик ва унинг ижтимоий-сиёсий тизимини яратишнинг, демократик тамойиллар асосига қурилган сиёсий ва иқтисодий тизимни шакллантиришнинг ҳуқуқий пойдеворини белгилаб берган, аҳамияти ва тарихий ролини ҳеч нарса билан ўлчаб ҳам, баҳолаб ҳам бўлмайдиган Асосий Қонунимиз — Конс­титуциямиз тарғиботи ҳамда унинг асносида Эркинлик, Адолатлилик, Бирдамлик қадриятлари ташвиқоти адолатчиларнинг кундалик бош вазифаси бўлиб қолаверади.

Айни кезда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган сиёсий партиялар ўртасида авж олаётган ғоя, мақсад, маслак, мафкура ва позиция йўналишида партиялараро рақобат курашини янада фаол давом эттириш, рўй-бераётган воқеа-ҳодисаларга ўзининг холисона муносабатини билдириш, ютуқ ва камчиликларнинг туб сабабларини ўрганиш, жойларда қонун бузилиши ҳолларига қарши курашиш, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини қонуний ҳимоя қилиш, пировардида, ижтимоий адолатни қарор топтириш — ҳар галгидек газетанинг мақсад-муддаоси бўлиб қолади.

Мухтасаргина айтганда, азиз газетхон, “Адолат” газетаси — 17 ёшга тўлмоқда. Бу тарих олдида томчидек давр. Лекин Сиз бугун унинг мана, 866-сони билан танишиб турибсиз. Тилагимиз, ҳамиша у билан бирга бўлинг. Унга ўзингизга яқин ёки истаган алоқа бўлимларида обуна бўлишингиз мумкин. Нашр кўрсаткичимиз — 100.

“Адолат” ва адолатчилар Сизнинг ишончингизни албатта оқлайди. Газета жамоаси келгусида ҳам унинг саҳифаларида босиладиган ўқишли, мазмундор, долзарб ва таҳлилий материаллари билан ўз ўқувчиларини хушнуд этишга ҳаракат қилади.

==========

Ватан ҳимояси муқаддас бурч

 

Йигитлар тантанали кузатилди

alt

Айни кунларда мамлакатимизда Президентимизнинг жорий йил 12 январда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, белгиланган синов ва танловлардан ўтган йигитларни муддатли ҳарбий хизматга тантанали кузатиш маросимлари давом этмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири Бухоро вилояти мудофаа ишлари бошқармасининг йиғин пунктида бўлиб ўтди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбийлар ва чақирилувчиларнинг оила аъзолари иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимиз мудофаа тизимини янада мус­таҳкамлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани алоҳида таъкидланди. Фахрийлар ва ота-оналар ўз йигитлик бурчини ўташга жўнаб кетаётган ўғлонларга оқ йўл тиладилар.

— Ҳарбий либос кийиб, эл-юрт тинчлиги учун хизмат қилиш шарафига муяссар бўлаётганимдан жуда хурсанд­ман, — дейди чақирилувчи Бобур Каримов. — Ҳарбий хизмат давомида бор куч-ғайрат ва билимимни сафарбар этиб, ота-онам, устозларим, командир ва бошлиқларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қиламан.

Тадбирда янграган истиқлол, Ватан, ёшлик ҳақидаги куй-қўшиқлар маросимга ўзгача шукуҳ ва кўтаринки руҳ бағишлади. 

Э.ЁДГОРОВ,       

ЎзА мухбири.

Суратда: ҳарбий хизматга чақирилувчи Мирсултон Миродов онаси Матлуба Нарзиева билан.

Т.ИСТАТОВ (ЎзА) олган сурат.

Mulohazalar

Mulohazalar: 0 | Sahifa: 0



Mulohaza qoldirish

Ism *:
Kod *:
Фотогалерея
ВИДЕОРОЛИКЛАР

Видеороликлар

"Адолат" газетаси
19-сон19-сон
Ушбу сонда ХДПнинг расмий нашри саналган “Ўзбекистон овози” газетаси номи нотўғри эканлиги ҳақида бир пенсионернинг куюнчаклик билан айтганлари, йўналишсиз таксиларга оид қонун-қоидалар ижроси бўйича партия назорати, ўз мулкининг қонуний эканлигини исботлай олмай, идорама-идора юрган фуқаронинг “Адолат”га мурожаати ҳамда қашқадарёлик айрим туман раисларининг лоқайдлиги ҳақида қизиқарли мақолалар кутмоқда.
Барча сонлар
ПАРТИЯГА АЪЗО БЎЛИШ УЧУН

• 18 ёшга тўлган бўлиш

• Партиянинг Устав ва Дастурини тан олиш

• Партия Дастурида белгиланган тадбирларни амалга оширишда фаол иштирок этиш хоҳиши

• Аъзоликка қабул қилинишни сўраб ариза ёзиш

Ўзбекистон “Адолат” СДПга аъзо бўлиш ихтиёрийдир. Агар сизда бунга хоҳиш бўлса, ўзинингиз яшаётган ҳудуддаги партия Кенгашига мурожаат қилишингиз мумкин.

Партия Кенгаши манзили, ишонч телефонлари, аъзоларни қабул қилишга масъул шахсни топиш ва саволларингиз учун:

+99871 230-56-07

Партия аъзосининг ҳуқуқлари

Партия аъзосининг мажбуриятлари

alt Аризанинг электрон варианти

Анонс

18 май куни соат 14:30 да Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан “Таълим тизимига инновацион технологияларни жалб қилишнинг долзарб жиҳатлари” мавзуида давра суҳбати ўтказилади.

Мурожаат учун телефон:

+99871 2453145

Ижрочи: С.Умаров

+99897 7645659

Боғланиш учун

altМанзил: Тошкент шаҳри,

            Новза кўчаси, 14-уй.


altТелефонлар:


Котибият:
(8 371) 245-70-27

Матбуот хизмати:
(8 371) 230-56-07

SMS-хабар учун:
+99890-977-19-97

altinfo@adolat.uz   

ФИКР-МУЛОҲАЗАЛАРИНГИЗ
karimov
қойил Адолат сўз эркинлигини бўғувчи антидемократик партияга айланмоқдами , айрим тўғри мулоҳазал...
Creative
Nasibasini o`zi tug`ilib o`sgan joyida topayotgan g`isht teruvchidan qo`ymasin, Oilasini boqish ...
Жаҳон сиёсий партияларида
Социал-демократлар етакчиси Бош вазир этиб тайинланди

Руминия социал-демократик партияси раиси ва парламентдаги мухолифат етакчиси Виктор Понта мамлакатнинг янги бош вазири этиб тайинланди ва унга ҳукуматни шакллантириш вазифаси топширилди. Бу воқеа жорий йилнинг февраль ойидан буён аввалги бош вазир лавозимини эгаллаб келаётган Михай-Рэзван Унгуряннинг ўнг-марказ коалицион таркибдаги ҳукуматига нисбатан парламент ишончсизлик вотуми эълон қилганидан сўнг рўй берди.

Бу масалани бош вазирнинг ўзи қўйди, чунки бюджет дефицитини қисқартиришга қаратилган қатъий тежаш чораларини қабул қилишга депутатлар овоз беришдан воз кечишди. Руминия – Европа Иттифоқининг ночорлик бўйича иккинчи мамлакати – ўз молиявий тизимини барқарорлаштириш учун давлат харажатларини қисқартиришга мажбур эди. Бироқ тежаш чоралари, шу жумладан ойлик маошлари ва нафақалар, турли ижтимоий дастурларнинг қисқартилиши шусиз ҳам ўсиб

Тавсия этамиз

... Бугун ўтказилаётган тадбирларнинг барчасини ҳам сифат жиҳатидан талаб даражасида деб айтиш қийин. Баъзи Кенгашлар томонидан уч ой давомида атиги 1-2 маротабадан тадбир ўтказилганлигини қандай изоҳлаш мумкин? Мазкур туман Кенгашларининг раислари қандай қилиб партия етакчиси деган номни кўтариб юрибди экан?...

... Олтинкўл, Пахтаобод ва Хўжаобод туманларида бугунги кунда атиги 4 тадан  бошланғич партия ташкилоти фаолият кўрсатаётгани, албатта, қониқарсиз. Ёки Улуғнор, Хўжаобод туманлари ва Хонобод шаҳар Кенгашлари томонидан 2011 йилда партия сафига янги аъзолар умуман қабул қилинмаганлигини қандай изоҳлаш мумкин?...

... Маҳалла фуқаролар йиғинлари қошида ташкил этилган доимий комиссиялар фаолиятини жонлантириш чораларини кўрмоқ зарур. Сир эмас, айрим маҳалла фуқаролар йиғинларида доимий комиссия аъзолари ҳатто ўз вазифасини ҳам тўла тушуниб етмаган ...

Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати
PRESS-SERVICE.UZ
Ўзбекистон Республикаси Давлат хокимияти портали
GOV.UZ
Олий Мажлис Конунчилик палатаси
PARLIAMENT.GOV.UZ
Олий Мажлис Сенати
SENAT.GOV.UZ

ABDUKAMOL.UZ